"Канчельскис? Ҳамма гап шартномада, Тошкентга келишимиз саргузаштларга бой бўлган, нима сабабдан ўзбеклар ютмаслиги керак?!" - Собиқ "спартакчи" билан эксклюзив суҳбат
Sports.uz сайти хорижлик мутахассислар билан эксклюзив суҳбатлар уюштиришда давом этади. Навбатдаги “меҳмонимиз” россиялик Андрей Алексеевич Чернишов!
Ҳа, уни биласиз, эшитгансиз. Собиқ “спартак”чи, ўз пайтида кучли ҳимоячилардан бири бўлган. Россия ёшлар терма жамоасига бош мураббийлик ҳам қилган.
Кўплаб клубларда тўп сурган ва шу билан бирга мураббийлик фаолияти давомида ҳам қатор мамлакатларда ишлаб келяпти. Тақдир тақозоси билан ҳозирда Ҳиндистоннинг “Мохаммедан” клубини бошқаряпти.
- Бир қатор клубларда ўйнагансиз ва айниқса, “Спартак”даги фаолиятингиз орқали яхши биламиз. Айтинг-чи, ҳозир ҳам сизда “қизил-оқ” қони оқяптими?
- Хайрли оқшом! Биласизми, менда турли ранглардаги “қонлар” оқмоқда. “Спартак”нинг қизил-оқ, “Динамо”нинг оқ-ҳаворанг рангдаги қонлари оқяпти. Шунингдек, қора-яшил “қон” ҳам бор бўлиб, бу “Штутгарт” клубининг рамзидаги ранглардан далолат беради. Худди “Спартак”ники каби “Паок” (Салоники)нинг ҳам “қони” оқяпти. Ўзимни футболчи сифатида тўп сурган барча клубларга бағишлайман. Бу жамоаларнинг ҳаммасидан миннатдорман. Айтиш мумкин бўлса, ўша клубларда юрагимнинг бир парчалари қолиб кетган. Ўз навбатида бу жамоалар менга кўп нарса беришган. Таъбир жоиз бўлса, мени бир севгига содиқ инсон деб баҳолаш мумкин бўларди. Чунки футболчилик фаолиятимни “Динамо” (Москва)да бошлаб айнан ўша жамоада тамомлаганман. “Спартак” ҳам менга кўп нарса берган. Унинг таркибида икки бор Россия чемпиони бўлдим, СССР Кубогига эга чиқдим. Хорижда ўзим ўйнаган клублар ҳам менга кўп нарса берган. Ҳозир ҳам ўзим ўйнаган клубларга мухлислик қилишда давом этаман.
- Айтинг-чи, мутахассис сифатида ўзбек футболини ҳам кузатиб борасизми?
- Ростини айтсам, ўзбек футболини кузатмайман. Қолаверса, Россия чемпионатини ҳам доимо кузатиб юриш учун вақт топишим амримаҳол. Нафақат бу, балки Европанинг етакчи чемпионатларини ҳам мунтазам равишда кузатиш учун менга вақт етишмайди. Негаки, мураббий доимо ўз ишини яхши бажаришга, бутун диққат-эътиборини жалб этишга одатланган одам бўлади. Мураббий нафақат ихтиёридаги клуб, балки эртага унга рақиб бўладиган жамоанинг ўйинини ҳам таҳлил қилиб чиқиши керак. Қолаверса, мураббий бугунги машғулот жараёни қандай ўтгани, қайси шогирди ўзида яхши таассурот қолдирди-ю, қайсиниси қаноатлантирмади, шунга диққатини қаратади. Шу боис бундай пайтда у ўша футболчининг ўйинидаги камчиликларни қандай йўл билан бартараф этиш мумкинлиги ҳақида бош қотиришга тушади. Бир сўз билан айтганда, бутун фикр-у зикрим ҳозирда ўзим ишлаётган жамоага қаратилган. Шу сабабдан ҳам кўпинча Европанинг топ-лигаларида бўлиб ўтаётган энг яхши учрашувларни томоша қила олмаётганимдан баъзида афсусланиб кетаман. Нафақат ўзбек, рус, балки итальян чемпионати доирасидаги ўйинлар эътиборимдан четда қолиб кетади. Бу гапим шу билан бирга инглиз, испан ва француз биринчиликларига ҳам бирдек тааллуқлидир. Асосий эътиборим ўзим ишлаётган жамоа ва унинг биринчиликдаги бошқа рақибларига қаратилган.
