Жозе Мануэль Гомеш: 4 та гол киритганимизга қарамай, ғалаба қозонмаганимиздан хафаман

 

Осиё Чемпионлар Лигаси “А” гуруҳи 5-турида Ўзбекистон чемпиони – “Локомотив” Саудия Арабистонининг “Ал Тавун” жамоасига қарши баҳс юритди. Голларга бой кечган ўйинда 4:4 ҳисобидаги жанговар дуранг қайд этилди.

Ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида араб жамоаси устози Жозе Мануэль Гомеш  қуйидагича фикр билдириб ўтди:

“Учрашув фантастик руҳда ва шиддат остида кечди. Ҳар икки жамоа вакиллари ҳам ажойиб ўйин намойиш этди. Мураббий сифатида шогирдларим ўйинидан кўнглим тўлди, десам бўлади. Зеро биз жуда кучли жамоага қарши баҳс олиб бордик. 4 та гол китирганимизга қарамай, ғалаба қозонамаганимиздан хафаман.

“Локомотив” майдонида рақиб жамоалар гол киритишга қийналишади. Буни олдинги учрашувларда ҳам кўрдик. “Ал Аҳли” ҳам, “Истиқлол” ҳам бу борада қийинчиликка дуч келишганди. Биз эса нақд 4 бор рақиб дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлдик.

Мен “Ал Тавун”да ишлашни бошлаганимдан буён битта учрашувда бир неча бор 4 тадан гол кирита олдик. Айтмоқчиманки, мен очиқ ва тажовузкор футболни жуда хуш кўраман ва жамоамга шуни сингдиришга уринаман. Йигитлар менинг кўрсатмаларимни бажара олишаётганидан хурсандман”, – деб “Ал-Тавун” устози сўзларидан иқтибос келтиради ЎФФ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!