"Парвоз" катта мураббийи: "Андижон"нинг ўйинларини телевизор орқали кўриб бораман, сифатли жамоа"
“Андижон” – “Парвоз” (Тожикистон) (5:0) учрашувидан кейин рақиб жамоанинг катта мураббийи Можи Муҳитдинов “Андижон” матбуот хизмати учун ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Учрашув борасида фикрларингиз қандай?
- “Андижон” жамоасига ўйин учун раҳмат. Жуда яхши жамоа экан. Бу каби ўйинлар кўпроқ бўлса, жамоалар учун фойда бўлади. Биз учун ҳам бу ўйин чемпионатга тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Бизда чемпионат давом этмоқда, турдан-турга тайёргарлик кўряпмиз.
- Умуман олганда, “Андижон” тўғрисида яна нималарни айта оласиз?
- Рақиб яхши тайёрланган жамоа экан. Мураббийнинг иши кўринмоқда. “Андижон” ўйинларини телевизор орқали кўриб бораман, жуда сифатли жамоа. Шундай ўйин таклиф қилгани учун жамоа аъзоларига раҳмат айтаман, бундай ўйинларимиз келажакда ҳам давом этади.
- Жамоамиз сафида қайси футболчиларнинг ўйинлари сизга кўпроқ ёқди?
- 7 (Бобур Фарҳодов) ва 8 (Фарҳод Бекмуродов) рақамдаги ўйинчилар менга ёқди, анча тажрибали ўйинчилар экан.
- 5:0 ҳисобини кутмаган бўлсангиз керак-а?
- Ҳа, сизлар Суперлигадасизлар, биз биринчи лигадамиз. Ҳозирда чемпионат давом этмоқда. Тўлиқ таркибимиз йиғилмаган, кўплаб футболчиларимиз жароҳат олган, шунинг учун шундай натижа рўй берди.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар