"Насаф" ўз сафига янги футболчиларни қўшиб олмоқда. Жамоага қўйилган трансфер тақиқи ҳал этилдими?
Хабарингиз бор, 2020 йил “Насаф” жамоасининг Туркияда бўлиб ўтган мавсум олди ўқув-машғулот йиғинига франциялик футболчи Абделае Диаките келиб қўшилганди. Футболчининг ўйин услуби жамоа мураббийларини қониқтирмаганлиги сабабли, унга жавоб берилган эди. 2021 йилда футболчи “Насаф” клуби устидан ФИФАга арз қилган.
ФИФА "Насаф"га трансфер тақиқи белгилади
2021 йилнинг 7 октябрь куни ФИФА Низоларни ҳал этиш палатаси “Насаф” футбол клуби ва франциялик футболчи Абделае Диаките ўртасидаги низоли вазият юзасидан қарор чиқарган. Унда кўрсатилишича, “Насаф” футболчи билан тузилган шартнома шартларини бажармаган.
Шу сабабли, футболчи ФИФАга мурожаат қилган ва якунда ФИФА “Насаф” футбол клуби зиммасига белгиланган қарздорлик ва жарима тўловларини 45 кун мобайнида тўлаши лозим экани, агар мазкур мажбуриятлар клуб томонидан ўз вақтида бажарилиши таъминланмаса, клубга нисбатан миллий ва халқаро миқёсда янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш бўйича тақиқ қўйилиши ҳақида огоҳлантириш берган.
ФИФА Ўзбекистоннинг яна бир клубига трансфер тақиқи қўйди
2021 йилнинг 9 декабрь куни ФИФА 45 кунлик муддат якунига етганини инобатга олиб, “Насаф”га трансфер тақиқи қўйганди. Энди клуб қишки трансфер ойнаси вақтида янги футболчиларни ўз сафига қўшиб олиш учун мазкур низоли вазиятни ҳал этиши лозим эди.
2022 йилнинг 21 январида эса “Насаф” футбол клуби ҳуқуқшунослари ЎзПФЛ халқаро бўлими билан ҳамкорликда франциялик футболчи билан юзага келган муаммони ечиш устида музокара олиб бораётгани маълум қилинди.
Клуб томонидан берилган баёнотда Диаките борасидаги муаммо юзага келишига сабаб бўлган расмий шахсларга суриштирув ишлари якунлангандан сўнг уларга тегишли чора кўрилиши айтилди.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, жамоа трансферларни эълон қила бошлади. Бир неча йил "Навбаҳор" шарафини ҳимоя қилган Иван Соловьёв билан мавсум охиригача битим тузилди. Ўтган йили "Пахтакор" сафида ҳаракат қилган Шароф Муҳитдинов ҳам бир йиллик шартномага қўл қўйди. Булар янги трансферлар. Афтидан жамоа франциялик футболчи билан боғлиқ вазиятни ҳал қилган кўринади. Ҳар ҳолда қаршиликлар янги футболчиларни ўз сафига қўшиб олмоқда. Агар вазият ижобий томонга ўзгарган бўлса, унда клуб баёнотида ёзилганидек айбдорлар ким, уларга қандай жазо берилди? Халқ ўз "қаҳрамонларини" билиши керак эмасми?
“Насаф” "уйғонмоқда". Жамоа Диаките Абделайе борасида ФИФА билан музокара олиб бормоқда. Айбдорлар жазоланади
Яқинда ФИФА Ўзбекистоннинг яна бир клуби "Бухоро"га ҳам трансфер тақиқи қўллаганди. Клуб собиқ футболчиси туркманистонлик Раҳат Жапаровга тўлаши керак бўлган пулни бермагани учун ФИФА шундай қарор чиқарганди. ПФЛ томонидан тақдим этилган ушбу хабарда бундай тақиқ шунингдек, айни пайтда Қаршининг “Насаф” клубига ҳам татбиқ этилгани, ФИФА “Насаф”ни франциялик футболчи билан тузилган шартнома шартларини бажармаган, деб топиб, ушбу жамоага декабрь ойидан янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш бўйича тақиқ қўйганини ёзилганди. Аммо бу масала қандай якун топган ёки иш қайси жараёнда эканлиги маълум қилинмай, трансферлар эълон қилиняпти.
Халқаро майдонда юртимиз номидан қатнашадиган жамоа таркибни кучайтириши яхши. Лекин олдинда каттагина ташкилот қўйган тақиқ бир томонга кўчмай туриб (балки ҳал этилгандир), бундай ишларни амалга ошириш анча хавфли. Биз эса Осиё Чемпионлар лигаси ўтиш ўйинида қатнашадиган "Насаф" жамоасини олдидаги муаммоли вазиятга тезроқ барҳам беришини хоҳлаймиз. ФИФА ўзимизнинг ПФЛ эмаски шартли равишда кечириб юборадиган. Мутасаддилардан ушбу ҳолатга изоҳ кутиб қоламиз!
Фикрлар