Легионеримизни тўхтатиб бўлмаяпти. У яна гол уриб, жамоасини қутқарди
Беларусь олий лигасининг 13-турида мусобақа жадвалида дастлабки поғонани эгаллаб турган икки жамоа ўзаро тўқнаш келди.
Борисовда бўлган турнинг марказий учрашувида 27 очко билан биринчи ўринда бораётган БАТЭ ўзидан бир очко кам жамғарган “Энергетик-БГУ” футболчиларини қабул қилди.
Аслида бу баҳс биз учун Беларусдаги “ўзбек дербиси” мақомини олиши керак эди. Бироқ, БАТЖ бош мураббийи Александр Михайлов ўзига қарши бош кўтарган ҳамюртимиз Шаҳбоз Умаровни умуман қайдномага ҳам киритмаётгани боис, ўзбекистонлик футбол мухлислари тўрт нафар ҳамюртимиз тўп тепаётган "Энергетик-БГУ"га тарафкашлик қилгани сир эмас.
Шу куни майдонда ҳаракат қилган ҳар икки жамоа учун ўта муҳим аҳамият касб этган ушбу баҳс мезбонлар учун омадли бошланди ва борисовликлар иккинчи дақиқадаёқ ярим ҳимоячи Станислав Драгуннинг аниқ зарбаси эвазига ҳисобни очди.
Беллашувнинг қолган вақти ҳам кескин ва муросасиз курашлар остида кечди. Бу мавсумда “Энергетик-БГУ” ҳар қандай жамоага қарши кучли ўйин кўрасата олишини яна бир карра намоён қилди. Айниқса, минсклик “талабалар”нинг муваффақиятида ҳимоячи Абдулқодир Ҳусанов, ярим ҳимоячи Шоҳруҳбек Абдураҳмонов ва ҳужумчи Бобур Абдухолиқовнинг ҳиссаси катта бўлаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Чемпионат етакчига қарши учрашувда ҳам “Энергетик-БГУ”ни Бобур Абдухолиқов мағлубиятдан қутқариб қолди.
БАТЭ футболчилари иккинчи бўлим ўрталарида ўз жарима майдончаси ичида ўйин қоидасини бузди. Ҳакам пенальтини белгилади. 11 метрлик белгидан Бобур Абдухолиқов зарба йўллади. Бироқ, рақиб дарвозабони Андрей Кудравец зарбани бартараф этди. Дарвозабондан қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган, Бобур Абдухолиқов чаққонлик қилиб, рақиб дарвозасини ишғол қилишни уддалади.
Чемпионат пешқадамларининг қизғин курашлар остида ўтган учрашуви 1:1 ҳисобида дуранг натижа билан якунланди.
Биз учун қувонарлиси шундаки, Бобур Абдухолиқов олий лигадаги голли сериясини узлуксиз давом эттирмоқда. Қашқадарёлик футболчи кетма-кет олтита учрашувда ўз номини таблога ёздириб қўйди.
Бобур умумий ҳисобда 13 та учрашувдан ўнтасида рақиблар дарвозасига йўл топа олгани қувонарли. Ҳозиргача бўлган беллашувларда фақатгина уч жамоа – “Слуцк”, “Ислочь” ва “Шахтёр-Солигорск” ўзбекистонлик ҳужумчининг гол уришига имкон бермади.
Шу кунга қадар 14 та тўп киритган легионеримиз битта хет-трик, иккита дубль қайд этди ва яна олтита ўйинда биттадан гол муаллифи бўлди. Бундан ташқари, Абдухолиқов тўртта ассистни ҳам амалга оширган ҳолда, гол+пас тизими бўйича 18 балл билан чемпионатнинг энг фойдали ўйинчиси бўлиб турибди.
Шунингдек, Бобур Абдухолиқов чемпионат тўпурари пойгасида катта фарқ билан пешқадамлик қилмоқда. У энг яқин таъқибчиси – “Минск” ҳужумчиси Владимир Хвашинскийни еттита тўпга ортда қолдирмоқда.
Очколари сонини 27 тага етказиб, иккинчи ўриндаги позициясини сақлаб турган “Энергетик-БГУ” навбатдаги тур учрашувини 8 июль куни ўз майдонида “Гомель” футболчиларига қарши ўтказиши белгиланган.
Фикрлар