
Равшан Ҳайдаров: "Энди бор эътиборимизни бунданда юксакроқ зафарларни қўлга киритишга қаратамиз"
20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубоги финалидан ўрин олган Ўзбекистон - Ироқ учрашувида 1:0 ҳисоби қайд этилди ва унда вакилларимиз зафар қучиб, мусобақа чемпионлигини қўлга киритди. Беллашувдан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида Ўзбекистон бош мураббийи Равшан Ҳайдаров иштирок этиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
"Албатта, халқимиз, Юртбошимиз ва миллат олдида чиройли ғалаба тақдим этганимиздан хурсандмиз! Бугунги қийин ўйинни муваффақиятли якунлаб, мухлислар ишончини оқлай олдик.
Ироқ термаси ҳам кучли ўйин намойиш этди. Аммо биз кўпроқ вазиятлар яратдик ва ҳақли тарзда мусобақа ғолибига айландик, ўйлашимча.
Иккинчи марта Осиё чемпионлигини қўлга киритдим, тўғри. Аммо олдингиси U-23 термамиз билан эди. Бу ёшдаги жамоалар билан ҳам чемпион бўлиш бахтига муяссар бўлдим. Албатта, инсон муваффақият қозонган сари олдига янги марраларни қўяверар экан. Энди бор эътиборимизни бунданда юксакроқ зафарларни қўлга киритишга қаратамиз.
Бу йигитларнинг кўпчилиги ва балки, деярли ҳаммаси учун илк финал баҳси эди. Ўйлайманки, мухлислар босимидан завқ олишни ўрганишимиз керак. Албатта, маъсулиятни ҳам унутмаслигимиз лозим эди ва биз буни уддалай олдик, менимча. Президентимизнинг ташрифи ҳам босим бўлди, тўғри. Бу ўйинда ҳам сезилди. Шунга қарамай, жамоамиз вазифани ижобий бажара олди.
Мусобақа ғолиби бўлиш кўп меҳнатни талаб қилади. Албатта, ҳозирги чемпионатнинг алоҳида ютуғи - мухлислар. Хитойдаги турнирдан бунисининг фарқи мана шунда бўлди. Халқимиз кўз ўнгимизда бизни керагидан ортиқ даражада қўллаб-қувватлади. Уларга жамоа номидан ўз миннатдорчилигимни изхор этаман.
Бир ярим йил ичида йиғинлар ўтказдик. Четга чиқмасдан юртимизда машғулотлар олиб бордик ва энг кучлиларини саралаб олдик. Жамоамдан хурсандман. Улар ҳар хил ўйин услуби бўйича ҳаракат қила олади. Йигитлар ҳар қандай тактикага мослашиб кета олади.
Битта камчилигимиз - кам гол уришимизда (кулади). Уни ҳам йўққа чиқаришга ҳаракат қиламиз ва жаҳон чемпионатида бунданда кучлироқ бўламиз, Худо хоҳласа.
Чемпион бўлган терманинг ҳаммаси яхши, дея эътироф этилади. Футболчиларим ўзининг кучли томонларини намойиш эта олди. Аббос ҳам ўзининг энг юқори формасида жамоага ёрдам беришга ҳаракат қилди ва мутахассислар эътирофига сазовор бўлди. Муҳими, ўсишдан тўхтаб қолмаслик керак. Шунда ғалабалар ўз-ўзидан келаверади", - деди мураббийимиз.
Фикрлар