- Сизнингча, ҳамюртимиз Остон Ўрунов нима сабабдан “Спартак” таркибидан жой ололмади?
- Остон Ўруновнинг “Спартак”да нима сабабдан ўйнаб кета олмагани ҳақида гапириш мен учун жуда қийин. Негаки, юқорида асосий эътиборим бошқарувимдаги клуб ва у иштирок этаётган чемпионатга қаратилганини таъкидлаб ўтдим. Бу саволни яхшиси, клуб раҳбариятидан сўраганингиз маъқулроқ, назаримда. Устига-устак бу футболчини яхши билмаганим учун ҳам у ҳақда бирор нарса дейишим қийин. Фақат Остон Ўруновнинг исм-шарифи ва “Спартак”ка келгани-ю, бошланғич таркибдан жой олиш учун кечган курашда рақобатчиларига ютқазганини ҳамда эндиликда фаолиятини ўзга жамоада давом эттираётганини биламан холос. Мен унинг “Спартак” таркибига келиб қўшилганини ва трансфер учун қанча пул сарфланганидан хабардорман. Агар футболчининг трансфери учун яхшигина сумма тўланар экан, ўз-ўзидан унга бўлган қизиқиш ортади. Афтидан, ҳар қандай футболчида кузатилгани каби Ўрунов ҳам янги клубга кўчиб ўтганидан сўнг, унга кўникиш ва ташқи босимга дош беришда муайян қийинчиликларга дуч келган бўлса керак. Чунки ўйинчи ўзи яхши биладиган чемпионатдаги бошқа клубга йўл олган тақдирда ҳам кўникма ҳосил қилишда қийинчиликларга дуч келади. Бу табиий ҳол. Агар футболчи бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга кўчиб ўтгудек бўлса, янги шарт-шароит, янги клуб ва шериклар ҳамда мураббийнинг иш услубига кўникиш чоғида катта қийинчиликларга дуч келиши тайин. Бундай пайтда унинг муаммолари икки ҳисса ортиб кетади. Яна такрорлайман: бу саволни клуб раҳбариятида ишлаётган одамлар ёки мураббийлар штаби аъзоларидан бирига йўналтирсангиз яхшироқ бўларди.
- Россия премьер-лигасида ўйнаган ўзбек футболчилари орасида сиз учун энг кучлиси ким?
- Бу саволингизга ҳеч ўйланиб ўтирмасдан жавоб беришим аниқ. Шундай ижрочи ўзбек футболининг ёрқин юлдузларидан бири сифатида тилга олинадиган Миржалол Қосимовдир! У ўта иқтидорли бўлиб, Владикавказнинг “Алания” клуби таркибида Россия чемпионатини ютишга эришган. Шунингдек, Қосимов ўз вақтида собиқ Иттифоқ ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида жаҳон миқёсидаги мусобақаларда катта ғалабаларга эриша олган. Бундан ташқари, Миржалол ўзбек чемпионатида ҳам қатор соврин ва унвонларга эга чиққан. Айтиш керакки, Қосимов Осиё ўйинлари мусобақасида ҳам миллий терма таркибида шоҳсупага кўтарила олган. Бир сўз билан айтганда, Миржалол биринчи рақамли футболчи мақомига ҳар томонлама мос тушган. Тўғри, Шомуродов айни пайтда Италиянинг “Рома” клуби аъзоси ҳисобланади. У Римга келишдан олдин А серияни “Женоа”даги ўйинлари орқали ўзи учун кашф этди. Бундан олдин эса Элдор “Ростов”да яхши тўп сурган ҳолда итальянларнинг эътиборини қозона олганди. Унинг иқтидори ҳақида ҳамма гапиряпти. Бугунги кунда ўзбекистонлик футболчилар орасида айнан Шомуродов энг таниқлиси ҳисобланади.
- Сизнинг хотираларингизда ўзбек футболи билан боғлиқ воқеалар ҳам учраганми?
