Муориньо Швайнштайгердан ёрдам сўрамоқда ёхуд Бастиан тўрт дақиқада Жозенинг фикрини ўзгартирди
 
"Манчестер Юнайтед"да бош мураббий Жозе Моуриньо ва германиялик ярим ҳимоячи Бастиан Швайнштайгер ўртасидаги муаммоли вазият барҳам топадиган кўринади.
 
Португалиялик мутахассис ёзда жамоага келиши билан биринчилардан бўлиб, Бастианни асосий таркибдан четлатган ва унга бошқа жамоага кетишни таклиф қилган эди. Моуриньо ҳатто футболчининг ёшлар таркибида майдонга тушишига ҳам йўл қўймади.
 
Бастиан "Манчестер Юнайтед"дан кетмасдан асосий таркиб учун курашишини айтди. Мана секин-аста у ўз мақсадларига етишмоқда. Жозе Моуриньо вазият тақозоси туфайли Бастиан Швайнштайгерни Англия лигаси кубогида "Вест Хэм"га қарши ўйинда тўрт дақиқага ўйинга туширди.
 
Мана энди Жозе Моуриньо оммавий ахборот воситаларига интервью бериб, Бастина Швайнштайгернинг "Манчестер Юнайтед"га ёрдами зарурлигини айтмоқда.
 
- Бастиан жамоада қолиши мумкин, - деди Жозе Моуриньо. - У бизга ёрдам бериши керак. Муаммоаларга қарамай, у жамоадан кетмади ва кўп ишлаб, майдонга тушиш ҳуқуқини қўлга киритди. Менга мана шунақа дадил йигитлар ёқади.
 
Хуллас, Бастиан ўзининг қатъияти ва меҳнаткашлиги билан қайсар Жозенинг фикрини ўзгартира олди.