“Женоа”га ғалаба келтирган голли вазиятни Шомуродов яратди!
Италия А Сериясининг 19-турига келиб, “Женоа” хавфли ҳудуддан узоқлашиб олди. Янги йил олдидан охирги ўринга тушиб қолган жамоани қабул қилиб олган Давиде Баллардини секин-аста вазиятни ўнгламоқда.
Генуялик футболчилар янги бош мураббий қўл остида А Серияда учта ғалаба, иккита дуранг ва битта мағлубият қайд этди. Бу ўйинларда 11 очко олинди ва 7 очко бой берилди. Юқори лигада қолиш учун курашаётган жамоа учун яхши кўрсаткич. Умуман олганда эса, “Женоа” қўшимча кўрсаткичларга бўйича ўзидан юқори турган “Удинезе” ва “Специя” билан бир хил очко жамғарган. Учта жамоа ҳисобида 18 тадан очко бор.
Биз учун муҳим жиҳати, “Женоа”нинг муваффақиятларида Элдор Шомуродовнинг ҳиссаси катта бўлмоқда. Янги бош мураббийнинг ҳам ишончини қозона олган ҳамюртимиз “Кальяри”га қарши ўтказилган учрашувда ҳам фаол ўйнади.
Мезбонларга ғалаба келтирган ягона голли вазиятни ҳам айнан ўзбекистонлик легионер яратди. Жарима майдонига тезликда кириб келган Элдор алдамчи ҳаракатлар билан рақиб марказий ҳимоячилари Лука Чеппителли ва Диего Годинни доғда қолдирди ва янги жамоадоши Кевин Стротманга аниқ пас оширди. Нидерландиялик футболчи эса, Маттиа Дестрони қулай позицияга чиқарди. Шу тариқа, “Женоа” ўнинчи дақиқада ҳисобни очишга муваффақ бўлди.
Умуман олганда, “Женоа” ҳужумчилари орасида Элдор Шомуродов ва Маттиа Дестро тандеми энг кучлиси ҳисобланади. Бу икки футболчи бирга ўйнаган вазиятларда жамоа кўп гол урмоқда. Бунда Элдор Шомуродов голли вазиятларни яратмоқда, Дестро эса сўнгги нуқтани қўймоқда.
“Кальяри”га қарши ўйинда ҳамюртимизда ҳам тўп киритиш имконияти бўлди. У рақиб дарвозаси томон уч марта зарба берган бўлса-да, дарвозани ишғол эта олмади. Негадир Элдор гол уришда масаласида оқсамоқда.
Бундан ташқари, Шомуродов учрашув давомида жамоадошларига 23 та узатма берди. Уларнинг 65 фоизи аниқ бўлди. Шунингдек, Элдор яккама-якка курашларда уч марта ғолиб чиқди, бир марта рақибини алдаб ўтди ва бир бор ўткир ҳужум уюштирди.
Шомуродов беллашувнинг 76-дақиқасида ўз ўрнини Марко Пьяццага бўшатиб берди.
Учрашувда футболчиларнинг ўйинини баҳолаб борган Whoscored сайти ҳамюртимизни 6,5 баллга баҳолади.
Бир сўз билан айтганда, Элдор ўзи гол уролмаган бўлса-да, жамоасига қимматли уч очкони келтирган голли вазиятни яратиб бериш орқали муҳим ғалабага муносиб ҳисса қўшди.
А Сериянинг 20-турида “Женоа” лигада қолиш учун курашаётган яна бир жамоа – “Кротоне”га қарши ўйнайди. Бу жамоалар биринчи турда ўзаро беллашган ва генуяликлар ўз майдонида 4:1 ҳисобида зафар қучган эди. Ўшанда Шомуродов ҳали “Женоа” таркибига қўшилмаган эди. Навбатдаги ўйин “Кротоне” майдонида бўлади.
Бўлажак рақиб айни пайтда яққол аутсайдер ҳисобланади. Улар ҳисобида атиги 12 очко бор ва сўнгги ўринда боришмоқда. “Женоа” учун мусобақа жадвалининг қуйи поғоналаридаги жамоаларни енгиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки, тўғридан-тўғри рақобатчи ҳисобланган жамоалар билан ўйин, футбол тили билан айтганда, олти очколик беллашув бўлади.
Фикрлар