Роналдусиз “Ювентус” президентсиз “Барселона”га қарши (Превью)

“Барселона” итальян клублари билан бир гуруҳда ўйнаш ва улар билан шоу уюштиришни яхши кўради. Буни каталонияликларнинг мухлислари ижобий ва салбий маънода тушуниш имкониятига эгалар. “Милан” билан кетма-кет гуруҳ босқичидаги тўқнашувлар қандай ажойиб ўтгани ҳамон ёдимизда. Ўтган мавсумда ёш Фати “Интер”ни гуруҳда қолдириб кетган голни қандай ургани хотираларингиз сарҳадларини тарк этиб улгурмаган, деб ўйлайман. 

2015 йилда сўнгги бор ЕЧЛ бош совринини қўлга киритган “блаугранас”, кейинги 5 йилда ҳар гал шармандали мағлубиятлар билан мусобақадан чиқиб кетяпти. 2 бора мана шу воқеа итальян клублари билан содир бўлган. Бири айнан “Ювентус”дан учралган аламли мағлубият ва иккинчиси  “Олимпико”да юз берган “Рома” мўъжизаси. 

“Барса” ҳақида кириш қисмида етарлича гапирдик. Хўш, “Ювентус”да нима гаплар? Жамоа кетма-кет 9 мавсумдан буён ўз чемпионати тахтини ҳеч кимга бермай келяпти. Чемпионлар Лигасида шу давр мобайнида 2 маротаба финалда ўйнаб, ҳар иккисини ҳам бой берди. Тан олиш керакки, “Барселона”га рақиблик қилган йил ҳам, “Реал” билан кубок талашган мавсум ҳам улар финалга иккинчи жамоа сифатида ташриф буюрган. 

Ўтган мавсумда жамоа “Лион” томонидан Португалиядан қувиб юборилди. Роналдунинг Туринга келганига кўп бўлмади, аммо клуб унга аллақачон суяниб қолиб бўлди. Сабаби, жамоада авлодлар алмашинуви бўлмоқда. Ёш ва иқтидорли футболчилар қанчалик кўп бўлмасин, уларни олдинга бошловчи ва бирлаштириб турувчи катта футболчилар бўлмаса, натижаларга эришиш мушкуллашаверади. 

Бугун икки жамоа ҳам ўч олиш кайфиятида “Альянц” стадионига йиғилади. “Юве” 2018 йилги гуруҳ босқичидаги мағлубият учун қасос ўтида ёнаётган бўлса, “Барса” “эл-класико”даги мағлубият аламида Туринга етиб келди. Жамоаларнинг муҳим ўйин олдидан ҳолатида қандай янгиликлар борлиги ҳақида сўз юритамиз.

“Ювентус”

Роналдунинг майдонга туша олмаслиги тақдир ҳазилига ҳам ўхшаб кетади. Биз икки буюк футболчининг ўзаро курашининг энг камида биттасидан қуруқ қоладиган бўлдик. Келгуси баҳсга умид боғлашдан бошқа имконимиз йўқ. Аммо у пайтгача Мессида жароҳат ёки бошқа сабаблар туфайли муҳим ўйинда қатнаша олмаслик ҳолатлари кузатилмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. 

Хўш, бугунги “Ювентус”нинг кучи нимада? Шахсан, кенг имкониятларда, деган бўлардим. Сабаби, жамоада ҳар бир позицияда алтернативлар мавжуд. Федерико Кьезанинг фаоллигини эса алоҳида таъкидлаган бўлардим. Унинг ўнг қанотдан уюштирадиган рейдлари ва ақлли узатмалари Мората каби юқори классли ҳужумчиси бор жамоага айни муддао бўлиши табиий. 

Дибалада киришимлилик билан боғлиқ муаммолар борлиги кўриниб қоляпти. Ҳар қандай янги мураббий уни, даставвал, кўп вақт захирада ушлаб турибди. Бугун эса катта эҳтимол билан уни асосий таркибда кўрамиз. 

Аньелли бошлиқ “кекса сеньора” раҳбарияти тажрибасиз Пирлога ўз жамоаси ва фалсафасини қуриб олиши учун имкон қадар керакли футболчиларни олиб берди. Маккенни, Кулусевски, Мората ва Артур Турин клубининг росмана омадли харидлари бўлди, дея оламиз. Энди улардан қай тартибда фойдаланиш “маэстро”нинг ўзига боғлиқ. 

Тахминий таркиб: Шенсни, Куадрадо, Демирал, Данило, Фработта, Кулусевски, Бентанкур, Рабьо, Кьеза, Дибала, Мората. 

