Шомуродовдан қандай қилиб максимум фойда чиқариш мумкин?
Элдор Шомуродов ўйнаётган “Кальяри”нинг ҳужум чизиғида рақобат янада кучаядиган бўлди. Айни пайтда Клаудио Раньери бошчилигидаги мураббийлар олдинги чизиқда асосан Леонардо Паволетти ва Зито Лувумбога ишонч билдиряпти. Элдор Шомуродов эса, дастлабки икки турда фақат захирадан майдонга туширилди.
Сардиния клуби “Милан” тарбияланувчиси Андреа Петаньяни қўлга киритди. Ўтган мавсум жамоа тўпурари бўлган Жанлука Лападула жароҳатдан қутилиб, сафга қайтса, Клаудио Раньери ихтиёридаги форвардлар сони беш нафарни ташкил қилади. Бу эса, улардан камида учтаси учрашувни захира ўриндиғида бошлашидан далолат беради.
Таниқли мураббий Леонардо Семпличи “Кальяри”нинг янги ҳужумчилари – Элдор Шомуродов ва Андреа Петаньядан зўр ҳужум жуфтлиги чиқишини таъкидламоқда. Бу мутахассис ҳар икки форварднинг имкониятларини жуда яхши билади.
Семпличи СПАЛ жамоасида Петаньяга устозлик қилган бўлса, Шомуродов ўтган мавсум Специяда унинг қўл остида ўйнади. Клаудио Раньери бу икик ҳужумчи борасида Семпличи берган маълумотлардан фойдаланиши мумкин.
- Клаудио Раньеридек мураббий таркибни шакллантиришга эътибор қаратган бўлса, бунда унинг асосий сабаблари бор. Бу трансферлар ҳамма учун фойдали бўлади, деб ўйлайман. Шомуродовга ўзининг энг яхши сифатларини кўрсатиши ва жамоа муваффақиятларига ҳисса қўшиши учун мураббийларнинг ишончини ҳис қилиши муҳим аҳамият касб этади.
Биз ўтган мавсумда Шомуродовнинг жисмоний ва техник характеристикасини юқори даражага олиб чиқиш учун муаяй ишларни амалга оширган эдик.
Элдор майдон ичкарисидан ҳужум уюштиришни яхши кўради ва унинг бу хусусияти Петаньянинг ўйин характеристикасига жуда мос тушади.
Қолаверса, жамоа бошида бу икки ҳужумчидан максимум фойда чиқара оладиган тажрибали Клаудио Раньери турибди, - деди Леонардо Семпличи.
“Кальяри” А Серия дебютанти ҳисобланди. Клаудио Раньери олдига жамоани юқори дивизионда олиб қолиш вазифаси қўйилган.
Бироқ, жамоанинг аксарият ўйинларида А Серияда тўп тепиш тажрибаси оқсамоқда. Шу боис, мураббийлар штаби таркибни шакллантиришда ўйинчиларнинг юқори босим остида ўйнай олиш салоҳиятини ҳам инобатга олишига тўғри келди.
Хусусан, Элдор Шомуродов ҳам, Андреа Петанья ҳам Италия футболига яхши мослашган тажрибали форвардлар сирасига киради.
Ўзбек ҳужумчиси А Серияда уч йилдан бери тўп тепяпти. “Кальяри” унинг тўртинчи жамоаси. Элдор аввалги жамоалари – “Женоа”, “Рома” ва “Специя”да ўз ҳисобига гол ёзиб қўя олган ўйинчи. Бундан ташқари ҳамюртимиз Италия жамоалари сафида ўзи иштирок этган барча мусобақалар – А Серия, Италия кубоги, Конференциялар лигаси ва Европа лигаси саралаш турнирларида ҳам рақиблар дарвозасини ишғол қилган.
Петанья Элдор Шомуродов билан тенгқур. 28 ёшли футболчи “Милан” тарбияланувчиси ҳисобланади. Фаолияти давомида “Асколи”, “Аталанта”, СПАЛ, “Наполи” каби жамоаларда тўп тепган. “Монца” уни ўтган йили ижарага олиб ўйнатиб, шу ёз “Наполи”дан тўлиқ трансфер қилган эди.
Фикрлар