ЎзПФЛ қарздорлиги мавжуд бўлган клублар учун қатъий чора кўради

ЎзПФЛ Ижроия қўмитаси йиғилишида қарздорлиги мавжуд бўлган футбол клублари масаласи ҳам кун тартибига қўйилди. Бу борада ташкилот яқинлашиб келаётган ёзги трансфер ойнаси вақтида айрим чораларни ишга солиш таклифини берди ва мазкур масала бир овоздан тасдиқланди.

Ўзбекистонда футболчиларни рўйхатдан ўтказишнинг ёзги даври 4-30 июль саналарига тўғри келади. Бироқ бунда лицензиялашнинг энг биринчи талабини унутмаслик керак бўлади.

Бугунги кунда аёллар ва футзал жамоаларидан, шунингдек, футболчилар ва бошқа ишчи-ходимлар олдида, трансферлар масаласида бошқа клублардан қарздорлиги мавжуд жамоалар бор. Шундан келиб чиқиб, ЎзПФЛ янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш олдидан мазкур масалани биринчи планга олиб чиқади. Тегишли масала бўйича тасдиқланган бухгалтерия ҳисоб-китоби тақдим этилгандан сўнг рўйхатдан траўтказиш даврида янги операцияларни амалга ошириш учун рухсат этилади.

Бунда янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш ёки ўтказа олмаслик масаласи клубларнинг ўз қўлида эканлигини тўғри талқин қилиш лозим. Агар жамоа 15 июлга қадар мавжуд қарздорликни тўлиқ бартараф этмаса, клуб янги операцияни амалга ошира олмайди.

Бу борада ЎзПФЛ ҳеч қандай кафолат хатларини қабул қилмайди. Агар клуб мавжуд жамоалари, ишчи-ходимлари билан ҳисоб-китобни белгиланган тартибда амалга ошираётган бўлса ва тўловнинг кечикиш даври фақатгина июнь ойи билан боғлиқ бўлса, бухгалтерия таҳлилидан келиб чиқиб, мазкур клубларга истисно тариқасида рўйхатдан ўтказиш даврида ҳаракатланишга рухсат берилиши мумкин.

Қолган барча ҳолатларда футбол клублари ўз тизимидаги ишчи-ходимлар ҳамда бошқа клублар олдидаги мажбуриятларини бажарган бўлишлари талаб этилади.

Манба: ЎзПФЛ матбуот хизмати.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!