"Месси чемпион бўлса фаолиятини тугатса ҳам бўлаверади, у ерда Мбаппе бор-ку Франция ғолиб бўлади". Мундиал финалида "Андижон" футболчилари кимга мухлислик қилишади?

Бугун Қатардаги жаҳон чемпионатининг ҳал қилувчи финал ўйини бўлиб ўтади. Шак-шубҳасиз бутун дунё нигоҳи Доҳага қаратилади. Энди шуни аниқ айта оламиз: ё Аргентина, ё Франция жаҳон чемпиони бўлади.

2018 йилги мундиалда французлар финалда хорватларни 4:2 ҳисобида мағлуб этиб, мундиал Кубогини боши узра кўтаришгани ҳамон ёдимизда ва бу сафар ҳам уларнинг яна шундай имкониятга эга бўлиб тургани қойилмақом. Бу томонда эса Аргентина! Месси – бу ҳозир яна трендга чиққан мавзуга айланди. Унинг персонал мухлислари Мессини ваниҳоят жаҳон чемпиони бўлишини ич-ичидан хоҳлаб турганлари аниқ. Чунки мазкур мундиал унинг учун катта эҳтимол охиргиси бўлиб қолади. Шу боис Месси ва аргентиналиклар буни жуда яхши ҳис қилишяпти.

Қисқаси, финал ўз номи билан финал. Бу ҳаммани ўзгача ҳаяжонда ушлаб туради. Дунё эътибори қаратилган учрашув олдидан “Андижон” матбуот хизмати қизиқ жараённи ташкил қилди. Яъни, жамоа аъзолари Аргентина – Франция қарама-қаршилиги олдидан ўзларининг муносабатларини билдиришди. Айтайлик, финалга иккала термани етиб келишини кутишганмиди, ким чемпион бўлади, ҳамма масала асосий вақтда ҳал бўладими ёки пенальтилар сериясигача чўзиладими, футболчилар шу каби умумлаштирилган саволларга жавоб бердилар.

Элдор Адҳамов

- Жаҳон чемпионатида шахсан Португалия терма жамоасига мухлислик қилгандим. Лекин Аргентинани финалгача етиб келишини кутмагандим. Албатта, Францияни ҳал қилувчи баҳсда қатнашишини ўйлагандим. Табиийки, финалда Франция терма жамоасига мухлислик қиламан.

Барибир Аргентинадан барқарорроқ ўйнаяпти. Франция ютиб қўйса керак, деб ўйлайман. У ерда тезкорроқ футболчилар бор. Финалда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Менимча, минимал ҳисоб қайд этилади. Балки ўйин тақдирини биргина гол ҳал қилиши мумкин. Иккала жамоа ҳам натижадан келиб чиқиб, ёпиқроқ ўйин кўрсатишса керак, деб ўйлайман.

Фарҳод Соҳибжонов

- Жаҳон чемпионати бошланмасидан олдин ҳам анчадан бери Аргентинанинг мухлиси эдим. Бу сафар Аргентина ҳар қачонгидан кўра анча кучли жамоа сифатида шаклланди. Месси терма жамоада ҳали бундай ўйин кўрсатмаганди.

Менинг фикримча, Франция билан бўладиган учрашув жуда қизиқарли руҳда ўтади. Қолаверса, кескин курашларга бой бўлади, деган фикрдаман. Ўйин тақдири 90 дақиқа ичида ҳал этилади, менимча.

Натижани тахмин қиладиган бўлсам, 2:1 ҳисобида Аргентинанинг фойдасига ҳал бўлса керак.

фарход_1

Шаҳбоз Эркинов

- Аргентина, Бразилия, Франция ва мен ёқтирган Нидерландия асосий даъвогарлар деб ҳисоблагандим. Уларни финалга чиқишини ўйлагандим. Германия билан Испания нафақат жаҳон чемпионатидаги ўйинлари билан, балки олдинги саралаш босқичидаги баҳслари билан ҳам яхши таассурот қолдиришмаганди. Бу қийин масала эди. Англия финалга уриниб кўраётганди. Финалга Аргентина билан Франция чиқди. Мен шахсан Леонель Мессига мухлислик қиламан. Айнан Мессини деб Аргентинани чемпион бўлишини истайман. Францияда Мбаппени ҳали жаҳон чемпиони бўлишига вақти бор. У олтин тўпларни ҳали кўп олади. Мессини эса вақти қолмади-да! Бундан кейинги мундиалда Месси ўйнай оладими-йўқми, бу жуда қийин масала. Менимча, ўйнай олмайди ҳам. Шунинг учун Мессига бу охирги имконияти. У фаолиятида ҳамма нарсани ютган-да. Жаҳон чемпионатини ютса янада зўр бўлади. Шунинг учун ҳам Мессига мухлислик қиламиз. Ушбу ўйинчида ютмагани фақат мундиал қолди. Шундагина барча ютуқларга эришган бўлади.

