Республика Олимпия захиралари коллежининг 60 йиллиги нишонланмоқда

Бугун, 30 октябр куни ўнлаб Олимпиада совриндорларини етиштириб берган Республика Олимпия захиралари коллежи (РОЗК) ташкил топганининг 60 йиллиги катта тантана қилинди.

Ушбу маскан 1961 йилда илк бор спортчиларни профессионал тарзда тарбиялай бошлаган. Мана шу муддат ичида минглаб халқаро мусобақалар ғолиб ва совриндорлари спортда ўз ўрнига эга бўлди.

Биргина сўнгги уч йилда бу ерда камол топаётган спортчилар томонидан қўлга киритилган 723 та халқаро мусобақаларнинг юқори пробали медалларини мисол қилишимиз мумкин.

Бугунги юбилей сана муносабати билан Республика Олимпия захиралари коллежида ташкил этилган тадбирга ушбу масканда ишлаган собиқ раҳбарлар, мураббийлар ва спорт даргоҳининг илк қалдирғочлари ҳамда шу ерда таҳсил олган етук спортчилар таклиф этилди.

Тадбир давомида Республика Олимпия захиралари коллежи биносида ташкил этилган, ушбу маскан тарихидан сўзловчи махсус музейнинг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Музейда фахрийларнинг ўзлари бир пайтлар гувоҳ бўлган тарихий воқеликларнинг оқ-қора суратлари, шунингдек, коллеж тарбияланувчиларининг йирик ғалабалари маҳсули бўлган медаль, кубок ва совринлар ўрин олган.


Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!