Ўруновни айблаган Юран Россия футбол иттифоқи имижига ҳам путур етказмоқда!
Собиқ футболчи ва айни пайтда “СКА-Хабаровск” жамоасини бошқараётган Сергей Юраннинг “Спартак”нинг ўзбекистонлик легионери Остон Ўрунов ҳақидаги айбловлари ортидан келиб чиққан мунозаралар ҳали якунланмайдиганга ўхшайди.
Хабарингиз бор, Сергей Юран оммавий ахборот воситаларида Остон Ўруновнинг ёши 4-5 йилга кичрайтирилганини таъкидлаган, кейинроқ буни унга Ўзбекистондаги танишлари айтгани ва ҳамманинг хабари борлигини иддао қилганди. Бунга нисабатан, “Спартак” клуби расман раддия берди ўзбекистонлик ва россиялик кўплаб мутахассислар ва футболчилар ҳам Юраннинг нотўғри гапирганини айтиб, ундан исбот талаб қилишди. Шунингдек, Остоннинг ёши урилмаганини исботлаш илинжида оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилганлар ҳам бўлди.
Энг аҳамиятлиси, мамлакатимизда футболни ривожлантиришга масъул ташкилот – Ўзбекистон футбол ассоциацияси Остон Ўрунов масаласига доир расмий баёнот берди.
Ушбу баёнотда, Ўруновнинг мамлакатнинг турли даражадаги терма жамоаларида ўйнагани, Осиё футбол конфедерацияси талабига кўра, ўсмирлар, ёшлар ва олимпия терма жамоалари аъзолари, хусусан, Остон ҳам мунтазам Магнит-резонанс томографиясидан (МРТ) ўтказилгани, унинг ёши кичрайтирилмагани ўз тасдиғини топганини маълум қилди.
Шунингдек, Остон Ўрунов нафақат мамлакатимиз, балки бутун Осиёдаги иқтидорли ва истиқболли футболчилардан экани, футболчига нафақат Россия ва Европанинг бошқа клубларидан жиддий қизиқиш катта эканини инобатга олиб, Ўзбекистон футбол ассоциацияси Юраннинг исбот талаб гаплари Остон Ўруновнинг обрўсига путур етказгани, бутун Ўзбекистон ва Осиёдаги футболчиларни тайёрлаш тизимига соя солганини таъкидлаган.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Сергей Юрандан Остон Ўруновнинг ёши бўйича айтган айбловлари учун дарҳол аниқ далил-исбот келтиришини, Ўзбекистон футбол жамоатчилигидан расман узр сўрашини талаб қилган. Россия футбол иттифоқи (РФС) Этика қўмитасини ушбу ҳолатни синчковлик билан ўрганишга ҳамда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Остон Ўруновга, ўз навбатида, Ўзбекистон футбол ассоциацияси обрўсига путур етказадиган айблов билан чиқиш қилган Сергей Юранга чора кўришга чақирган.
Россия футбол иттифоқи Этика қўмитаси ушбу мурожаатни беэътибор қолдирмади.
Этика қўмитаси раҳбари Семён Андреев Ўзбекистон футбол ассоциацияси Юранга иш очилиши учун Россия футбол иттифоқи раҳбариятига расман мурожаат қилиши кераклигини таъкидлади.
- Ўзбекистон футбол ассоциацияси бу иш бўйича РФИ раҳбариятига расман мурожаат қилиши керак. Чунки регламентга кўра, Этика қўмитасига фақатгина РФИ раҳбарияти мурожаат қилиши мумкин, - деди Семён Андреев.
Бундан ташқари, Этика қўмитаси аъзоси Андрей Созин ҳам Сергей Юраннинг иддаоси бўйича ўз позициясини маълум қилди.
- Юран жуда катта баёнот берди ва уни юқори даражада эшитишди. Бу хабарни бутун мамлакат ўқиди. Бунақа айбловларни омма эътиборига ҳавола этишдан олдин, кучли далилларга эга бўлиш керак.Этика қўмитаси аъзолари мустақил равишда мажлис тайинлаш ва кун тартибини шакллантира олмайди. Россия футбол иттифоқи раҳбариятига мурожаат орқали бунга эришиш мумкин.
Биз мавсум бошида Сергей Юраннинг иддаоларини муҳокама қилгандик. У бир марта жазоланган. Ўша пайтда у футбол индустриясининг аъзоси эмасди, чунки жамоаси йўқ эди. Шунинг учун ҳам чора қаттиқ бўлмаган. Ҳозир вазият бошқа. Ўртада РФИ имижи турибди. Буни жиддий ўйлаб кўриш керак, - деди Андрей Созин.
Таъкидлаш жоизки, бундан аввалроқ, “Спартак” клубининг Жамоатчилик билан алоқалар департаменти директори Антон Фетисов Остон Ўруновнинг манфаатларини ҳимоя қилаётган мутахассислар “СКА-Хабаровск” бош мураббийи Сергей Юран иддаоларига қандай муносабатда бўлишини билдирган эди.
- Мендаги маълумотларга қараганда, Остон Ўруновнинг вакиллари Этика қўмитасига расман мурожаат қилишга тайёргарлик кўрмоқда, - деган Антон Фетисов.
Кўриниб турибдики, шу билан бу масала якунлангани йўқ. Энди юриш навбати ЎФАда. Демак, масала ечимини кутамиз...
Фикрлар