“Рома” ва Роналду масаласи ҳал бўлди!

Италия матбуоти “Манчестер Юнайтед”нинг янги бош мураббийи Эрик тен Хаг қўллайдиган тактик схемаларга тўғри келмаётган Криштиану Роналду А Серияга қайтиши ва ўзини “Реал”да шуғуллантирган Жозе Моуриньо бошқараётган “Рома”га ўтиши ҳақида бонг урмоқда.

Италиялик журналистларнинг ёзишича, Роналду ва Моуриньога агентлик қилаётган Жорже Мендеш бу трансфер бўйича иш олиб бораётган экан.

Шунга қарамай, Англияда бу хабарни рад этишди. Таниқли журналист Жонатан Шрагер Криштиану Роналду манчестерликлар билан келаси мавсум охиригача давом этадиган шартномасини тўлиқ ўташини аниқлади.

- Криштиану Роналду бу ёз “Манчестер Юнайтед”дан кетишни режалаштирмаяпти. Унинг кетиши ҳақидаги хабарларда ҳақиқат йўқ. Роналду “Юнайтед”да қолади, - деб ёзди манба.

Роналду Англияга қайтганидан кейин барча турнирларда 38 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 24 марта ишғол қилди ва жамоасининг энг яхши тўпурари бўлди. Шундай бўлса-да, Роналду фаолияти давомида илк бор Чемпионлар лигасида иштирок этмайдиган бўлди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!