Ўруновнинг “Уфа”га трансфери, маоши ва дебюти ҳақида
Остон Ўруновнинг фаолиятига ойдинлик киритди. Яқингача ўйин амалиётисиз қолиб кетиши мумкин бўлган ҳамюртимиз ўзига имкон бермаган “Спартак”дан собиқ жамоаси “Уфа”га ўтгани расман тасдиқланди.
Легионеримиз тиббий кўрикдан муваффақтяли ўтганидан кейин уфаликлар 20 ёшли ярим ҳимоячи билан бир йиллик ижара шартномасини имзолади. “Спартак” билан келишувга кўра, улар келаси ёзда Ўруновнинг трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олиши мумкин.
Остон Ўруновнинг Россия футболига киришида асосий ролни ўйлаган “Уфа” бош директори Шамиль Газизов жамоасининг янги легионери трансфери бўйича айрим маълумотларни очиқлади.
- Биз “Спартак” билан келишувга эришдик, улар Ўруновни трансфер қилиш ҳуқуқи билан бизга ижарага берадиган бўлди. Олдимизда икки хил имконият турибди: айрим шартлар асосида Ўруновни сотиб олиш мажбурияти ва ихтиёрий трансфер қилиш ҳуқуқи. Уни трансфер қилиш мажбурияти футболчининг жамоада муайян миқдорда ўйин ўтказганида кучга киради. Лекин айнан нечта ўйин эканини очиқлашни истамайман, - деди Шамиль Газизов.
Маълумотларга қараганда, “Уфа” мавсум охирида Остон Ўруновни 1 миллион евро эвазига тўлиқ сотиб олиши мумкин.Бундан ташқари, журналистларнинг аниқлашича, ўзбек футболчиси премьер-лига учрашувларининг 50 фоизида қатнашса, "УУфа"га уни тўлиқ сотиб олиш мажбурияти юкланади.
Шунингдек, “Уфа” бош директори кўпчиликни қизиқтирган масала – шартноманинг молиявий томонлари ҳақида ҳам гапирди.
- Худди баҳорда бўлгани каби Остон Ўруновнинг “Уфа”даги маоши “Спартак”да олганидан фарқ қилади. Суммани аниқ айтмайман, лекин биздаги маошини “Спартак”даги билан солиштириб бўлмайди. Остон Ўрунов “Уфа”да бошқа шартлар асосида ўйнашга розилик берди.
Вазият биз учун жуда қулай. Музокаралар одатдагидек ўтди. Бир ой муқаддам уринишларимиз зое кетган эди, биро бу гал масала жуда тез ҳал бўлди, - деди Шамиль Газизов.
Маълумки, ўтган йили “Спартак” Остон Ўрунов билан 2025 йилнинг ёзигача давом этадиган шартнома имзолангани ва унга кўра ўзбекистонлик ярим ҳимоячи йилига тахминан 600 минг евро маош олиши айтилганди.
Бундан ташқари, ёзда Остон Ўруновга Венгриянинг энг кучли клубларидан “Ференцварош” харидор бўлган эди. Бироқ, ҳамюртимизнинг манфаатларини ҳимоя қилаётган мутахассислар ва Остон Ўрунов венгриялик ваъда қилган маошни кам санаб, бу трансферга рад жавобини бергани ҳақида ҳам хабарлар тарқатилган.
Бу Остон Ўруновнинг “Уфа”га учинчи бор келиши. Дастлабки, 2020 йилнинг февралида Тошкентнинг “Локомотив” жамоасидан уфаликлар сафига қўшилган ёш футболчимиз креатив ўйини билан грандлар клублар эътиборини қозонди. Ўтган мавсумнинг икки ярмида “Спартак”дан ижарага олинганидан кейин Остон “Уфа”да ҳам кутилган ўйинни кўрсата олмади. Бунга кўп жиҳатдан “Спартак”га ўтганидан бери давом этиб келган жароҳатлар ҳам таъсир қилди.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йили премьер-лигадаги жойини базўр сақлаб қолган “Уфа” янги мавсумда ҳам қуйи лигага тушиб кетмаслик учун курашадиган кўринади. Ҳозирча, Алексей Стукалов шогирдлари тўртта учрашувдан биттасида зафар қучди ва бир бор дуранг ўйнаб, тўрт очко билан 11-поғонада қайд этилган.
“Уфа” 21 августга белгиланган бешинчи тур баҳсида ўз майдонида амалдаги чемпион “Зенит”ни қабул қилади ва Остон Ўрунов янги жамоаси сафида айнан мана шу учрашувда дебют қилиши кутилмоқда.
Фикрлар