"Roland Garros". Фаворитлардан бири сенсацион тарзда ютқазди, Плишковадан устун келган Мугуруса кейинги босқичга чиқди

"Roland Garros" турнирининг аёллар ўртасидаги беллашувларида ҳам кучлилар номи тобора аниқлашиб бормоқда. Асосий баҳсларнинг навбатдаги кунида юз берган сенсация бутун теннис оламини лол қолдирди.

Мусобақанинг 2-тартиб рақамли ракетка соҳибаси, чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири чехиялик Каролина Плишкова бу босқичда латвиялик Елена Остапенко қаршилигини синдира олмади. Рақибасига етарлича баҳо бера олмаган Каролина 6:4, 6:2 ҳисобида мағлуб бўлди ва "Roland Garros"ни тарк этди.

Терма жамоадаги шериги Плишковадан фарқли равишда, чехиялик Петра Квитова кейинги босқич масаласини ижобий ҳал қила олди. Италиялик Ясмине Паолинига қарши кортга чиққан Петра ҳар икки сетни бир хил 6:3 кўринишида ўз номига ёздириб, 3-босқичга йўл олди.

Каролина Плишкованинг эгизаги Кристина ҳам бу босқичдан ўта олмади. Нисбатан маҳоратли Гарбинье Мугурусага қарши баҳс олиб борган Плишковаларнинг каттаси 2 сетда имкониятни бой берди ва турнир билан хайрлашди. Якуний ҳисоб: 6:3, 6:2.

Икки сетда ўйин тақдирини ҳал қилган яна бир ракетка устаси Арина Соболенко россиялик Дарья Касаткинани турнир билан хайрлашишга мажбур қилди. Дастлабки сетда бироз қийинчиликка учраб, тай-брэкда ғалаба қозонган беларуслик спортчи иккинчи сетда рақибасига мутлақо имконият қолдирмади. Якуний ҳисоб: 7:6 (8:6), 6:0.

Юқорида санаб ўтилган теннис маликаларидан фарқли ўлароқ, америкалик София Кенин қийин ғалабани қўлга киритди. Руминиялик Ана Богдан билан ўзаро муносабатларга ойдинлик киритган океанорти вакиласи биринчи сетни 3:6 ҳисобида бой берди. Бироқ 4-рақам остида сараланган Кенин кейинги сетларда ўз даражасига мувофиқ ўйин кўрсатиб, 2-босқичдан муваффақиятли ўтиб олди. Якуний ҳисоб: 3:6, 6:3, 6:2.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!