Машҳур футболчи: Ўғлим Шомуродовга мухлислик қиляпти!
Кучли бешлик чемпионатларидан бири – Италия лигаларида ўйнаган биринчи ўзбек футболчиси Илёс Зейтуллаев ҳисобланади. Орадан йигирма йилдан кўпроқ вақт ўтиб, яна икки нафар вакилимиз кучли бешлик лигаларига қўшилди. Элдор Шомуродов уч йилдан бери А Серияда ўйнаётган бўлса, Абдуқодир Ҳусанов яқиндагина Франция вице-чемпиони “Ланс” сафидан қўним топди.
Илёс Зейтуллаев “РБ Спорт” нашрига интервью бериб, футбол ишқибозларини қизиқтирадиган кўплаб масалаларга ойдинлик киритиб берди.
Sports.uz портали ушбу интервьюдан парчаларни ўзбекистонлик мухлислар эътиборига ҳавола этади.
- Сиз аввал ҳам Элдор Шомуродовнинг “Кальяри”га ўтгани ҳақидаги саволларга жавоб бергансиз. Айтингчи, сиз у билан шахсан танишмисиз? Балки, ўзаро суҳбатларда унга қандайдир маслаҳатлар бергандирсиз?
- Мен Элдор Клаудио Раньери сингари тажрибали мураббий қўлига тушганидан жуда хурсандман. Раньери Шомуродовга ўзини кўрсатиши учун етарлича имкон беради, деб ўйлайман.
Бу идеал вариант эканини таъкидлаш лозим. Чунки Элдор – меҳнаткаш футболчи, ҳар доим бор имкониятини юз фоиз сарфлаб ўйнайди.
Элдор бош мураббий билан яхши тил топиша олишига ишонаман. Биз у билан танишмиз, лекин жуда яқин эмасмиз. У ажойиб ва камтар йигит.
Яқинда таътил пайтида Тошкентда кўришдик. Менинг ўғлим унга мухлислик қилади. Яна бир ўзбек футболчиси Италияда ўйнаётганидан фахрланади.
- Футболга бегона бўлмаган яна бир киши – Марко Трабукки бор. Ўйинчи сифатида ҳам у билан ишлаганингизни айтиб беринг. Қандай танишгансизлар ва у сизга қай даражада таъсир ўтказган?
- Мен у билан “Ювентус”да ўйнаб юрганимда танишганман. Яхши таассурот қолдирган, бизга муносабати яхши эди. Бизга катта акамиздек бўлиб қолган, у билан ҳар қандай масала бўйича маслаҳатлашардик.
Трабукки менга 8-9 йил давомида ёрдам берди. Мен “Пескара”да ўйнаб юрганимда йўлларимиз айрилди. Лекин мен бирга ишлаган йилларимиз учун ундан миннатдорман. Витя Будянский ҳам худди шундай фикрда. Трабукки билан алоқаларимиз дўстона бўлган.
- У сизни Андрей Шевченко билан таништирган экан...
- Ҳа. Шевченко ўша пайт биз учун кумир эди. У Каха Каладзе билан бирга “Милан”га келганди. Марко орқали бир марта учрашдик. “Милан”нинг Европа Чемпионлар лигасидаги учрашувига борган эдик.
Ўйиндан кейин Каладзе ва Шевченко билан танишдик. Озига суҳбатлашдик. Шевченко катта таассурот қолдирди.
Ҳар икки бақувват ўйинчилар эди. Жисмонан ҳам, психологик жиҳатдан ҳам.
- Айтганча, Россия чемпионати ўзбек футболчилари учун қанчалар муҳим, деб ҳисоблайсиз? Аббосбек Файзуллаев яқинда ЦСКАга ўтгани учун бу саволни бердим. Россия Премьер-лигасида яна кимларни кутиш мукмин?
Ўйлашимча, ҳозир ўзбек футболчиларига бўлган қизиқиш анча ошган. Нафақат ўзбекистонликларга, балки собиқ Иттифоқнинг бошқа мамлакатларидан етишиб чиқаётган ўйинчилар ҳам эътиборда. Табиийки, бу мамлакатлар футболчилари учун Россия Премьер-лигасида ўйнаш муҳим аҳамият касб этади.
Шомуродов биринчи турда ўйнайдими?
Ўзбек футболчиси: “Ювентус” таклифини қабул қилмаганим катта хато бўлди!
Таниқли легионеримиз: Мени Анчелотти машғулотга жалб қилди!
Легионеримиз: “Бордо”, “Фейеноорд”га борганман, лекин мени “Ювентус” олди!
Фикрлар