"Озгина "калтак" едик, бошқа таклифлар "Қизилқум"ни тарк этишимга арзимасди". "Ал-Гарафа" устози Страмаччони Тўхтахўжаев билан қандай ҳазил қилди? Футболчимиз Қатарга кетиш тафсилотларини айтди
Sports.uz сайти орқали куни кеча Ислом Тўхтахўжаевнинг “Ал-Гарафа” клуби билан шартнома имзолагани тўғрисида хабар бергандик. Қатарликлар ушбу трансферни тасдиқлади. Ислом эса янги жамоасига ўтганидан кейин дастлабки фикрларини бизнинг сайтимиз учун билдирди.
- Ислом аввало, яна легионерга айланганингиз билан муборакбод этаман. Қандай қилиб “Ал-Гарафа”нинг қизиқишини уйғота олдингиз?
- Раҳмат. “Ал-Гарафа” жамоасига тажрибали ўйинчи керак бўлган экан. Кўплаб футболчилар орасида мени маъқул кўришиб, таклиф билан чиқишди. Музокаралар 10 кунча давом этиб, охири келишувга эришдик.
- Рости, 33 ёшингизда Қатар Юлдузлар лигасидек кучли чемпионатга кетишингизни кутмагандик. У ерда тезкор ўйинчилар бор, қийналиб қолмайсизми?
- Ўзимни ҳали анча ёш ҳис қиляпман. Доим ўйнаб юрган футболни ўйнашда давом этаман. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади.
- Бош мураббий италиялик Андреа Страмаччонини биламиз. У билан илк суҳбатингиз қандай ўтди ва сизга нималар деди?
- Биринчи суҳбатдаёқ билдимки, ажойиб инсон экан. Билсангиз, “Интер” мухлисиман. У “Интер”да бош мураббий бўлиб ишлаганила мухлислик қилганман. Шунинг учун у билан ишлаш мен учун жуда қизиқ.
- Страмаччони билан суҳбатда "Интер"га мухлислик қилганингиз ҳақида айтдингизми?
- Албатта айтдим. У ҳам жуда ёш бўлганини эслаб расмларини кўрсатди. Мураббийлик қийин касб эканини айтиб, қариб қолдим деб ҳазил қилиб қўйди.
- Агар “Ал-Гарафа”дан таклиф бўлмаганида “Қизилқум”да қолармидингиз ёки барибир у ердан кетмоқчи эдингизми?
- Албатта, “Қизилқум”да қолардим.
- Янги клубда қайси рақамни танладингиз?
- Ҳар доимгидек 20-рақамни.
- Бу таклифни қабул қилишингизда табиийки, юқори маош ҳам ўз сўзини айтмасдан қолмади. Ёки бу таклифни қабул қилишингизда пулдан ҳам муҳим сабаб бўлдими?
- Биринчи навбатда жамоанинг мақсади ўзига хос обрўси роль ўйнади. Албатта, тан оламан, молиявий томонлама ҳам хоҳлаймизми-йўқми, роль ўйнайди.
- Қатарда легионерларимиз учтага етди. Сиздан ташқари, Сардор Рашидов билан Бахтиёр Қосимов ҳам бор. Бирданига ўзбек футболчиларига қизиқиш ортганига нима сабаб деб ўйлайсиз? Шунингдек, у ердаги ҳамюртларимиз билан алоқадамисиз, кўришдингизми?
- Қатарда бизнинг футболчиларга доим қизиқиш бор. Бунинг ортида терма жамоамизнинг ва клубларимизнинг ўрни бор. Йигитлар билан албатта алоқада бўламиз, Худо хоҳласа.
- Сиз илк бор бу клубдан қизиқиш борлигини кимдан эшитдингиз? Аслида легионерга айланиш режангизда бормиди? Ё ҳаммаси кутилмаганда содир бўлдими?
- Санжар Шоаҳмедовнинг акаси Сарвар ака жуда катта меҳнат қилди. Унга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Ҳар хил давлатлардан таклифлар бор эди. Лекин улар “Қизилқум”ни тарк этишимга арзимасди.
- Қизиқ, Сарвар Шоаҳмедовни қандай алоқаси бор? Ёки у сизга агент сифатида кўмаклашдими?
- Ҳаммаси Сарвар орқали бўлди. Бу ерда баъзи клублар билан алоқа ўрнатган.
- Одатда, бирор футболчи янги клубга ўтса, қандайдир ўзига яраша анъаналар билан кутиб олишади ёки машғулотда нимадир қилишади? Бу борада сизни қандай қарши олишди? Сиз билан нима рўй берди?
- Клуб ходимлари ва футболчилар жуда ҳам илиқ кутиб олишди. Ҳозирги кунда модага айланган “коридор”да озгина “калтак” едик, Брахими билан биргаликда.
- Брахими билан танишув қандай бўлди?
- Яхши кутиб олди. Ажойиб инсонлиги билиниб турибди.
- Клубни мақсади қандай?
- Ҳар доимгидек, юқори ўринлар учун курашиш. Шу ўринда “Қизилқум”дагиларга раҳмат айтаман. Уларга омад тилайман. Сизлардан фақат дуо қилиб туришларингизни истайман. Юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишлик насиб қилсин.
Фикрлар