“Женоа” ўзбек футболчисини олиш фикридан воз кечмади!

Ўзбекистонлик футболчиларнинг Европа ҳудудидаги мамлакатлар чемпионатларига кўчиб ўтишини ўзбек футболининг ютуғи сифатида баҳолаш мумкин. Айниқса, Элдор Шомуродовнинг А Сериядаги муваффақиятлари ортидан европалик мутахассислар, агентлар ва скаутлар ўзбек футболи тарбияланувчиларига қаратаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Яқинда “Женоа” мутасаддилари “Пахтакор”нинг ёш ҳимоячиси Иброҳимхалил Йўлдошевни трансфер қилаётгани ва футболчимиз генуяликлар билан шартнома имзолаганидан кейин Европадаги жамоалардан бирига ижарага берилиши ҳақида хабарлар тарқатилган эди.

Бироқ, Иброҳимхалил Йўлдошев кутилмаганда Италияга эмас, балки Россия чемпионатига йўл олди. Премьер-лига дебютанти “Нижний Новгород” ўзбекистонлик ҳимоячини ўз таркибига жалб қилди ва ҳамюртимиз Россия чемпионатининг 6-турида дебютини ҳам нишонлаб улгурди.

W4O7W3W3rrlukLb6de5MkMBzV6v81I4XogVDXv77-796x445

Янги жамоасида 6-рақамни олган легионеримиз сафарда “Химки” жамоасига қарши 69 дақиқа давомида тўп тепди.

Трансферларга ихтисослашган transfermarkt порталидаги маълумотларга кўра, россияликлар футболчи учун “Пахтакор”га 250 минг евро миқдорида компенсация тўлаган ва футболчи билан 2023 йилнинг 30 июнигача шартнома имзолади.

Масалани қизиқ томони шундаки, “Женоа” Иброҳимхалил Йўлдошевни трансфер қилишда имтиёз ҳуқуқини ўзида сақлаб қолди. Агар генуяликлар ўзбек футболчисини олганидан кейин бошқа клубга трансфер қиладиган бўлса “Нижний Новгород” жамоаси трансфер суммасидан 10-15 фоиз улуш олиши ҳам белгилаб қўйилган.

Футболчининг трансфери билан шуғулланган “ProSports Management” компанияси мутахассислар 20 ёшли ҳамюртимизга бежизга “Нижний Новгород” жамоасига ўтишни тавсия қилмаган. Александр Кержаков бошқараётган ушбу жамоа “Женоа” услубида – учта марказий ҳимоячи билан ўйнайди. Бу жамоада легионермизнинг вазифаси тўлиқ чап қанотни эгаллаш. Яъни, у ҳимоядан ҳужумгача бўлган масофага масъул.

“Женоа” мутасаддилари Йўлдошевнинг Россия премьер-лигасида тажриба тўплаши, ўйинини кучайтириши, хорижий чемпионатга  мослашиш кўникмасини шакллантириши каби муҳим омилларни инобатга олган ҳолда, воқеалар ривожининг шу тақлид давом этишига розилик билдирди.

Уларнинг бу қарорга келишига А Серия регламентида бир жамоа Европа Иттифоқи паспортига эга бўлмаган уч нафардан ортиқ футболчини рўйхатдан ўтказа олмаслиги сабаб бўлгани таъкидланмоқда.  

Бизнингча ҳам, Иброҳимхалил Йўлдошевнинг бирданига Европага йўл олганидан кўра, аввал ўзини Россия чемпионатида синаб кўргани маъқул. Миллий чемпионатимизнинг ҳозирги савияси Суперлиганинг энг зўр ўйинчисига ҳам кучли бешлик лигаларига бориб, бирданига бирор жамоа асосий таркибида ўйнаб кетадиган футболчиларни тарбиялайдиган даражада эмас.

Ҳатто, Россия премьер-лигасида ҳам қатор кўрсаткичлар бўйича етакчилар қаторида эътироф этилган Элдор Шомуродов ҳам Генуяга кўчиб ўтганидан кейин “Женоа” таркибидан муқим жой олиш учун анчагина тер тўкишига тўғри келганини ҳам кўрдик.

20053569_61_0_818_568_1920x0_80_0_0_60d9d6c08ffea791aec53c2279d21aba

Ҳозир Жозе Моуриньо қўл остида “Рома”да асосий таркибдан жой олишга курашаётган Шомуродов ҳам Иброҳимхалилга Италиядан олдин Россия чемпионатига ўтиб, тажриба оширишни масалаҳат берди.

Энди буёғига кўп нарса  Иброҳимхалил Йўлдошувнинг ўзига боғлиқ бўлади. У ҳам Элдор Шомуродов сингари ўз олдига қўйган мақсади сари тинимсиз интилса ва бу йўлда ҳар қандай машаққатни енгиб ўтса, унга ҳам кучли бешлик чемпионатлари очилиб бораверади.

Россия чемпионатига Шомуродов маслаҳати билан ўтдим!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!