“Навбаҳор” ҳужумчисининг тақдири қачон ҳал бўлади?
"Навбаҳор" клубининг расмий сайти орқали якунланган мавсумда юбилей – 1400-голини урганлиги ва ушбу голга Cуперлиганинг 23-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Сурхон” учрашувида ҳужумчи Забиҳилло Ўринбоев муаллифлик қилганлиги (ўша ўйинда “лочинлар” ушбу ягона гол эвазига 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди) борасида маълумот бергандик.
Шу муносабат билан айни пайтда қишки таътилда бўлган 25 ёшли футболчи билан телефон орқали боғланиб, Забиҳиллонинг бу борадаги фикри билан қизиқдик. У эса қуйидаги сўзларни гапирди:
- Сўзим аввалида барча ҳамюртларимизни кириб келаётган янги – 2021 йил билан табриклайман. Илоҳим, янги йил барчага бахт ва қувонч олиб келсин. Бу йил амалга ошмаган орзулари келаси йили амалга ошсин.
Албатта, нафақат мамлакатимиз, балки Осиё қитъаси ҳамда собиқ иттифоқ давлатларида ҳам таниқли, Суперлигамизнинг “Пахтакор” билан биргаликда икки мунтазам иштирокчисидан бири бўлган, шунингдек, юртимизнинг энг совриндор жамоалари қаторидан ўрин олган “Навбаҳор”даги бир йиллик фаолиятим давомида жамоанинг юбилей голи муаллифига айланиб, “Навбаҳор” тарихида қолганимдан хурсандман.
Ҳали ёшман ҳамда келажакдаги фаолиятим давомида ҳам яна шундай юбилей голлар муаллифига айланиб, ижобий ва ёқимли статискаларни қайд этаман, деган умиддаман.
Жорий мавсум якунида “Навбаҳор” билан тузилган шартномам муддати якунланди ҳамда жамоадаги тақдиримга янги йилдан сўнг, ойдинлик киритилади. Албатта, “Навбаҳор”да босими юқори. Шу боис, жамоа ўйинига мослашишим учун бироз вақт керак бўлди.
Келаси мавсумда ҳам наманганликлар шарафини ҳимоя қилсам, чиройли ўйинларим ва голларим билан жамоа мухлисларига қувонч улашаман деган умиддаман.
Якунига етаётган йилда пандемия сабабли, “Навбаҳор” ижобий натижа қайд эта олмади. Худо хоҳласа, янги мавсумда наманганликлар клуб раҳбарияти ҳамда жамоа мухлислари ишончини оқлаб, совриндорлар сафидан ўрин олиш учун кураш олиб боришади деган ниятдаман.
Жамоа билан янги шартнома имзолайдиган бўлсам, буни амалга ошириш учун мен ҳам муносиб ҳиссамни қўшаман, деган умиддаман, - деди ҳужумчи.
Фикрлар