Месси Аргентина терма жамоасига ташвиш туғдирди
Аргентина терма жамоаси бош мураббийи Лионел Скалони раҳбарлигида жамоа олдида турган муаммоларни бартараф этиш устида иш олиб бормоқда. Бу муаммолар жамоанинг жаҳон чемпионатидаги ўйинлари давомида яққол кўзга ташланди.
«Альбиселесте» 1/8 финалга йўл олди, аммо бу босқичгача бўлган йўл осон кечмади. Хусусан, Кабо-Верде термасига қарши ўйин жуда оғир ўтди: аргентиналиклар фақат қўшимча дақиқаларда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишга муваффақ бўлишди. Diario Olé нашри ёзишича, штабни энг кўп хавотирга солаётган жиҳат – жамоанинг прессинги самарали ишламаётгани. Скалони истаган даражадаги босимни жамоа ҳозирча қўллай олмаяпти.
Шунингдек, тўп назорати ва ҳужумларни ташкил этишда ҳам муаммолар борлиги қайд этилмоқда. Аргентина кўплаб позицион ҳужумлар уюштирса-да, ўзига хос тезликни кескин ўзгартириш, рақибни кутилмаганда қийин аҳволга солиб қўядиган ўйин услуби етарлича намоён бўлмаяпти. Бу эса жамоанинг ҳужумдаги ўйинини бироз бир хил ва олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлган кўринишга олиб келмоқда.
Яна бир муҳим масала – Лионел Мессининг индивидуал маҳоратга ортиқча таянилгани. Айниқса, мудофаага қаттиқ ёпилиб ўйнайдиган рақибларга қарши баҳсларда жамоа ҳали ҳам асосий ечимни Мессидан кутмоқда. Мураббийлар штаби эса ҳужумдаги масъулиятни бошқа футболчилар ўртасида ҳам тенгроқ тақсимлаш йўлларини изламоқда.
7 июль куни Аргентина терма жамоаси "ЖЧ-2026" мусобақасининг 1/8 финали доирасида Миср термасига қарши майдонга тушади. Учрашув бошланиши Тошкент вақти билан соат 21:00га белгиланган.

Фикрлар