"Насаф" кейинги босқичга қанчалик яқин?
Биласиз, айни вақтда Осиё чемпионлар лигасида 40 нафар клуб 10 та гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этмоқда. Жамоалар мос равишда шарқий ва ғарбий минтақаларга ажралган. Ҳар бир квартетда 1-ўринни қўлга киритган клуб кейинги босқичга йўл олади. Шунингдек, ўз минтақасида иккинчи поғонани банд этган 5 та жамоадан очколар сони бўйича яхшироқ кўрсаткич қайд этган 3 таси саралаб олинади.
Ўзбекистон номидан "Насаф" ҳамда "Пахтакор" Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқич ўйинларида иштирок этаётганидан хабарингиз бор. Айни вақтда "аждарлар" "E" гуруҳида 8 очко билан 2-ўринни банд этган.Афсуски, "Пахтакор" 5 турдан сўнг 3 очко тўплаган ҳолда, плей-офф йўлланмасидан маҳрум бўлди. Келинг, "Насаф"нинг кейинги босқичга чиқиш имкониятлари ва бошқа гуруҳларда 2-ўринда бораётган клубларнинг ҳолати билан танишиб чиқамиз.
Гуруҳлардаги ҳолат
"A" гуруҳи
"А" гуруҳида "Ал-Ҳилол" муддатидан аввал плей-офф йўлланмасини нақд қилган. Шунингдек, 2-ўрин соҳиби ҳам маълум бўлиб улгурган. 10 очкоси бор" Ал-Райян" сўнгги турда Саудия клубига қарши ўйин ўтказади. Фаворит - "Ал-Ҳилол". Ушбу жамоалар ўртасидаги илк баҳсда ҳам Жардим шогирдлари 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Бироқ улар биринчи ўринни деярли кафолатлаб улгурган ва сўнгги турда қатарликларнинг ғалаба қозониши ажабланарли ҳолат ҳисобланмайди.
"B" гуруҳи
"B" гуруҳида ҳам яққол пешқадам номи аниқ. Яна бир Саудия Арабистони клуби "Ал-Шабаб" 1-ўрин билан нимчорак финал йўлланмасини кафолатлаб улгурган. Иккинчи ўринни 7 очкоси бор "Ал-Қува" жамоаси банд этган. Сўнгги турда Ироқ клуби гуруҳ аутсайдери "Мумбаи Сити" жамоаси билан куч синашади. Фаворит қайси жамоа эканлигини тушуниб турибсиз. Бироқ ушбу клублар ўртасида илк тўқнашувда ҳиндистонликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганини ҳам таъкидлаб ўтиш керак.
"C" гуруҳи
"C" гуруҳида биринчи ва иккинчи ўрин масаласи сўнгги турда ҳал бўлади. Айни вақтда мазкур квартетда "Фулад" 11 очко билан пешқадамлик қилмоқда, 9 очкога эга "Шабаб Ал-Аҳли" эса иккинчи. Қизиғи, сўнгги турда бу икки клуб ўзаро куч синашади.
"D" гуруҳи
Ана энди "Пахтакор" ўрин эгаллаган "D" гуруҳига тўхталиб ўтамиз. Бу ерда пешқадам номи маълум. "Ал-Дуҳаил" 12 очко билан плей-офф йўлланмасига эга чиққан. Иккинчи ва учинчи поғоналарни 7 очкога эга "Ал-Таъавун" ва "Сепахон" банд этган. "Шерлар" 3 очко тўплаган ҳолда турнир билан хайрлашиб улгурди. 27 апрель санасида улар "Ал-Таъавун" билан расмиятчилик учун майдонга тушади. Бироқ улар бизни сўнгги турда икки томонлама хурсанд қилиши мумкин. Биринчидан, мухлислар "Пахтакор"дан турнирни чиройли ғалаба билан тугатиб қўйишни кутишади. Иккинчидан, сўнгги турда Войнески шогирдлари ғалаба қозонса, бу "Насаф" учун ҳам фойдадан ҳоли эмас. Бундан ташқари, гуруҳ пешқадами "Ал-Дуҳаил" 6-тур доирасида эронликларни синовдан ўтказади. Икки учрашувда ҳам вакилларимиздан устун келган Қатар клубидан сўнгги турда ҳам ғалаба кутиб қоламиз.
"E" гуруҳи
Бошида айтганимдек, "Насаф" айни вақтда "E" гуруҳида 8 очко билан 2-ўринда бормоқда. Сўнгги турда уларни "Ал-Веҳдат"га қарши ўйин кутиб турибди. 2-турда бўлиб ўтган учрашувда вакилларимиз бу жамоани 2:0 ҳисобида таслим этганди. Бу сафар ҳам улардан фақат ва фақат ғалаба кутиб қоламиз. Шунингдек, 6-тур доирасида "Ал-Файсали" ҳамда "Ал-Садд" тўқнашуви ҳам бўлиб ўтади.
Иккинчи ўриндаги жамоалар тўплаган очколар:
"Ал-Райян" - 10
"Шабаб Ал-Аҳли" - 9
"Насаф" - 8
"Ал-Қува" -7
"Ал-Таъавун" - 7
Шундай қилиб, Рўзиқул Бердиев шогирдларининг сўнгги турдаги ғалабаси плей-офф йўлланмасини кафолатлайди. Шунингдек, уларда ҳали биринчи ўринни қўлга киритиш имконияти ҳам мавжуд. Қаршиликлар дуранг ўйнаса ва ҳатто мағлубиятга учраган тақдирида ҳам имкониятлар бўлади. Бироқ бунинг учун "Ал-Қува", "Ал-Таъавун" ва "Сепахон" 6-турда мағлуб бўлиши керак. Бу бироз мантиққа тўғри келмайди. Майдонга фақат ғалаба учун тушиш керак. Уларда бунинг учун потенциал бор. Йигитларда ўзларига бўлган ишонч юқори. Ўйлаймизки, ҳаммаси биз кутгандек бўлади. Шунга умид қилиб қоламиз.
Карим Худайқулов тайёрлади
Фикрлар