Янги йилнинг биринчи голини Шомуродов уриши керак ёхуд “Милан” – “Рома” баҳсига оид 11 факт
Бугун Тошкент вақти билан 22:30 да “Рома” 2022 йилдаги илк расмий учрашувини машҳур “Сан-Сиро” аренасида “Милан”га қарши ўтказади. Маълумки, пойтахт клуби таркибида ўтган йилнинг энг охирги голини Элдор Шомуродов урган ва бу аниқ зарба Жозе Моуриньо шогирдларига бир очко келтирган эди.
“Милан” – “Рома” учрашуви олдидан таркибларни тахмин қилиб, ўйинга анонс тайёрлаётган оммавий ахборот воситалари баҳс голларга бой бўлишини ва римликларнинг янги йилдаги илк тўпини Элдор Шомуродов киритишини кутмоқда.
Sports.uz портали уларнинг фикрларини қўллаб-қувватлаган ҳолда “Милан” – “Рома” учрашувига оид қизиқарли фактларни эътиборингизга ҳавола қилади.
1 – “Милан” А Серия ўйинларида энг кўп “Рома”ни ютган. Миланликлар 173 та учрашувдан 77 тасида зафар қучган. 51 та ўйинда кучлар тенг келган ва римликлар 45 та ғалабани тантана қилган. Сўнгги икки баҳс ҳам Пиоли шогирдлари ғалабаси билан якунлаган. Агар бу гал ҳам мезбонларнинг қўли баланд келса, улар 1996 йилдан бери илк бор ғалабалар сериясини учтага етказиб олади.
2 – Ушбу икки жамоа “Сан-Сиро”да жами 86 маротаба тўқнаш келган. Арена эгалари шулардан 47 тасида рақибни таслиқ қилган. Дуранглар сони 20 тани ташқил қилса, пойтахтликлар сафар учрашувидан 19 марта хурсанд ҳолда қайтган.
3 – “Милан” ва “Рома” аввал ҳам 6 январь куни бир бор тўқнаш келган. 2004 йилнинг 6 январида “Милан” Андрей Шевченконинг дубли эвазига “Олимпико”дан уч очко билан қайтган эди.
4 – 2021 йилда “Милан” А Серияда жами 27 та баҳсда ғолиб чиқди ва бу жамоа тарихидаги иккинчи кўрсаткич. Жамоа 1950 йилда миллий чемпионатда 28 та беллашувни ўз фойдасига ҳал қилгани ҳали янгиланмаган рекорд ҳисобланади.
5 – “Милан” бугунги кунда кучли бешлик чемпионатларида жарима зарбасидан гол уриш бўйича пешқадам ҳисобланади. Ҳозирча улар тўрт мартда жарима зарбасини тўғри рақиб дарвозасига жойлаган.
6 – Златан Иброҳимович А Серия доирасида “Рома” дарвозасини 11 маротаба ишғол қилган. Рим клуби швед ҳужумчисининг “севимли” жамоаси ҳисобланади.
7 – Анте Ребич А Сериядаги 25 та голидан 22 тасини мавсумнинг иккинчи ярмида киритган. Шулардан иккитасини 2020 ва 2021 йилги мавсумларнинг иккинчи қисмида “Рома” дарвозасига жойлаган.
8 – Тео Эрнандес А Сериянинг жорий мавсумида ҳимоячилар ўртасида голли пас ошириш бўйича пешқадамлик қилмоқда. Франциялик футболчи ҳозирча бешта ассистни амалга оширди. Иккита гол урганини инобатга олсак, гол+пас тизими бўйича ҳам Тео лигада етакчи.
9 – “Рома” тарбияланувчиси Алессандро Флоренци 2011 йилнинг 22 майида дебют қилганидан бери пойтахтликлар учун энг кўп 227 та учрашув ўтказган. Бу гал у “Милан” шарафини ҳимоя қилади.
10 – Миланликларнинг яна бир ҳимоячиси Алессио Романьоли ҳам А Сериядаги дастлабки 13 та учрашувини “Рома” сафида ўтказган.
11 – Давиде Калабрия А Сериядаги жами еттита голидан биринчисини 2018 йилнинг февралида “Рома” дарвозасига киритган.
Жорий мавсумда чемпионлик учун курашаётган “Милан” 19 та учрашувда 13 та ғалаба, учта дуранг ва учта мағлубият билан 42 очко тўплаб, мусобақа жадвалининг иккинчи поғонасидан ўрин эгаллаган.
Жозе Моуриньо шогирдлари эса ўнта ғалаба, иккита дуранг ва еттита мағлубият қайд этиб, жадвалнинг олтинчи қаторида бормоқда. Биринчи даврада Рим мезбонлик қилган учрашув 1:2 ҳисобида миланликлар ғалабаси билан якунланган.
Фикрлар