“Ўрунов Неймарга қарши ўйнаб юрибди”: Россияликлар Осиёга ўтмоқчи! (фото)
Россия терма жамоалари ва клублари Европа миқёсидаги мусобақалардан четлатилганидан бери ушбу мамлакат футбол иттифоқи бошқа қитъа конфедерациясига қўшилиши ҳақида жуда кўп муҳокама ва мунозаралар бўляпти.
Хусусан, энг долзарб масалалардан бири Россия футбол иттифоқининг Осиё футбол конфедерциясига қўшилиши ҳақидаги фикр-мулоҳазаларнинг тобора кўпайиб бораётганидир. Бу мамлакат ҳудудинг катта қисми Осиё қитъасига тўғри келади.
“Спартак” ва Россия миллий терма жамоаси ҳужумчиси Александр Соболев УЕФА таркибидан чиқиб, ОФКга қўшилиш ҳақидаги саволларга ҳам жавоб берди.
– Миллий терма жамоамизнинг Камерун билан ўйнашига қандай муносабат билдирдингиз?
– Супер. Уйда ўйнашимиз жуда зўр бўлди. Камерун жуда кучли ва яхши жамоа.
– 2026 йили бўладиган жаҳон чемпионатида ўйнашингизга ҳали ҳам ишонасизми?
– Аввал мундиалга йўлланма олиш керак. Ҳали кўрамиз.
–Осиё қитъасига ўтиш ҳақида қандай фикрдасиз?
– Аниғини билмайман. Осиё футболи ўзгаряпти. Бу қитъага жуда кўп топ-футболчилар кўчиб ўтди. Биз билан “Спартак”да бўлган Остон Ўрунов яқинда Неймарга қарши ўйнади. Бундан ташқари, Саудия Арабистони лигаси қандай ривожланаётганига қаранг. Агар Европага қўйишмаётган бўлса, нега Осиёга ўтиб кетмаслигимиз керак?
Дарҳақиқат, Остон Ўрунов 2020 йилнинг бошида Тошкентнинг “Локомотив” клубидан Бошқирдистоннинг “Уфа” жамоасига кўчиб ўтганди. Россия Премьер-лигасида ярим мавсум юқори савияда тўп тепган футболчи ёзги трансферлар вақтида Москванинг “Спартак” жамоасига кўчиб ўтди.
Аслида Остон Ўруновни Премьер-лиганинг деярли барча гранд клублари ўз сафига қўшиб олишни истаган эди. Бироқ ўша пайтда Остонни “Уфа”га олиб кетган Шамиль Газизов “Спартак” бош директори этиб тайинланган эди. Айнан мана шу мутахассис ташаббуси билан ўзбек футболчиси Россиянинг энг машҳур клуби бўлган “Спартак”га кўчиб ўтди.
Қисқа фурсатда Шамиль Газизовнинг “Спартак”нинг ўша пайтдаги хўжайини Леонид Федун билан муносабати бузилди ва у истеъфога чиқарилди. Газизовнинг кетиши у билан жамоага келган Остон Ўруновнинг фаолиятига ҳам таъсир қилди.
Кейинчалик истеъдодли ҳужумкор футболчимиз ижара асосида “Уфа”да тўп тепди. 2022 йилнинг сентябрида “Спартак” ижарадан қайтган Ўрунов билан шартномани бекор қилди. Ярим ҳимоячи ўша пайтнинг ўзида “Урал” сафига ўтди.
Афсуски, Екатеринбург клубида ҳам Ўруновнинг ишлари юришмади. Жамоа бош мураббийи билан келиша олмай қолганидан кейин “Урал” ҳам Остон билан ҳамкорликни тўхтатди.
Легионерлик фаолияти муваффақиятсизликка юз тутган Остон Ўрунов яна юртимизга қайтди. Энди у ўзининг профессионал футболчи бўлиб етишишига катта ҳисса қўшган “Навбаҳор” жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.
“Навбаҳор” бу йил ўз тарихида илк бор Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида иштирок этяпти. Мусобақанинг биринчи турида наманганликлар Саудия Арабистонида “Ал-Ҳилол”дан бир очко олиб қайтди. Неймар бошчилигидаги саудияликлар “Навбаҳор”га қарши ўйинда мағлубиятдан базўр қутилиб қолди.
Фикрлар