ПСЖ Кейн ва Осимхен трансфери ўхшамагач, эътиборини ёш талантга қаратди
ПСЖ "Бенфика" ҳужумчиси Гонсалу Рамушни ўз сафига қўшиб олмоқчи.
"L'Équipe" нашри хабарига кўра, парижликларнинг марказий ҳужум позициясидаги асосий нишонлари билан музокаралар яхши кечмаяпти.
"Наполи" ҳужумчиси Виктор Осимхен варианти бор эди. Аммо Неапол клуби раҳбариятининг талабларини қондиришни Париж гранди хоҳламайди. Шу сабабли, ушбу трансфер деярли амалга ошмаслиги маълум бўлиб улгурди.
Харри Кейннинг ҳам ПСЖга ўтиши қийин масала. Сабаби, англиялик ҳужумчи Франция чемпионатида тўп тепиш ниятида эмас. Шунингдек, ПСЖ ҳамда "Тоттенхэм" ўртасидаги муносабатлар илиқ. Шу боис, парижликлар Кейн трансферига "ёпишиб" олганича йўқ.
Клуб спорт директори Луиш Кампу Гонсалу Рамуш трансферини хоҳламоқда. У "Бенфика" сафида ўтган мавсум жами 47 та ўйинда майдонга тушиб, 27 та гол уришга эришган. Португалия гранди ёш форвардни 120 миллион еврога баҳоламоқда.
Фикрлар