Иштирок эта олмайди: Алекс Сандро, Кьеллини, Роналду, Де Лигт.

ElVYDWEXgAAyosN

“Барселона”

Каталонияликлар ҳам ўз рақиблари сингари авлодлар алмашинувини бошидан кечираётган жамоа саналади. Аслида, бу ишни бир неча йил аввал амалга ошириш лозим эди. Аммо бунинг учун ўз сўзи ва имзосига эга кучли мураббий камлик қилаётганди. Рональд Куман - тажрибали мутахассис. “Барселона” унга бегона эмас, “mes que un club” нимани англатишини жуда яхши тушунувчи клуб афсоналаридан бири. Аммо у билан Хави қўрққан ҳодиса содир бўлмаслиги муҳим. Нидерландиялик собиқ ҳимоячини каталонияликларнинг миллионлаб мухлислари футболчи сифатида бир олам қувонч ва шараф билан хотирлашади. Мана шу ҳурмат ва эътибор мураббийликда йўл қўйиши мумкин бўлган хато ва камчиликлар остида кўзга кўринмай кетиши ҳам мумкин. Аммо бир ҳолат ҳам эътиборни тортади: “Барселона” афсоналари клуб бош мураббийлигини қўлга олар экан доим яхши натижалар билан футболчилик йилларидаги шуҳратини яна бир карра кўтариб олишади - Кройф, Райкард, Гвардиола, Энрике…

Жамоада бир қатор ёш ва умидли футболчиларни кўрмоқдамиз. Фатини инобатга олмаганда, қолган футболчилар бошқа жамоалардан харид қилинган. “Ла Масия” сўнгги йилларда истеъдодларни анча кам чиқара бошлади. Бу албатта, янги сайланадиган президент учун биринчи галда ҳал қилиниши лозим бўлган масала. 

Бугун Фати, Тринкау, Педри каби ёшлар ўзларини яна бир гранд жамоа сафида тўп сураётган тенгқурлари билан синаб кўриш имкониятига эга бўладилар.

Тахминий таркиб: Нету, Дест, Араухо, Лангле, Алба, Пьянич, Де Йонг, Дембеле, Месси, Фати, Гризманн.

Иштирок эта олмайди: Тер Штеген, Коутиньо, Пике, Умтити. 

EladupUWoAEz7X7

Мураббийлар

Андреа Пирло: “Барселона” юқори савияли жамоа ва чемпионларни ўзида жам этган. Месси ҳам топ-классни ушлаб турибди. Месси билан футболчи сифатида кўп бор тўқнаш келганман. Энди эса илк бор мураббий сифатида унга қарши тураман. 

Мен қўл остимдаги ҳимоячилар билан курашга киришга мажбурман. Сабаби, ихтиёримда 4 тагина ҳимоячи қолган. Биз кучли футболчилардан ташкил топган жамоага қарши муносиб жанг қила оладиган даражада кучлимиз”.

ElVYDV3WoAEbXSp

Рональд Куман: “Ювентус” таркибида бугун майдонга туша олмайдиган футболчиларни истисно этганимизда ҳам, улар Европанинг ҳақиқий топ-клуби. Улар ҳимояда жуда кучли футбол намойиш этади. Улар қандай ҳужум қилиш кераклигини билади. Дибала муаммолар туғдиришга қодир, Мората эса жарима майдони ичида доим гол уришга шай ҳолатда туради. Шунингдек, кўплаб тажрибали ярим ҳимоячилар эвазига жамоа янада кучли ўйин кўрсата олади”. 

ElW2SQuXYAEn35Q

Хулоса ўрнида

Ҳар икки жамоанинг ҳимоядаги ишлари ҳавас қиларли даражада эмас. “Ювентус” ҳимоячиларни алмаштириш ва улар жароҳатланган тақдирда, ўрнини тўлдириш имкониятига эга эмас. “Барселона”да эса барчаси ёш Араухо ва Дест каби футболчиларга қараб қолган. Пике “Ференцварош”га қарши ўйинда мутлақо кераксиз нуқтада қизил карточка ишлаб олди. 

Бугун, шунингдек, “Барса”га қарши Артур ва Туринга қайтган Пьяничнинг ўйинига ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин. 

Итальянларда йўқотишлар салмоғи юқори. Шу жиҳатдан, “Барселона”га кичик устунликни беришимиз мумкин. Аммо ҳар қандай ҳолдатда ҳам ўз уйида ҳаракат қилаётган “Ювентус”нинг меҳмонларга шунчаки ташаббусни бериб қўйиши имконсиз масала. 

 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

МЮ ва "Боруссия" иштирокидаги учрашувлар учун превью

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)