Легионеримизга янги жамоа топилди!

БАТЭ футболчиси ҳисобланган Шаҳбоз Умаров фаолиятини Қозоғистон премьер-лигасида давом эттирадиган бўляпти.

Маълумки, Беларуснинг энг қудратли клубларидан ҳисобланган БАТЭнинг асосий активи бўлган Шаҳбоз Умаров бош мураббий Александр Михайлов билан юзага келган можароли вазиятдан кейин янги мавсумда бирор марта ҳам қайдномага киритилмади.

179956_680

Қарийб ярим йилдан кўпроқ вақт мобайнида ўйин амалиётисиз қолиб кетаётган легионеримиз ва унинг агентлари бошқа жамоа танлашига тўғри келмоқда.

Қолаверса, БАТЭ клуби раҳбарияти ҳам ўйинчига қуруқ маош тўлашдан кўра уни бошқа жамоага сотиб юбориш ёки ижарага беришни маъқул топди.

Шаҳбоз Умаровга асосий харидорлар Қозоғистон премьер-лигасидан чиқмоқда. Дастлаб, “Актобе” ўзбек футболчисини сўраб, беларусликларга мурожаат қилганди. Бироқ, ўйинчининг вакиллари ва БАТЭ клуби талаб қилган маблағ миқдори қозоқ клубини қониқтирмади.

Шунга қарамай, Шаҳбоз Умаров Қозоғистон премьер-лигасига келадиган бўляпти. Сўнгги маълумотларга қараганда, “Ордабаси” клуби легионеримизни ўз сафига қўшиб олиш учун талаб қилинаётган тўловларни тўлашга  розилик берган.

Бу жамоани беларуслик мураббий Александр Седнев бошқариб бормоқда. “Ордабаси” бу мавсум юқори  ўринлар учун курашмоқда ва жамоа олдига Европа миқёсидаги мусабақаларга йўлланма олиш вазифаси қўйилган.

“Ордабаси” ҳамюртимизни йил охиригача ижарага олган. Умаровнинг БАТЭ билан шартномаси 31 декабрь куни якунланади. Шундан сўнг, футболчимиз ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш имконига эга бўлади.

23 ёшли легионеримиз ҳужум маркази ва ҳар икки қанотда самарали ўйнай олади.

“Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланган Шаҳбоз Умаров 2020 йилнинг бошида илк бор легионер мақомини олди. У хориждаги фаолиятини “Энергетик-БГУ” жамоасида бошлади. Дебют мавсумида чемпионатнинг барча 30 та учрашувида қатнашиб, учта гол ва тўртта ассист қайд этган ҳамюртимизни БАТЭ ўз сафига қўшиб олган эди. Шаҳбоз Умаров ўтган мавсумда жамоасининг ҳақиқий етакчиси бўлганди. У чемпионатда 27 марта майдонга тушиб, олтита гол ва саккизта ассист қайд этган.

Шаҳбоз Умаровнинг янги жамоаси сифатида эътироф этилаётган “Ордабаси” клубида истеъдодли ҳимоячимиз Одилбек Абдумажитов ҳам тўп тепмоқда. Шу кунга қадар Одилбек 12 марта ўйин ўтказиб, ўз ҳисобига битта гол ёздириб қўйди.

Шунингдек, Қозоғистон премьер-лигасида яна икки ҳамюртимиз – Игорь Сергеев ва Жасур Жалолиддинов ҳам бор.

Игорь Сергеев ўтган мавсумда “Тобол” сафида Қозоғистон чемпиони бўлди. Бу галги чемпионатда тажрибали ҳужумчимиз 15 та учрашувда олтита гол билан жамоаси тўпурарига айланган.

697546_680

Жасур Жалолиддинов эса “Қайрат” клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. У жами еттита ўйинда майдонга тушиб, ҳали ўзини кўрсата олгани йўқ. Истеъдодли ярим ҳимоячимиз жамоасини ўзгартириши кутилмоқда.

Демак, Шаҳбоз Умаров фаолиятига доир янгиликларни кузатишда давом этамиз.

Легионеримизни тўхтатиб бўлмаяпти. У яна гол уриб, жамоасини қутқарди

Ана холос! Легионеримизнинг трансфери барбод бўлди!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!