- Ўзбекистон билан боғлиқ хотиралар бор, албатта. Бу собиқ Иттифоқ парчаланмасидан олдин ўтказилган чемпионат чоғида юз берган. Ўшанда 1991 йили “Спартак” таркибида Тошкентнинг “Пахтакор” клуби билан куч синашиш учун юртингизга келгандик. Ўша келишимиз кичик саргузаштларга бой бўлган. Аввалига маъмуримиз ўзимиз жойлашишимиз керак бўлган меҳмонхонани адаштириб юборганди. Энг қизиғи, меҳмонхона маъмури ҳам ўшанда ухлаб ётган бўлиб, уйғонганида жой бир неча соатдан сўнг, бўшаши мумкинлигини айтганди. Қисқаси, Тошкентда икки кун бўлганмиз. Ўшанда бир-биридан мазали бўлган миллий таомларингизни тановул қилганмиз, ширин қовун еганмиз. Ўзбекистонга қилган сафаримиздан менда ўша пайтда илиқ таассуротлар қолган.
- Ўзбекистон терма жамоаси иштирокидаги ўйинлар ҳақида сўрамоқчиман. Сизнингча, нима сабабдан бизникилар "ЖЧ-2022" саралаш баҳсларини барвақт якунлаб, шарманда бўлишди?
- Ростини айтсам, "ЖЧ-2022" саралаш доирасидаги беллашувларда Ўзбекистон терма жамоасининг қандай иштирок этганини кузатмадим. Қатарда бўлиб ўтадиган мундиал учун кечаётган курашларни томоша қилиш менга ёқади, албатта. Бироқ мен кўпроқ Европадаги кучли термаларнинг ўйинларини кузатишга одатланганман. Ўзбекистон терма жамоасига келсак, доим сизларда мундиал йўлланмаси вазифасини ижобий ҳал эта оладиган футболчилар бор, деб ўйлаб келганман. Лекин бахтга қарши шу пайтгача терма жамоангизга ҳар тўрт йилликнинг катта воқеаси саналадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш насиб қилмасдан келмоқда. Энг қизиғи, даража борасида Ўзбекистон термасидан ҳам пастда турадиган баъзи мамлакатлар вакилларига бундай улкан байрамда иштирок этиш насиб этгани менга ғалати туюлади. Термангизга эса доим нимадир етишмай қолади. Бунинг сабаби қандай омилларга бориб тақалишини ҳеч билмайман. Афтидан, бу каби саволнинг ечими билан ЎФА раҳбарияти шуғуллангани маъқул. Чамамда, муаммоларнинг бир учи тайёргарлик жараёнига ва билвосита футболчиларнинг ўзларига бориб тақаляпти. Назаримда, улар худди тўп сураётган клубларидаги сингари терма жамоада жонларини жабборга бергудек ўйнашмаётгани учун ҳам шу ҳол давом этиб келяпти. Яна такрорлайман: Ўзбекистон терма жамоасиниг потенциали жаҳон чемпионатига бориш имконини бера олади.
- Ўзбек мураббийлари орасида дўстларингиз ҳам борми?
- Йўқ, ўзбек футболи мураббийлари орасида танишим ёки ўртоғим бор, дея олмайман. Чунки мураббий сифатида ҳам ўзбек ҳамкасбларимдан бири билан йўлим сира кесишмади.
- Осиё футболи ҳақида яхши билимга эгасиз. Сизнингча, ўзбек жамоаларидан бирига Осиё Чемпионлар лигасини ютиш насиб қилармикин?
- Очиғини айтадиган бўлсам, мазкур турнирни жуда кам кузатаман. Юқорида айтиб ўтганимдек, футболда иложсиз ишнинг ўзи йўқ. Ўзбек ўйинчилари эса маҳорат бобида бошқалардан қолишмайди. Ким билсин, балки астойдил ҳааркат қилишса, эҳтимол клубларингиздан бирига ОЧЛни ютиш насиб этиб қолар...Бунинг учун эса йигитларни ва жамоани ўйинларга тўғри тайёрлаш керак бўлади. Нега бундай бўлмасин, деган саволни клуб мураббийлари ва ўйинчилари ўзларига бериб ишлашса, ҳаммасининг иложи топилса керак. Бу турнирни эронликлар, саудияликлар ва хитойликлар ютган экан, нима сабабдан ўзбеклар ютмаслиги керак?! Фақат бунинг учун ишга бўлган ёндашувни кескин ўзгартириш ва клубни мазкур турнирга тўғри тайёрлаш талаб қилинади.
