"Мен учун кутилмаган хабар" ёхуд "Сўғдиёна" етакчисининг АГМКда пайдо бўлиши қандай содир бўлди?
Sports.uz сайти орқали хабар бериб ўтганимиздек, тажрибали ҳимоячи Артём Филипосян клубини ўзгартирди. Мавсум бошида “Сўғдиёна”га қўшилган ҳимоячи иккинчи даврадан бошлаб АГМК сафида тўп суради. Футболчи олмалиқликлар билан 1,5 йиллик шартнома имзолагач, биз билан мулоқотга киришди.
“АГМКга хурсандчилик билан келдим”
- АГМКнинг таклифи менга кутилмаган сюрприз бўлди, десак бўлади. Сабаби, таътилга чиққан пайтимизда Миржалол Қосимов таклиф билан чиқди. “Сўғдиёна” бош мураббийи Улуғбек Бақоев билан гаплашишди ва бир қарорга келишди. Албатта, менинг ҳам фикримни эшитишди. Шундай қилиб, АГМК клубига кўчиб ўтдим. Барибир бу мен учун кутилмаган хабар бўлди. Рости, АГМК жамоасига хурсандчилик билан келдим. Нимага деганда, олдин Миржалол ака Қосимов билан “Бунёдкор”да бирга ишлаганман. Бир-биримизни яхши биламиз. Шу боис таклиф билан чиққанида иккиланмадим. Энди янги жамоам учун бор кучимни сарфлашга ҳаракат қиламан.
“Сўғдиёна” билан яхши кайфиятда хайрлашдик”
- “Сўғдиёна”да ярим йил ўйнадим. Бош мураббий Улуғбек Бақоев ва мураббийлар штабига раҳмат айтмоқчиман. Жиззахлик мухлисларга ҳам катта раҳмат. Бизни доим қўллаб-қувватлаб туришди. Шунингдек, “Сўғдиёна” жамоаси хўжайинига ўз миннатдорлигимни билдириб қоламан. Футболга қизиқиши жуда баланд. Жиззахдаги ярим йиллик фаолиятимдан, албатта яхши таассуротлар қолди. Янги ўйинчилар билан танишдим. Худога шукр, ОФК Кубоги ўйинларига улгурдим ва жамоа шарафини гуруҳ баҳсларида ҳимоя қилдим. Чемпионат доирасида ҳам “Сўғдиёна” учун тўп сурдим. Қўлимдан келганича жамоа учун бор кучимни бердим. Ўйлайманки, биз бир-биримиз билан яхши кайфиятда хайрлашдик. ОФК Кубогида гуруҳдан чиққанимиздан ва у ерда жамоа учун қўлимдан келганича ўз ҳиссамни қўшганимдан хурсандман. “Сўғдиёна”га омад тилайман. ОФК Кубогида муваффақиятли иштирок этиб, ушбу Кубокни Ўзбекистонга олиб келишига тилакдошман.
“Бор кучимни АГМКга фойда келтиришга сарфлайман”
- АГМКга ўтганимдан мамнунман. Бу клубда мақсад юқори. Совринли ўринларни, Ўзбекистон Кубогини ютишга ҳаракат қиламиз. Қайси клубга максимал вазифа қўйилса, бу мен учун жуда яхши. Сабаби, футболчи учун ҳам ижобий кайфият бағишлайди. Бу ерда кўп ўйинчилар билан олдин терма жамоада бирга ўйнаганман. Санжар Турсунов, Анзур Исмоилов...Яна бир қатор футболчиларга қарама-қарши ўйнаганман. Қолаверса, Сардор Раҳмонов билан “Бухоро”да бирга тўп сурганмиз. Умуман олганда, АГМКда футболчиларни яхши биламан. Мураббийлар штаби ва жамоа аъзолари мени яхши кутиб олишди. Кўриниб турибдики, уларда яхши оила тузилган. Бор кучимни АГМКга фойда келтиришга сарфлайман.
“Миржалол Қосимовни ортиқча таърифлаш шарт эмас”
- Ушбу мураббийни ортиқча таърифлаш шарт эмас. Ҳамма яхши билади. АГМК жамоаси совринли ўринлар учун курашишини давом эттиряпти. Ҳар бир ўйинчи қаерга боришини, қанақа жамоага қўшилишини олдиндан билиши керак. Мавсум бошланмасидан олдин АГМК ва бошқа клублар чемпионлик учун курашиши маълум эди. Бу клубнинг мақсади жиддий.
“Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди”
- Ҳаммаси тез ҳал бўлди. “Сўғдиёна” билан ОФК Кубогини ютиш иштиёқимиз баланд эди. Аммо бу футболнинг бир қисми. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. АГМК билан бу йил соврин ютадиган бўлсак, бу мен учун ҳам қойилмақом бўлади. Биз “Сўғдиёна” билан ОФК Кубогида юришимизни давом эттираётан пайтимизда вазият ўзгариб қолди. Миржалол Қосимов таклиф билан чиққани учун АГМК жамоасига ўтишга қарор қилдим.
“Ҳар бир ўйнаган жамоамда мана шундай рақобатни кўрганман”
- Қайси клубларда ўйнаган бўлсам, ҳар доим рақобат кучли бўлган. Бу мен учун нормал ҳолат. Қайтанга, ўзимга қўшимча куч-қувват беради. Жиззахда бошида ўйинларда майдонга туширилмагандим. Ҳар бир ўйинчи ўз устида ишлаб, вақтини кутса, албатта бунга эришади. Биринчи давра ўрталаридан ҳамма ўйинларда қатнашдим. АГМКга келсак, янги жамоамда ҳам яхши ҳимоячилар бор, рақобат зўр. Рақобат бўлсаки, ўсиш яхши бўлади. Футболчи бир жойда тўхтаб қолмайди. Ҳар бир ўйнаган жамоамда мана шундай рақобатни кўрганман. Мен ҳаммасига тайёрман. Энди бор эътиборимни янги клубимга қаратаман. АГМКнинг ғалабаларига ўз ҳиссамни қўшишни ва Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этишни жуда истайман.
Фикрлар