Миржалол Қосимов: "Ютқазиб қўйишимиз ҳам мумкин эди"
ОКМК – “Андижон” (2:1) ўртасидаги учрашувдан кейин мезбонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов журналистларнинг саволларига жавоб берди.
- Гапимни Биродар Абдураимовдан бошламоқчиман. Бугун 80 ёшга тўлиши муносабати билан тадбир бўлди, аммо қатнаша олмадим. Ўзимни ва қолаверса жамоамиз номидан табриклайман. Ўз пайтида ўзбек футболининг афсоналаридан бири бўлган. Кўп меҳнатлари сингган, устоз. Аллоҳ бераётган умр давомида яхши, соғ-саломат ҳолда касал бўлмасдан халқни ардоғида юрсин. Футбол учун керак бўлса соғлигини ҳам берган. Ўйинга келсак, яна икки хил бўлим. “Андижон” жамоасига қарши жиддий тайёргарлик кўргандик. Нимагаки, бу жамоа жуда зич ҳимояланади. Қолаверса, иккинчи рақам бўлиб ўйнайди. Уларни ҳимоясини ёриб ўтиш осон эмас. Биринчи бўлимда кўпроқ ўзимизда айб бўлди. Оддий вазиятдаги тўп узатмасида ҳамма ўйинчи хато қилди. Шунинг учун иккинчи бўлимда бироз ўзгартириш қилдик. Хомяковни “Машъал”да ишлаган пайтларидан бери биламан. Футболчилари тартибли ўйин кўрсатади. Бундай жамоага қарши жуда оғир. Шунга қарамасдан охирида мақсадимизга эришдик. Бу ўйинда ютқазиб қўйишимиз ҳам мумкин эди. Сабаби, ҳужумга ташланган пайтимизда ҳимояда бўшлиқлар пайдо бўлади. Аллоҳга шукр, рақиб жамоа имкониятдан унумли фойдалана олмади.
- Биринчи бўлимда “Андижон”да вазиятлар бўлди, гол урди. Нисбатан ўйинни назорат қилгандек ҳам бўлди. Мана шу нарса сизга кутилмаган ҳолат бўлмадими?
- Йўқ, кутилмаган эмас. Айтяпман-ку, биз оддий вазиятларда тўп йўқотдик. Бу жуда кўп содир бўлди. Ҳар бир футболчи биттадан тўп йўқотганида ҳам барчасиники 20 марта бўлади. Табиийки, бундай пайтда рақиб тўп билан муомала қилади. Голдан кейин бошқача ҳаракатланди. Гол урдик, ўйинни ўзгартирдик. Мана шуни ўйинни бошидан бошлашимиз керак эди.
- Икки йил олдин Олмалиқдаги учрашувда “Андижон” 0:2 ҳисобида олдинда бораётиб якунда 3:2 ҳисобида ютқазган. Ўшанда ҳам Мартин Боаке захирадан майдонга тушиб 2 та гол урган ва ОКМКнинг ғалабасига катта ҳисса қўшганди. Бугун ҳам жамоа 0:1 ҳисобида ютқазаётганида Боаке захирадан тушиб 2 та гол уриб ўйин тақдирини ҳал қилди. Захирадан тушираётганингизда қаҳрамон бўлишини ўйлаганмидингиз?
- Бу ерда ҳеч нарса йўқ. У оддий ўз ишини қилди. Рақиб жуда зич ҳимояланганидан кейин фақат узун паслар билан ҳужумда иштирок этиш эди. Ҳужумчи керакли вазиятда жойида бўлиши керак. Мақсад гол уриш бўлганидан кейин фарқи нима? Ҳужумчи бўлганидан кейин вазифаси гол уриш.
“Андижон” матбуот химати.
Фикрлар