- Канчельскис билан боғлиқ муаммоли ишдан хабардор бўлсангиз керак. У “Навбаҳор”да ишлаб мақтанишга арзигулик натижа қайд эта олмаган бўлса ҳам жамоа раҳбариятидан катта пул талаб қиляпти. Бу масалада нима деган бўлардингиз?
- Андрей Канчельскисга келсам, уни жуда яхши биламан. Чунки ўз вақтида Андрей билан “Спартак”да, турли ёшлардан иборат терма жамоаларда елкама-елка тўп сурганман. Кейинчалик Канчельскис бошқа клубларга кўчиб ўтганидан сўнг ҳам ўртадаги алоқани сақлаб қолганман. Масалан, “Манчестер Юнайтед”да ўйнаб юрган кезларида тез-тез қўнғироқлашиб турардим. Москвага келган пайтимизда учрашиб қоладиган бўлсак, вақт топиб бафуржа гаплашиб олишни йўлга қўйганмиз. Аммо унинг “Навбаҳор” раҳбариятидан катта миқдорда пул талаб қилаётгани билан боғлиқ мавзу борасида бир нарса дейишим қийин. Агар томонлар ўзаро шартнома имзолаш чоғида ундаги бандлардан бирига шу ҳақдаги қайдни киритган бўлсалар, ўз-ўзидан Канчельскис ҳақ бўлиб чиқади. Агар мураббий билан раҳбарлар ўртасида меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда қанча миқдорда товон пули тўланиши кераклиги келишиб олинган бўлса, бу шарт бажарилиши даркор. Агар раҳбарият шартнома имзолаш чоғида клуб бирор-бир юқори натижа кўрсата олмайдиган бўлса, мураббий билан келишув товон пули тўлашсиз бекор қилиниши илова этилган тақдирда жамоа мутасаддилари ҳақ бўлиб чиқишади. Ҳамма гап шартномада мана шундай бандлар бор ёки йўқлигида. Аввал бошидан шундай банд шартномага киритилган бўлса, у ҳолда мураббийнинг талаби ўринли бўлади. Жамоа мутасаддилари ҳам мураббий ёки футболчилар билан битим имзолаш чоғида мана шундай бандларга алоҳида эътибор қаратишса керак. Агар мураббий асоссиз равишда ишдан четлатилганидан норози бўлиб, шартномадаги бандлардан бирида кўрсатилган товон пулини талаб қилаётган экан, у ҳолда ҳақ бўлиб чиқади. Бир сўз билан айтганда, бу масалада шартномадаги товон пули билан боғлиқ банд кўриб чиқилса муаммога барҳам бериш мумкин.
- Европанинг топ-5 лигаларида рус футболчилари бармоқ билан санарли даражада. Бунинг сабаби РПЛда футболчиларга яхши ҳақ тўлашаётгани билан боғлиқми?
- Саволингиз ўринли ва унинг иккинчи қисмидаги гапларингизда жон бор. Чиндан ҳам рус премьер-лигасида футболчиларга яхши ҳақ тўланаётгани боис улар топ-5 чемпионатларига ошиқмай қўйганлар. Чунки ўзи туғилиб ўсган маҳаллий чемпионатда ўйнаётган футболчи учун хорижга жўнаб кетиш катта ва қўшимча муамоларни келтириб чиқаради. Боиси, янги мамлакатга кўникиш, тил билан боғлиқ муаммолар, кундалик ҳаётдаги ўзгаришлар футболчига қаттиқ таъсир ўтказмасдан қолмайди. Шундай экан, россиялик ўйинчилар иссиқ жойини ташлаб хорижга жўнаб кетишни хоҳламасдан қолганлар. Ўзингиз ҳам айтиб ўтганингиздек, РПЛда яхши ҳақ тўлашади.
- Ўзбекистон чемпионатида иш таклиф қилишса розилик берасизми?
