МОҚ президенти Прокуратура органлари ходимлари ўртасидаги футбол мусобақаси финалида иштирок этди
Ads

Юртимизда турли соҳа вакиллари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спортни, хусусан футболни оммалаштириш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилиб, бир қатор мусобақалар ўтказилмоқда.

Жумладан, Прокуратура органлари ходимлари ўртасида ҳам Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан ҳамкорликда футбол мусобақаси ташкил этилган бўлиб, бугун мазкур мусобақанинг Республика босқичи финал учрашуви бўлиб ўтди.  Тошкент темир йўллари транспорти ва муҳандислик институтида ўтказилган финал ўйинида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродов, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов ҳамда Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроиловлар иштирок этишди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда.

Финал ўйинида Қашқадарё ва Тошкент вилояти прокуратураси жамоалари ўзаро тўқнаш келишди. Муросасиз курашларга бой ўтган учрашувнинг асосий вақтида 2:2 ҳисобидаги дуранг қайд этилди. Пенальтилар сериясида эса омад Тошкент вилояти прокуратураси жамоасига кулиб боқди.

Финал учрашувидан сўнг ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Финалда муваффақиятга эришган жамоа аъзолари ҳамда мусобақанинг энг яхши ўйинчиси, энг яхши ҳимоячиси, энг яхши ҳужумчиси ва энг яхши дарвозабонига Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан эсдалик совғалари топширилди.