Россия ёшлар терма жамоаси Ўзбекистонга қарши ўйин ўтказади

Россия ёшлар терма жамоаси Туркиянинг Анталия шаҳридаги йиғини доирасида Ўзбекистон ва Иордания жамоаларига қарши иккита ўртоқлик учрашуви ўтказади. Бу ҳақда Россия футбол иттифоқи (РФС) расмий сайти хабар берди.

Ўзбекистонга қарши ўйин 27 март куни, Иордания билан баҳс эса 30 март куни бўлиб ўтади. 

Россия ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоалари охирги марта ўтган йил июнь ойида Фарғона шаҳрида учрашган. Ушбу ўйинларда Россия жамоаси 3:0 ва 6:3 ҳисобида ғалаба қозонган. Иорданияга қарши бўлажак баҳс эса ушбу жамоалар ўртасидаги илк учрашув бўлади. Россия ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Иван Шабаровнинг айтишича:

"Ўзбекистон билан ўтган йили икки марта ўйнадик, учрашувлар кескин ва серҳисоб бўлган эди. Бу сафар рақиб деярли ўша таркиб билан келади, бизда эса жамоа анча янгиланган. Иордания эса тажрибали U-23 жамоаси билан келади. Улар январь ойида Осиё кубогида чорак финалгача етиб бориб, Японияга пенальтилар сериясида мағлуб бўлган."

Россия ёшлар терма жамоаси 24 март куни Туркияга етиб боради. Йиғинга жами 23 нафар футболчи жалб қилинган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!