Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев Беларусь давлатига ташриф буюурди

Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев Беларусь давлатига ташрифи натижалари бўйича маълум қилди.

Ташриф давомида Вазир Беларусь Республикаси спорт ва туризм вазири Сергей Ковальчук билан икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш бўйича музокаралар ўтказди.

Ўзбек делегацияси томонидан республика спорти ривожланишини акс этган кенг қамровли дастур тайёрланган эди.

Ташрифнинг биринчи куни делегациямиз Беларусь Республикаси спорт ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Вячеслав Дурнов ҳамроҳлигида Беларусь давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига ташриф буюришди. Улар олий таълим муассасаси ўқув базаси, спорт соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш жараёнининг ташкил этилиши билан танишдилар.

Вакилларимиз учун енгил атлетика манежи, сузиш ҳавзаси, тренажёр, батут ва чигал ёзди залларига саёҳат ташкил этилди. Айниқса, анатомия кафедраси, велосипед, конкида учиш ва от спорти кафедраси ҳамда университетнинг кафедралараро ўқув-илмий-тадқиқот лабораториясидаги таълим методикалари ўрганиш учун қизиқ деб топилди.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Маҳмуджон Болтабоев Беларусь давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Сергей Репкин билан академик спортни ривожлантиришнинг турли жиҳатлари ҳақида суҳбатлашди.

Ташриф давомида мезбонлар томонидан спорт тайёргарлиги базалари муҳимлиги таъкидланиб, бадиий гимнастика саройи ва қишки спорт турлари бўйича “Фристайл” мажмуаси бўйлаб саёҳат уюштирилди. Вазир Дилмурод Набиев юртимизда хоккей, фигурали учиш, конкида учишни ривожлантириш мақсадида Тошкент шаҳрида муз саройи ҳамда роликли чанғи учиш трассалари қурилаётгани таъкидлаб ўтди.

Республика давлат олимпия захиралари билим юртида ёш спортчиларни ўқитиш ва тарбиялаш жараёнига боғлиқ жиҳатлар ўрганилди.

Билим юрти директори Александр Дубковский ва унинг ёрдамчилари эришган натижалари билан ўртоқлашишди ҳамда ўсмирларнинг замонавий муаммолари ҳақида сўзлаб беришди.

“Чижовка аренаси”га ҳам Ўзбекистон делегациясида қизиқиш уйғотди.

“Биз шунга ўхшаш иншоотлар қурилиши ва келгуси фойдаланиш амалиётини ўрганмоқдамиз. Беларусдан ўрганишим керак бўлган жиҳатларни борлигини кўриб турибмиз. Бу ерда миллий терма жамоалар аъзоларини тайёрлаш ҳамда аҳолини жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш ишлар яхши йўлга қўйилган. Биз бу ерда Беларусда тўпланган тажриба ҳамда илғор билимларни ўрганиш учун ўзимизнинг мутахассисларимизни юборишга тайёрмиз” – деди Дилмурод Набиев.

Делегация аъзолари шунингдек, от спорт ва йилқичилик бўйича ҳамда “Стайки” ва “Раубичи” қишки спорт турлари бўйича республика олимпия тайёргарлиги марказларига ташриф буюришди.

Беларусь давлати спорт ва туризм вазири Сергей Ковальчук қайд этиб ўтганидек, томонлар яқин кунларда иккитомонлама ҳамкорликнинг батафсил режасини ишлаб чиқадиган ишчи гуруҳ тузишга келишиб олишди.

“Иккала томон ҳам спортчи ва тренерларни тайёрлаш сифатини оширишдан манфаатдор. Ўзбекистон, масалан, бокс, таэквондо, дзюдо, спорт гимнастикаси бўйича кучли ҳисобланади. Биз уларнинг тренерларини ўзимизга таклиф этишимиз ҳам мумкин. Ўз навбатида биз ҳам ўзбек ҳамкасбларимизга белорус спортчилари муваффақият қозонаётган спорт турлари бўйича мутахассислар тайёрлашда ёрдам беришга тайёрмиз. Бундан ташқари биз талабаларни ихтисослашган университетларда биргаликда ўқитиш бўйича келишиб олдик. Фақатгина тафсилотларни аниқлаштириб олиш қолди” – деди Сергей Ковальчук.

 

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!