“Рома” катта трансферни уддалади ва янги юлдузнинг дебюти аниқ!
“Арсенал” тарбияланувчиси Эйнсли Мейтленд-Найлс ўз фаолиятида илк бор Англиядан ташқари тўп тепиш имконига эга бўлди.
“Рома” истеъдодли ярим ҳимоячини ижарага олиш масаласини ижобий ҳал қилди. Таниқли журналист Фабрицио Романо томонлар келишувга эришгани ҳақида маълумот тарқатди.
Манбаларнинг таъкидлашича, 24 ёшли ярим ҳимоячи А Серияда “рома” футболчиси сифатида рўйхатдан ўтказилди. У мавсум охирига қадар Моуриньо қўл остида ўйнайди ва чемпионат ўйинлари якунланиши билан ортга қайтади.
“Рома” спорт директори Тьягу Пинто “канонирлар”ни ижара шартномасига футболчини кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқини киритишга кўндира олмагани айтилмоқда. Айрим манбалар эса, римликларда футболчини тўлиқ трансфер қилиш имкони борлиги келтирилган.
“Арсенал” тарбияланувчиси ҳисобланган Мейтленд-Найлс “канонирлар” сафидан ташқари “Ипсвич” ва “Вест Бромвич” сафида ижарада ҳам ўйнаган. Лондон клуби бош мураббийи Микель Артета жорий мавсумда уни 11 маротаба майдонга туширди.
Мутахассислар “Рома”нинг янги ўйинчиси дебют учрашувини якшанба куни “ювентус” билан бўладиган ўйинда нишонлашини кутмоқда. Чунки жамоа ўнг қанот ҳимоячиси Рик Карсдорп дисквалификация туфайли “Рома”га ёрдам бера олмайди. Найлс эса унинг ўрнини ёпиши мумкин. Бу масалани Жозе Моуриньо бевосита ўйин куни ҳал қилади.
Иккинчи трансфер ҳам пишиб қолди
“Рома” спорт директори Тьягу Пинто кетма-кет иккинчи трансферни уддалаш арафасида турибди. Маълумотларга қараганда, португалиялик мутахассис “Порту” вакилларини универсал ярим ҳимоячи Сержиу Оливейрани мавсум охиригача 1,5 миллион евро эвазига ижарага қўйиб юборишга кўндирган.
Бундан ташқари, “бўрилар” ёзда португалиялик футболчини 15-18 миллион евро атрофидаги маблағ эвазига тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу трансфернинг ижобий якунланишига Жозе Моуриньонинг агенти Жорде Мендеш катта ҳисса қўшган. Бу мутахассис айни пайтда Сержиу Оливейранинг ҳам агенти ҳисобланади.
Моуриньо йўлини топмаса бўлмайди
А Сериянинг қуръаси “Рома”ни кетма-кет иккита жиддий рақибга рўбарў қилган. Бу турда “Милан”дан қақшатқич зарбага учраган Жозе Моуриньо шогирдлари якшанба куни “Олимпико”да “Ювентус”ни қабул қилади.
Бўлажак тўқнашув олдидан Жозе Моуриньо олдида таркиб муаммоси бўй кўрсатди. Айниқса, “Рома”нинг энг нозик нуқтаси бўлиб турган ҳимоя чизиғида малакали ўйинчилар етишмаяпти. Миландаги ўйинда асосий таркиб ҳимоячиларидан Жанлука Манчини ва Рик Карсдорпнинг қизил карточка олиб, майдонни тарк этгани португалиялик мутахассисни янги ечим топишга мажбур қилмоқда.
Моуриньо дисквалификацияга учраган мазкур икки ўйинчи ва жароҳати туфайли ҳали узоқ даволанадиган Леонардо Спинаццола ўрнини босадиган ҳимоячиларга эҳтиёж сезмоқда.
Таҳлилчилар “Милан”га қарши баҳсда Рожер Ибаньес ўнг қанотда Рик Карсдорпнинг ўрнида ишончли оқлай олмаганидан кейин туринликларга қарши Жозе Моуриньо Стефан Эл-Шааравини унинг позицияда ўйнатмоқчи.
Марказий ҳимояда Жанлука Манчини ўрнини Мараш Кумбулла эгаллайдиган бўляпти. Албаниялик ҳимоячига тажрибали Крис Смоллинг ёрдам бериши керак. Шунингдек, ҳимояланишни биладиган Брайан Кристанте ҳам орқа чизиққа жавобгар бўлиши мумкин.
“Ювентус” билан бўлажак беллашувда ҳужум ташкил қилиш жароҳатидан қутилган Лоренцо Пеллегрини ва Генрих Мхитарянга юклатилади.
Хуллас, “Рома”да вазият мураккаб, уни ўнглаш учун Моуриньо анчагина бош қотиришига тўғри келади.
Фикрлар