Нодирбек Абдусатторов Кеймерни мағлуб этди ва "Tata Steel Chess"да етакчиликни мустаҳкамлади
"Tata Steel Chess" турнирининг навбатдаги турида Нодирбек Абдусатторов қора доналарда Винсент Кеймер устидан муҳим ва ишончли ғалабага эришди. Ушбу натижадан сўнг Нодирбек 7 турдан кейин 5,5 очко жамғариб, турнир жадвалида етакчиликни мустаҳкамлади.
Қизиқарли жиҳати шундаки, Нодирбек 2023 йилда ҳам айнан 7 турдан кейин 5,5 очко тўплаган эди. Бу натижа унинг "Tata Steel Chess" турнирида барқарор ва юқори савияда ўйнаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Партиядан сўнг берган интервьюсида гроссмейстер ўйиндан жуда мамнун эканини таъкидлади:
"Бу турнирдаги ҳозиргача энг яхши ўйиним бўлди. Кучли юришларни топа олдим ва рақибни доимий босим остида ушлаб турдим. У дуранг қилиши мумкин эди, аммо ғалаба учун таваккал қилди"
Нодирбекнинг айтишича, е5 юриши рақиб учун кутилмаган бўлган ва айнан шу лаҳзадан кейин Кеймер яхши қаршилик кўрсата олмаган. Ўйин давомида бир нечта мураккаб ва ноаниқ вариантлар юзага келган бўлса-да, қора томон вазиятни назорат остида сақлаб қолган.
Шунингдек, турнир давомида тайёргарлик ва дам олиш режаси ҳақида ҳам тўхталди. Унинг сўзларига кўра, у партия бошланишидан тахминан икки соат олдин тайёргарликни тўхтатиб, дам олишга ҳаракат қилади.
"Бу режим ҳозиргача яхши самара бермоқда. Дам олиш куни Амстердамга боришни режалаштиряпман — бироз чалғиш ҳам муҳим"
8-тур баҳслари эртага 18:15’да бошланади
Фикрлар