"Персеполис"да рақобатдан қочганим йўқ, Эрон чемпионатида тўпурар бўлмоқчиман" - легионеримиз клубини нега ўзгартиргани сабабларини айтди
Йил бошида иқтидорли ҳужумчи Шерзод Темиров “Пахтакор”ни тарк этиб, Эрон чемпионатига йўл олди. Таниқли клубларидан бири – “Персеполис” аъзосига айланди.
Орадан 6 ой ўтгач, Темиров у ерда жамоасини ўзгартиришга қарор қилди. Энди ҳамюртимиз Эрон чемпионатида бошқа бир жамоа – “Пейкан” шарафини ҳимоя қилади. Легионеримиз янги клубида дебют ўйинини ҳам ўтказишга улгурди. Шундан сўнг, Sports.uz учун вақт ажратди.
“Эндигина Эрон чемпионатига мослашдим”
- Аввало, Ўзбекистон халқини Мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Умуман олганда, менинг “Пейкан” жамоасига ўтиш ёки ўтмаслигим номаълум бўлиб турганди. Сабаби, олдимда анчагина таклифлар бор эди. Мен эндигина Эрон чемпионатига мослашдим. Бу ерда 6 ойдан бери ўйнаяпман. Шу вақт мобайнида Эрон чемпионатида ўзим учун анча нарсаларни олдим ва кўникиб қолдим.
“Пейкан” ёшларга кўпроқ эътибор беради”
- “Пейкан” клуби президенти ва бош мураббийи тўғридан-тўғри мен билан мулоқотда бўлиб турганди. Улар мени ўз жамоасига таклиф қилишларини айтдилар. “Пейкан”да асосий вазифа – кучли учталикка кириш. Клубнинг номи бежизга “Пейкан” эмас. Бу ерда ҳар бир ўйин жанг, кураш ва финалдек ўтади. Клуб раҳбарлари ва мураббийларининг энг катта мақсади ҳам шу. Ҳар бир учрашувдаги уч очко “Пейкан” учун ниҳоятда муҳим. Тўғри, бу номдор жамоа бўлмаслиги мумкин. Лекин “Персеполис”га ҳам, “Истиқлол”га ҳам етарлича қаршилик кўрсатишга қодир. Клубнинг таклифига биноан у ерга бордим, мени яхши кутиб олишди. Жамоадагилар билан яқиндан танишдим. “Пейкан” ажойиб футболчилардан ташкил топган. У ерда кўпроқ ёш жамоа йиғилган. Айнан ёш, иқтидорли ўйинчиларга эътибор берилади.
“Персеполис” билан “Пейкан” ўртасида катта тафовут йўқ”
- “Персеполис”да қолсам ҳам бўларди. Бу масалада менда ҳеч қанақа босим бўлгани йўқ. Жамоа бош мураббийи билан гаплашгандим. Эътибор берсангиз, “Персеполис” фақат битта ҳужумчи билан ўйнайди. Клуб яқинда янги ҳужумчини харид қилди. Англияда ўйнаган тажрибали футболчи. Аммо бу мени рақобатдан қочдим, дегани эмас. “Персеполис” раҳбарияти ҳамда бош мураббийи билан мулоқот қилган чоғимда сенга жавоб бериш ниятимиз йўқ, деб айтишди. Ихтиёр ўзингда, қолишни истасанг қол, дейишди. Аммо етарли ўйин амалиётига эга бўлмасангиз жамоанинг номи ёки бошқа нарсаси юқори бўлса ҳам, буни ўзингиз учун хазм қилишингиз қийин бўлади. Тўғри, клуб билан чемпионликка эришиш ёки кубокни ютиш мумкин. Аммо у ерда шунчаки захирада ўтириб, ёрдам бера олмайсиз. Ҳар бир ўйинда ўйнаш ва юқорига интилиш учун кўпроқ меҳнат ва шуғулланиш керак. “Персеполис”га европалик футболчи келгани учун тактика ўзгармасдан қолди. Биз иккита ҳужумчи билан жуда кам ўйнаймиз. Яъни, 4-4-2 схемасини кам қўллаймиз. Асосан 5-4-1 тактикасида тўп суради. Қолсанг қол, қолмасанг қолма, деган жойида мен ҳаммасини яхшилаб ўйлаб кўрдим. Фойдам тегадиган жамоага боришни хоҳладим. “Пейкан” билан музокаралар давомида ҳам менга яхши таклифлар бор эди. Бошқа давлатда ҳам тўп суришни истагандим. Аммо Эрон чемпионатига эндигина мослашдим. Легионер бўлиб ўйнаётганимга 6 ой бўлди. Бошқа чемпионатга борсам, яна мослашиб ўйнагунимча 6 ой вақт йўқотишимга тўғри келади. “Пейкан” билан музокараларимиз ижобий ҳал бўлди. Бундай олиб қараганда, “Персеполис” билан “Пейкан” ўртасида катта фарқ йўқ. Молиявий ёки бошқа томонлама ҳам бир хил. Тўғри, ном жиҳатидан кичикроқ бўлиши мумкин. Аммо “Пейкан” ҳам ўзининг тарихига эга жамоалардан бири.
“Персеполис”дан хафагарчилик йўқ”
- “Персеполис” билан яхши хайрлашдим. У ердагиларга раҳмат айтаман. Бу жамоага яна қачондир қайтиб келиш эҳтимолим жуда катта. Бунинг учун меҳнатдан, сабрдан ҳеч қачон қочмайман. Фақат шуни айтишим керакки, “Персеполис”да ўз ўрнимга эга эдим. Ушбу жамоада топ-футболчилар йиғилган. Аксарияти Эрон терма жамоасида тўп суришади. Улар билан бирга тўп сурганимдан хурсандман. “Персеполис”дан хафагарчилик туфайли кетганим йўқ. Бош мураббий Яҳё Гулмуҳаммади, раҳбарият, менежерларга катта раҳмат. Жамоа аъзоларига ҳам менга яқиндан ёрдам берганлари учун миннатдорман.
“Олий мақсадим Европанинг топ-клубларида тўп суриш"
- Ҳозирги ҳаётимдан жуда мамнунман. Янги жамоам ҳам катта оила. Машғулот ва ўйинлар яхши кетяпти. Менда ортиқча қийинчилик йўқ. Яхши шароитлар яратиб беришган. Бунинг учун раҳбариятга раҳмат. “Пейкан”га яқиндан ёрдам бериб, Худо хоҳласа Эрон чемпионатида тўпурар бўлиш ниятим бор. Энг олий мақсадим Европанинг тор-клубларида тўп суриш.
“Илк ўйиндаги таассурот мен кутгандан ҳам ўзгача даражада”
- Янги жамоамдаги илк ўйинимни ўтказдим. Таассуротларим мен кутгандан ҳам ўзгача даражада. Бу жамоа билан юқори ўринлар учун курашамиз. Дебют учрашувимда 0:0 ҳисоби қайд этилди. У ерда менга 70-рақамни беришди. Лекин рақамни у қадар аҳамияти йўқ, майдонда сиз ўйнайсиз, рақам эмас.
Фикрлар