Легионеримизга “Манчестер Юнайтед”да порлаган юлдуз йўл кўрсатди!
Собиқ иттифоқ ҳудудидан Европа чемпионатларига йўл олиб, ўзини кўрсата олган ўйинчилар унчалик кўп эмас. Бироқ, катта умидлар билан кучли бешлик чемпионатларига бориб, номини тарихга муҳрлаган ўйинчилар ҳам бўлган.
Ана шундай футболчилардан бири Андрей Канчельскис эди. У россиялик футболчилар орасида Европада катта ютуқларини қўлга кирита олган кам сонли ўйинчилардан. Ярим ҳимоячи сифатида тўп тепган Канчельскис 1991-1995 йиллар давомида “Манчестер Юнайтед” жамоасида тўп тепиб, икки карра Англия чемпиони, Англия кубоги, Футбол лигаси кубоги, Англия Суперкубоги ва халқаро майдонда Европа Суперкубогига сазовор бўлган.
Англияда “Манчестер Сити”, “Эвертон” ва “Саутгемптон”, шунингдек, Италияда “Фиорентина” жамоаларида тўп тепган.
“Глазго Рейнжерс” сафида икки бор Шотландия чемпиони, уч марта мамлакат кубоги ва икки марта Лига кубогида зафар қучган.
Андрей Канчельскис ўзбек футболига бегона эмас. У 2018-2020 йиллар давомида ўртада қисқа танаффус билан “Навбаҳор” бош мураббийи сифатида ишлаган. Ўзбекистон футболи ва ўзбек футболчиларини яхши билади. Шубоис, россиялик журналистлар ўзбек футболчилари ҳақида гап кетганида, албатта, Канчельскис фикрини сўрайди.
Бу гал metaratings.ru сайти журналистлари яқинда “Пахтакор”дан ЦСКА клубига кўчиб ўтган 19 ёшли ҳужумкор футболчи Аббосбек Файзуллаевнинг трансферига Андрей Канчельскисдан мутахассис сифатида муносабатни сўради.
- Мен Аббосбек Файзуллаевни яхши биламан. Биз аввал у ҳақида гаплашган ва унга эътибор қаратган эдик. Келинг, у ЦСКАга қанчалик мослашиб олишини кузатайлик. Ҳар ҳолда, унинг учун Россияда ҳаёт тарзи ва ҳамма нарса бошқача.
Ўзим кўрганларимга таяниб, шуни айта оламанки, Аббосбек ўта иқтидорли ва салоҳияти катта футболчи. Лекин Москва бу бошқа шаҳар, кўпчилик бу ерда ёшаб кета олмайди.
Бу каби футболчиларни Жанубий Корея, Япония каби Осиё мамлакатлари ўзига кўпроқ тортади, Европа футболи эмас. Буни Остон Ўрунов мисолида кўришимиз мумкин. Ўрунов яхши ўйнарди, лекин охир-оқибат ҳеч нарса ўхшамади. Лекин нега бундай бўлгани ҳамон тушунарсиз.
Менинг назаримда Ўрунов жуда яхши футболчи. Элдор Шомуродовда эса, “Ростов”да барчаси зўр бўлди.
Ҳаммаси футболчига, унинг характерига ва мақсад сари интилишига боғлиқ.
Аббосбек Файзуллаевда ҳам ҳаммаси яхши бўлишини Худодан сўрайман. Лекин футболда ҳар нима бўлиши мумкин. Кўп нарса жамоага, мамлакатга ва менталитетга боғлиқ бўлади.
Энг асосийси, Аббосбек ЦСКАнинг чемпионликка эришиши йўлида жамоанинг ҳаракатларига кўмаклашиши керак.
Ҳа, бу трансфернинг ўзига яраша плюс томонлари ҳам бор. Аббосбек русчани яхши биладиган футболчи, тил борасида унда ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди. Яна қайтараман, энг асосийси – бу бошқача ҳаёт тарзи. Қўшимчасига, Москва жуда хавфли шаҳар, одамни ўзгартириб юборади.
Файзуллаев бўладиган йигит ва буларнинг ҳаммасини тушуниб турибди, деб ўйлайман. Ҳаммаси яхши бўлишига умид қиламиз.
Қолаверса, ўзбекларда хорижга чиқаётган ўйинчилар унчалик кўп эмас ва шунинг учун ҳам уларда ўзини кўрсатиш иштиёқи баланд бўлади. Агар Аббосбек ўз салоҳияти ва маҳоратини намойиш қила олса, ўзбекистонлик футболчиларга ҳам кўпроқ эътибор қаратиларди. Бу жуда муҳим палла.
Аббосбек Файзуллаев ўз хулқи ва ўйини орқали бошқа футболчиларга ҳам йўл очиб бериши керак, - деди Андрей Канчельскис.
Таъкидлаш жоизки, ЦСКА клуби Аббосбек Файзуллаев билан 3+1 кўринишида шартномага имзо чекди. Футболчимиз москваликлар сафида 21-рақамда ўйнайди.
Шомуродов “Рома”га қайтиши учун Моуриньо қандай шарт қўйган?
Легионеримиз ўзига жой танлади!
Шомуродов: Мессига ҳеч қандай алоқам йўқ! (фото)
Шомуродов ўрнига “Манчестер Юнайтед”да ўйнаган ҳужумчи келади
Шомуродов Европани забт этишга йўл олган ўзбек футболчисига катта баҳо берди
Бу ерда Шомуродов ҳақида яхши гаплар бўляпти
Фикрлар