Микель Оярсабаль: "Ламин Ямалнинг 18 ёшида қилаётган ишлари ҳайратланарли"
Испания терма жамоаси ҳужумчиси Микель Оярсабаль жамоадоши Ламин Ямал ҳақида илиқ фикрлар билдирди.
"Менимча, Ламиннинг ўзи ҳам ҳозиргача эришган натижаларини тўлиқ англаб етмаган. Ташқаридан қараётган одамлар ҳам унинг 18 ёшида нималарга қодирлигини тўлиқ тушуниб етмаяпти.
Ҳатто мен унинг 16 ёшида Европа чемпионатида кўрсатган ўйинини тасаввур қилишим қийин. Бу ёшда бундай ишларни қилиш ва шундай таъсир кўрсатиш жуда катта ютуқ.
Шунинг учун бизнинг вазифамиз ҳам, сизларнинг вазифангиз ҳам, умуман ҳамманинг вазифаси ҳам унга ғамхўрлик қилишдир. У ўзини яхши ҳис қилиши, қўллаб-қувватланаётганини сезиши керак.
Чунки бу ёшда барқарорлик ва хотиржамлик бўлмаса, ҳамма нарса издан чиқиши мумкин. Шу боис ҳар биримиз унга бу йўлда ёрдам беришимиз керак", — деди Оярсабаль.
Испаниялик футболчи Ямалга маслаҳат беришдан кўра, уни қўллаб-қувватлаш муҳимроқ эканини таъкидлади.
"Гап унга аниқ бир нарса дейишда эмас. Энг муҳими, унинг ёнида бўлиш ва унга ҳам, жамоага ҳам фойдали бўладиган йўлни кўрсатишдир. Бунда ортиқча ҳиссиётлар ва муболағалардан қочиш керак".
Микель Ямал билан бир жамоада ўйнаш алоҳида тажриба эканини ҳам айтди.
"У билан ўйнаш бошқача ҳиссиёт. Унинг майдонда бўлишиёқ рақибларга муаммо туғдиради. Ламин ўз ҳаракатлари билан рақиб ҳимоясида тартибсизлик пайдо қилади.
Биз эса бундан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишимиз керак. У яратаётган имкониятларни тушуниш ва улардан жамоа манфаати йўлида фойдаланиш муҳим", — деди Испания терма жамоаси форварди.

Фикрлар