Ўрунов “Спартак”га қайтди. Уни жиддий синов кутяпти

“Спартак” футболчилари янги йил таътилидан клуб ихтиёрига қайта бошлади.

Москва клубининг ўзбекистонлик легионери Остон Ўрунов ҳам “Спартак”га қайтиб, футболчиларнинг саломатлиги ва жисмоний ҳолатини аниқлаш учун ташкил этилган тиббий кўрикдан ўтмоқда.

Маълумотларга қараганда, “Лужники” стадионида ўтказилаётган тиббий кўрикка Александр Кокорин, Артем Ребров, Илья Кутепов, Илья Гапонов, Наиль Умяров, Александр Соболев,  Жордан Ларссон ва Роман Зобнин ҳам етиб келди.

1280_864_max_7

“Спартак” премьер-лиганинг иккинчи қисмига тайёргарликни бошлаш арафасида турибди. Мураббийлар штаби Остон Ўруновни дастлабки хорижий йиғинга борадиган футбочилар рўйхатига киритган эди.

Доменико Тедеско шогирдлари янги йилдаги илк ўқув-машғулот йиғинини 14-24 январь кунлари Бирлашган Араб Амирликларида ўтайди.

Бундан ташқари, “Спартак” жамоаси 2021 йилдаги биринчи учрашувини “Пахтакор”га қарши ўтказиши келишилган. Унга кўра, ўртоқлик учрашуви москваликларнинг Бирлашган Араб Амирликларидаги иккинчи йиғини давомида, яъни 30 январь куни Дубайдаги “Жабал Али” стадионида бўлиб ўтади.

Шунингдек, Остон Ўрунов жамоаси иккинчи ўртоқлик учрашувини Жасур Яхшибоев ёрдамида Беларусь чемпионлигини қўлга киритган Солигорскнинг “Шахтёр” жамоасига қарши ўтказади. Бу учрашув ҳам Дубайда 6 февраль куни ташкил этилади. 

Ёзги трансферлар мавсумида “Уфа”дан 1,5 миллион еврога олинган Остон Ўрунов шу пайтга қадар “Спартак” таркибида премьер-лига ва Россия кубоги мусобақаларида жами 9 та учрашувда майдонга тушиб, битта гол уришга муваффақ бўлди. Шунга қарамай, кейин пайтларда ҳамюртимизнинг “Спартак”даги фаолияти мавҳумлигича қолмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қишки ўқув-машғулот йиғинлари давомида мураббийлар Ўруновнинг имкониятларини яна бир бор синаб кўради. Айни пайтда “Спартак”даги легионер сони Россия премьер-лигаси қоидаларидан белгиланганидан ошиб кетган. Лимитга кўра, РПЛнинг ҳар бир жамоаси кўпи билан саккиз нафар хорижлик футболчини рўйхатдан ўтказишига рухсат этилади.

Яқинда “Спартак” Голландия чемпионатида “ПСВ Эйндховен” жамоасидан ярим ҳимоячиси Йоррит Хендриксни олиш масаласини ҳал қилди. Шунингдек, москваликлар таркибига “Фламенго”га ижарага берилган бразилиялик ярим ҳимоячи Педро Роша ҳам қайтяпти. Икки футболчи қўшилиши билан москваликлар сафидаги легионерлар сони тўққиз нафарни ташкил этмоқда.

Табиийки, Хендрикс “Спартак” асосий таркибдан жой олади ва янги футболчи сифатида ўзини кўрсатиши учун муайян вақтга эга бўлади. Кўпчилик, “Спартак” раҳбарияти легионерлар лимитига амал қилиш учун Остон Ўрунов ёки Педро Рошадан воз кечишини таъкидламоқда. 2017 йили 12 миллион еврога харид қилинган Роша ижарада “айланиб” келганини инобатга олсак, эндиги навбат Ўруновники.

1280_864_max_3

Остоннинг “Спартак” билан беш йиллик шартномаси бор. Москваликлар унинг трансфери учун сўраётган 6 миллион евро РПЛ жамоаларига оғирлик қилмоқда. Шу боис, энг мақбул вариант Ўруновни ижарага бериш бўлиб қолмоқда. Унга талабгорлар етарлича топилади.

Нима бўлган тақдирда ҳам, қишки ўқув-машғулот йиғинлари кўп нарсага ойдинлик киритади. Балки Остон Ўрунов бу муддат ичида “Спартак” жамоасига керак эканини исботлай олар. Буёғини энди вақт кўрсатади...

Ўруновдан хушхабар!

Ўруновни Европада кутишяптими?

Ўрунов – Премьер-лиганинг ҳар қандай клубини кучайтиришга қодир!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)