Parmalive.com: Файзуллаевга Европадан қизиқиш ортяпти, нархи яна ошади!
Аббосбек Файзуллаев профессионал футболчилик фаолиятини яқинда бошлаган бўлса-да, қисқа фурсатда салоҳияти юқори эканини кўрсата олди.
20 ёшли футболчимиз Россия Премьер-лигасидаги дебют мавсумини муваффақиятли ўтказиб, чемпионатнинг асосий кашфиёти бўлди, йилнинг энг яхши ўйинчиси ғолиблигига давоъгарлик қилган ўн нафар футболчи қаторидан жой олди.
Бундан бир неча ҳафта муқаддам Италия футболи, хусусан, “Парма” клуби фаолиятини ёритиб келаётган www.parmalive.com сайти А Серияга қайтган клуб Аббосбек Файзуллаев қизиқаётгани ҳақида маълумот тарқатган эди.
Бугунги кунга келиб, пармаликларнинг қизиқиши сусаймаган. Клуб таркибни юқори дивизионга мосламоқчи. Шу боис, бир неча иқтидорли ўйинчилар нишонга олинган. Бу ҳақда мазкур сайт эксперти Жузеппе Эмануэле Фризоне маълум қилди.
- Аббосбек Файзуллаев Россия футболига катта таъсир ўтказишда давом этмоқда. 2003 йилда туғилган ўзбекистонлик плеймейкерга бир неча ҳафта аввал “Парма” эътибор қаратганди. Яқиндагида Файзуллаев ўзини энг яхши ёш ўйинчи сифатида намоён қилиб, “Йил кашфиёти” совринини қўлга киритди.
“Ўзбек Мессиси” лақаби билан ҳам машҳур Аббосбек Файзуллаев ҳозир ЦСКА ўйинчиси ҳисобланади, лекин яқин ҳафталар ичида унга Европа клубларининг қизиқишлари ортиши кутиляпти.
Иқтидорли плеймейкер бошқа ютуқларидан ташқари, Ўзбекистон терма жамоаси сафида ёзги Олимпия ўйинчиларининг футбол турнирида иштирок этиши керак.
Бу мусобақадаги муваффақиятли ўйин унга бўлган қизиқишнинг ортишига ва ўз навбатида трансфер суммаси ошишига олиб келади, - деб ёзди Жузеппе Эмануэле Фризоне.
Аббосбек Файзуллаев Россия Премьер-лигаси ва мамлакат кубоги доирасида ЦСКА сафида жами 32 та учрашувда қатнашиб, бешта гол ва 14 та ассист муаллифи бўлди.
Трансферларга ихтисослашган transfermarkt.world портали ўзбекистонлик ҳужумкор футболчини янгиланган рейтингда 6 миллион еврога баҳоламоқда.
Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоалари сафида Қатар мезбонлик қилган иккита Осиё кубогида иштирок этиб, мухлису мутахассислар эътибори ва эътирофига сазовор бўлди.
Фикрлар