- Агар яхши ва жиддий таклиф келиб тушадиган бўлса, нима учун Ўзбекистон чемпионатида ўзимни синаб кўрмаслигим керак?! Қолаверса, юртингиз ҳақида менинг хотирамда жуда ижобий ва илиқ воқеалар сақланиб қолган. Яна шуни айтишим керакки, рафиқам Ўзбекистонда туғилган. У беш ёшга тўлгунча ўша ерда яшаган. Кўриб турганингиздек, оиламизда Ўзбекистон билан алоқадор бўлган жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Агар жиддий таклиф бўлса, буни кўриб чиқишга тайёрман.
- Валерий Карпиннинг Россия терма жамоаси бош мураббий этиб тайинланиши РФИ томонидан қабул қилинган тўғри қарорми?
- Россия терма жамоасига кимни бош мураббий этиб тайинлаш ҳақида гап-сўзлар бошланган чоғидаёқ номзодлар орасида Карпин ҳам борлиги мени қувонтирганди. Унинг бундай масъулиятли вазифага тайинланганидан хурсандман. Биласизми, терма жамоани бошқариш учун номзодлар рўйхати билан танишганимда хорижликлар билан бирга ўзимизнинг Семак, Слуцкий ва Карпин борлигидан суюнганман. Гап шундаки, хорижлик мутахассис чет элдаги терма жамоани қабул қилар экан, биринчи навбатда у билан жиддий вазифаларни бажариш ўрнига моддий томондан аҳволини ўнглаб олишга урғу беради. Валерий Карпин ва унинг атрофидаги кишилар терма жамоани янги даражага кўтара олишларига ишонаман. Улар биргаликда Россия термасини жаҳон чемпионатига олиб чиқа оладилар. Карпин қўл остидаги футболчиларни қандай руҳлантиришни билади. Ундаги шу жиҳат термани бошқаришда қўл келиши аниқ.
- Ўзбекистон терма жамоасини бошқариш учун Катанец танлаб олинди. Айтинг-чи, у термамизни бошқариш учун тўғри танловми?
- Сречко Катанец мураббийлик фаолиятини жуда яхши бошлаган. Словения терма жамоаси билан катта мусобақаларда иштирок этган. Камтарона Словения термасининг катта турнирларга келиши ҳамма учун ёқимли сюрприз бўлганди. Ўшандаёқ ҳамма жуда иқтидорли мураббий пайдо бўлгани ҳақида гапиришга тушганди. Бироқ кейинчалик Катанецнинг фаолиятида ҳам пасайишлар кузатилди. Айниқса, клуб миқёсидаги ишларида. Кейин у яна Словения терма жамоасига қайтди. Бироқ бу қайтиш ҳам омадли бўлди, дейиш қийин. Унинг охирги иш жойи Ироқ терма жамоасини бошқариш бўлганидан хабарим бор. У ерда ҳам Катанецнинг омади чопгани йўқ. Эҳтимол, Ўзбекистон терма жамоаси билан ишлаш орқали Сречко бир пайтлардагидек ҳаммани ўзи ҳақида гапиришга мажбур эта олар. Буни эса вақт кўрсатади. Баъзида мураббий ўз жамоасини узоқ қидиради ва ниҳоят топади ҳам. Балки Катанец учун Ўзбекистон мана шундай жамоага айланар. Унга ва терма жамоангизга омад ёр бўлиши тилаб қоламан.
- Анча тажрибали мураббий бўлсангиз ҳам нима сабабдан рус клубларидан бирида ишламай, даражаси анча паст бўлган чемпионатда юрибсиз...
- Биласизми, ўзимизнинг клублардан яхши таклифлар келиб тушмагани учун ҳам ҳозир ҳинд чемпионатида ишлаяпман. Иш билан боғлиқ жараёнда анча мамлакатларда бўлдим. Бу ўзимга ҳам ёқяпти. Агар Россия премьер-лигасидан яхши таклифлар келиб тушадиган бўлса, уларни албатта кўриб чиқишим тайин.
Фикрлар
илтимос хурматли журналистлар, савол бераётганда бирозгина булса ҳам уйлаб фикир қилиб берингизлар.