Легионеримизнинг суперголи фойдасиз кетди
Қозоғистон Премьер-лигаси учинчи турининг марказий учрашувида чемпионлик учун курашаётган икки жамоа – “Ордабаси” ва “Қайрат” ўзаро тўқнашди.
Бу учрашув қўшни мамлакат чемпионатини кузатиб бораётган ўзбекистонлик футбол ишқибозоарининг алоҳида қизиқишига сабаб бўлди. Чунки Премьер-лигада ўзбек дербиси кузатилди.
Амалдаги чемпион – “Ордабаси” шарафини ҳимоя қилаётган икки легионеримиз – Жасур Яхшибоев ва Шаҳбоз Умаров ҳам, “Қайрат”нинг асосий фигураларидан бирига айланиб бораётган Иброҳимхалил Йўлдошев ҳам бошланғич таркибда майдонга тушди.
Ушбу баҳсдан олдин чимкентликларнинг имконияти юқори баҳоланган эди. Бироқ амалда бундай бўлиб чиқмади.
Меҳмонлар дастлабки дақиқалардан ҳужумга зўр берди. Биринчи бўлим охирида Адилет Садибеков бурчакдан узатилган тўпни “Ордабаси” дарвозасига жойлади. Иккинчи бўлим ўрталарида Жоао Пауло узоқ масофадан аниқ зарба билан “Қайрат”нинг иккинчи голини киритишни уддалади.
“Ордабаси” вакиллари рақиб ҳимоясини ёриб ўтишга анча қийналди. Баҳснинг 84-дақиқасида “Қайрат” дарвозаси томон жарима зарбаси белгиланди. Масофа узоқ бўлишига қарамай, Жасурбек Яхшибоев аниқ зарба билан ҳисобдаги фарқни қисқартирди.
Беллашувнинг қолган дақиқаларида чимкентликлар ҳарчанд уринмасин мағлубиятдан қутилиб қололмади – 1:2.
Чемпионатдаги иккинчи голини киритган Жасурбек Яхшибоев ҳам “Қайрат” ҳимоясини мустаҳкам ушлаган Иброҳимхалил Йўлдошев тўлиқ ҳаракат қилди. Жароҳатидан тузалганидан кейин биринчи ўйинини ўтказган Шаҳбоз Умаров эса, 63-дақиқада захирага олинди.
Учинчи турдан кейин “Қайрат” очколари сонини 7 тага етказиб, биринчи ўринда турган “Тобол” жамоасига етиб олди.
Премьер-лигасидаги илк мағлубиятини қабул қилиб олган “Ордабаси” тўрт очко билан бешинчи ўринда қайд этилган.
Қозоғистон Премьер-лигасида тўртинчи тур учрашувлари 6-7 апрель кунлари ўтказилади. “Қайрат” 6 апрелга белшгиланган навбатдаги беллашувда ўз мухлислари кўз ўнгида “Жетису” футболчиларини қабул қилади.
“Ордабаси” эса, 7 апрелда ўзи каби учта ўйинда тўртта очко жамғарган “Турон” жамоаси майдонига сафар уюштиради.
Файзуллаев Квинси Промеснинг ўрнини эгаллаши мумкин
ЦСКА Файзуллаевни Осиё кубогига қўйиб юбормаётганига муносабат билдирилди
Фикрлар