“Манчестер Юнайтед”га бақувват харидор чиқди

Омадсизликлар тўридан чиқиб кетолмаётган “Манчестер Юнайтед” сотиб юборилиши ҳақида маълумотлар чиқа бошлаганидан кейин клубни қўлга киритмоқчи бўлаётган даъвогарлар ҳам кўпайиб қолди.

Манбаларнинг таъкидлашича, Қатар Қироллик оиласига тегишли Qatar Holdings компанияси “Манчестер Юнайтед”ни сотиб олиш учун ҳозирги хўжайинлар – Глейзерлар оиласига 1,5 миллиард фунт тўлашга тайёр эканини билдирган.

Қатарликлар Европа футболига таъсирини кучайтириш мақсадида Англия премьер-лигасининг энг номдор жамоаларидан бўлган “Юнайтед”га сармоя киритмоқчи.

Глейзер оиласи клубни қўлга киритиш учун 2005 йилда 800 миллион фунт сарфлаган. Клуб фанатлари Глейзерлар оиласининг бошқарувидан норози бўлмоқда.

“Манчестер Юнайтед” анчадан бери юқори мақсадлар учун курашини эплай олмаяпти. Хусусан, жамоа янги чемпионатни ҳам кетма-кет иккита мағлубият билан бошлади.

“Манчестер Юнайтед” ўз тарихи давомида 18 марта Англия чемпиони бўлган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!