Ўрунов Газизовнинг чўнтагини тўлдирадими?

Остон Ўрунов ёш бўлишига қарамай, бошидан анча ишлар ўтди. Юртимизда бир маромда барқарор ўйнаб юрган ярим ҳимоячи катта умидлар билан ўтган йилнинг бошида Россияга йўл олганди. Бир йил ичида бошидан нималар ўтмади дейсиз? Бу муддат ичида Россия премьер-лигасидаги истиқболи порлоқ ёш футболчидан ўз жамоасига керак бўлмай қолган ва бош оғриқ бўлган ортиқча ўйинчига айланиб қолди.

Ўруновнинг Россиядан қўним топишига “Уфа”нинг ўша пайтлардаги бош директори Шамиль Газизов катта ёрдам берган эди. Аслида Остонни ЦСКАда кутишганди. Бироқ, виза масаласи туфайли футболчимиз “армиячилар” сафига қўшила олмади. Бундан Газизов фойдаланиб қолди.

Хуллас, ёш футболчидаги катта салоҳиятни пайқаган Шамиль Газизов ўзининг ёнидан бўлса-да, пул сарфлаб, Ўруновни “Уфа”га олиб кетди. Шу тариқа, у ҳамюртимизни ўзига боғлаб олди. Ёзги трансферлар вақтида “Рубин” ва ЦСКА “Уфа”да ишончли ўйин намоқиш этган Ўрунов трансфери учун “Спартак”дан икки баравар кўп пул таклиф қилган бўлса-да, Шамиль Газизов ўзбек легионерини ҳеч кимга беришни истамади ва ўзи билан янги иш жойи – “Спартак”га олиб кетди.

1596619050_urunov1

Афсуски, “Спартак”дагилар Остонни Газизовнинг ўйинчиси сифатида қабул қилди. Унинг салоҳияти ва иқтидорига ҳеч ким ишонч билдиргиси, имкон бергиси келмади. Газизовнинг  “Спартак”даги фаолияти бир неча ой давом этди холос. Клуб раҳбарияти унинг трансфер сиёсатини маъқулламади ва Газизов “Спартак”дан кетди. Бу Остоннинг фаолиятига ҳам бевосита   таъсир қилди.

Катта эҳтимол билан, Шамиль Газизов яна “Уфа”да фаолият юритади. Остон Ўрунов ҳам уфаликлар сафига қайтди. У ижара асосида тўп суради. “Спартак” ўйинчининг кетганини, “Уфа” эса уни қабул қилиб олганини расман маълум қилди.

- Ижара мавсум охиригача давом этади, келишув суммасини ошкор қила олмайман. Мавсум охирида ҳаммаси жойида бўлса, Ўруновнинг трансферини сотиб оламиз, - деди “Уфа” бош директори Ринат Шайбеков.

Журналистларнинг аниқлашича, ўзбек футболчисининг “Уфа”да ўйнаши уфаликларга 5,5 миллион рублга тушади. Остон олдида премьер-лигадаги 11 та учрашув ва Россия кубоги баҳслари бор (кўпи билан учта ўйин). Келишувга кўра, Остон ҳар бир ўйинда камида 45-дақиқа ўйнаши керак. Агар жарҳат оладиган бўлса, бу ҳолат ўзгаради.

Ўруновнинг 600 минг евролик йиллик маошини тўлиғича “Уфа” қоплаб берадиган бўлди. Уфаликларда, шунингдек, мавсум якунланиши билан Ўруновнинг трансферини 3 миллион еврога тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқи бор. Ўз ўрнида, қишки трансферлар ойнаси очилиши билан  Остонни сўраган “Рубин”дан “Спартак”раҳбарияти футболчини қўйиб юбориш учун олти миллион евро талаб қилганини ҳам эслатиб ўтиш зарур.

Қизиғи шундаки, Остоннинг Россияга кўчиб ўтишига 150 минг евро сарфлаган Шамиль Газизов футболчимизнинг навбатдаги трансферидан ҳам 50 фоиз улуш олиши маълум бўлди. Агар у ўз улушидан воз кечадиган бўлса, легионер футболчимиз “Уфа”га анча арзонга тушади. Лекин  Газизов мўмай даромаддан воз кечмаса керак.

EurfJQnWQAA-mNU

Биз учун эса, Остон Ўрунов мунтазам равишда майдонга тушиши муҳим. Қайси жамоа шарафини ҳимоя қилиши аҳамиятсиз. Чунки Ўзбекистон миллий терма жамоасида доимий ўйин амалиётига эга футболчиларгина тўп тепишга ҳақли.

Ўруновни ким “синдирди” ёхуд энди нима бўлади?

“Ўрунов “Спартак”га қайтади!”

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!