Фаворитлар масаласига келсак, финалда ҳеч қачон фаворит бўлмайди. Марокаш финалга чиққанида ҳам фаворит бўлмасди. Ҳар қандай мусобақанинг финали бўлсин, ҳеч қачон олдиндан кимгадир устунлик берилмаган. Финалда очиқ футбол бўлмайди. Шуниси билан ҳам финал унчалик қизиқ эмас. Агарда бошида ёки ўртасида кимдир гол уриб, рақиб жамоа “очилиб” кетмаса, ҳеч қачон финалларда очиқ футбол бўлмаган, томошабоп ўйинлар ташкил қилинмаган. Агар Саудия Арабистони билан Аргентина финалда тўқнаш келганида ҳам фаворит номи билинмасди. Ҳаммаси фақатгина битта ўйинга боғлиқ бўлгани учун олдиндан ҳеч нима деб бўлмайди. Асосий вақтдами, қўшимча вақтдами ёки пенальтилар серияси бўладими, буни билмадим. Олдиндан биладиган хусусиятим йўқ. Ҳар доим финаллар ёпиқ, эҳтиёткорлик руҳида ўтади. Бу сафаргиси ҳам шунақа бўлмаса бўлди. Финални шунчаки маза қилиб кўрайлик. Месси чемпион бўлса, фаолиятини тугатса ҳам бўлаверади.

шахбоз

Абдувоҳид Ғуломов

- Бу йилги жаҳон чемпионати ўйлаганимдан ҳам жуда қизиқ ўтяпти. Гуруҳ ўйинлари ҳам, гуруҳдан кейинги учрашувлар ҳам ниҳоятда қизғин тарзда бўляпти. Фаворит жамоалар – Нидерландия, Англия, Франция, Аргентина каби термалар деб ўйлагандим. Менимча, финалда Аргентина ғалаба қозониб, чемпион бўлади, деган фикрдаман. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

Абдураҳмон Комилов

- Иккала терма жамоани финалга чиқишига ишонгандим. Финалга кучли жамоалар чиқди. Ўйинлари ҳам мухлисларга ёқади. Аргентинани чемпион бўлади, деган умиддаман. Фикримча, ўйин тақдири 90 дақиқа ичида ҳал бўлса керак.

комилов

Илҳом Алижонов

- Жаҳон чемпионатида асосан Аргентина билан Португалияга ишқибозлик қилдим. Месси билан Роналдудан бирини жаҳон чемпион бўлишини хоҳладим. Финалда Аргентинага мухлислик қиламан. Иложи борича барчаси 90 дақиқа ичида ҳал бўлишини хоҳлайман. Лекин экстра-таймлар бўлса ҳам яхши бўлади.

алижонов_1

Аҳрор Иноятов

- Мундиалда мен Португалияга мухлислик қилдим. Финалга келадиган бўлсак, ўйлайманки, экстра-таймларда Франция ғалаба қозонади.

Илдар Маматказин

- Менимча, финал учрашувида асосий вақтда дуранг қайд этилади. Пенальтилар сериясигача чўзилса керак. Ким ютишини билмайман. Лекин Аргентинани финалгача етиб боришини кутмагандим. Мундиал олдидан Испанияга ишқибозлик қилишимни айтгандим.

илдар_4

Азамат Исроилов

- Биз мухлислик қилган терма жамоа – Португалия мусобақадан чиқиб кетди. Мессига қаршимиз (кулади). Франция чемпион бўлади. У ерда Мбаппе бор-ку. Худо хоҳласа, Франция чемпион бўлади.

Менимча, финалда голлар кўпроқ бўлса керак. Аргентина ҳам, Франция ҳам голлар уришга ҳаракат қилади. Балки 3-4 та голлар кўрсак керак. 3:2 ёки 4:2 ҳисобида Мбаппе жамоаси ғалаба қозонади.

Маликшоҳ Расулов

- Ёшлигимдан Франция термасига ишқибозман. Худо хоҳласа, бу жамоа ғалаба қозонади. Франция асосий вақтнинг ичида ҳал қилиб олса керак. Айнан французларни финалга чиқишини кутгандим. Чунки чемпионатда ҳам уларни фаворит деб ҳисоблаганман. Лекин финалда Франция билан Бразилия тўқнаш келишини кутгандим. Аргентина термасини финалда ўйнашини ўйламагандим.

малик1

Шерзод Эсонов

- Жаҳон чемпионати финалига Франция эмас, балки Португалия чиқишини тахмин қилгандим. Ҳал қилувчи учрашувда Аргентина билан Португалияни кўрмоқчи эдим. Лекин португаллар финалгача етиб кела олмади. Финалда Францияга мухлислик қиламан. 90 дақиқа ичида ҳаммаси ҳал бўлса керак.

шер_3

Суҳроб Бердиев

- Ёшлигимдан Аргентинага ва Мессига мухлислик қилардим. Шу жамоани жаҳон чемпиони бўлишини кутяпман. Албатта, Аргентинани ютишини хоҳлайман. Фикримча, асосий вақтда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонса керак.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!