Ўзбек клуби Осиё чемпионатида иштирок этади

Ўтган йили Иордания пойтахти Амманда аёллар клублари ўртасидаги Осиё чемпионати бўлиб ўтганди. Унда Ўзбекистон шарафини – “Бунёдкор-W” аёллар жамоаси ҳимоя қилган эди. 

2022 йилги мавсумда ҳам ОФК аёллар клублари ўртасида Осиё чемпионати ташкил қилади. Унда 2 та минтақада жами 8 та жамоа иштирок этади. Ғарб минтақасида Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони – “Сўғдиёна-W” Ҳиндистон, Эрон ва Иордания чемпионларига қарши баҳс олиб боради. Мусобақа 15-28 август оралиғида ўтказилиши белгиланган. 

Аёллар жамоалари ўртасида Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан ўтган мавсумдаёқ йўлга қўйилган лицензиялаш жараёни қитъада аёллар футболини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратаётган ОФК томонидан 2022 йилдан бошлаб, барча аъзо давлатларда ҳам мажбурий тартибда татбиқ этилади. 

Шу аснода, 2023 йилда аёллар жамоалари ўртасида 8 та клуб иштирокида илк наъмунавий Осиё Чемпионлар лигаси ташкил қилинса, 2024 йилдан эътиборан аёллар жамоалари учун тўлақонли ОЧЛга старт берилади ва унда фақат лицензия олган клубларгина иштирок этади. 

Маълумот учун, 2021 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг “Сўғдиёна-W” ҳамда “Бунёдкор-W” жамоалари Осиё бўйича энг биринчи аёллар клубларидан бўлиб ОФК лицензиясига эга чиқишган.

ЎзПФЛ матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!