Самвел Бабаян: "Навбаҳор" - бу бренд! Совринларни қўлга киритиш фурсати етди"
“Навбаҳор” Суперлиганинг 25-турида “Андижон” майдонида ғалаба қозониб, мухлисларини хурсанд қилди.
Эндиликда наманганликлар мавсумни 5-ўринда якунлаш ҳақида ўйламоқда. “Андижон”га қарши кечган ўйиндан кейин “Навбаҳор” клубининг маслаҳатчи мураббийи Самвел Бабаян Sports.uz сайтига интервью берди.
- Самвел Вячеславович, “Навбаҳор”нинг ғалабаси билан табриклайман. Ўйин иккала жамоа учун муҳим эди. Айниқса, “Андижон”га уч очко сув ва ҳаводек зарур эди. Негаки, улар Суперлигада қолиш учун курашаётганди. Аммо дербида “Навбаҳор”нинг қўли баланд келди. Ўйиндан олган таассуротларингиз қандай?
- Шуниси яхши-да, “Андижон” ва “Навбаҳор” қарама-қаршилиги ҳамма вақт қизиқарли кечган. Футбол учун бундай беллашувлар жуда ажойиб. Баъзилар “Навбаҳор” ўйнамайди, футболчилар руҳланиб тўп сурмайди ва ютқазиб беради, деган хаёлда юришганди. Аммо биз профессионаллармиз. Қолаверса, биринчи даврадаги мағлубият учун йигитларда эски қарзни қайтариш мақсади юқори эди. Энг асосийси, биз мухлислар учун тўп сурамиз. Бу ўйинда ғалаба биз учун жуда муҳим эди. Айниқса, ҳолати талабга жавоб бермай қолган бундай майдонда ўйнаш футболчиларга муаммо туғдириш билан бирга икки ҳисса куч сарфлашни тақозо этади. Шундай вазиятларда эса характер биринчи планга чиқади. Бугунги жараёнда иштирок этган ва рақиб устидан ўйиннинг деярли барча жиҳатлари борасида устун келган футболчиларимизни табриклайман.
Менинг фикримча, элитада қолиш учун курашаётган клубларнинг имкониятлари бир-бирлариникига жуда яқин эди. Шу боисдан ҳам чемпионат якуни ҳалол курашларга бой тарзда ўтишини истаб қоламан. Бугун кучли жамоа устун келди. Охирги тур беллашувларининг ўзгача руҳда кечишига шубҳа қилмайман. Қайсидир клубни хафа қилиб қўйишни истамайман. Гарчи бу жамоалар охирги ўринларда бораётган бўлишса-да, Суперлигада ўйнашга муносиб. Жумладан, “Андижон”. Чунки бу ўз тарихига эга бўлган клубдир.
- Сўнгги пайтларда Суперлигада келаси йили клублар сони оширилиши мумкин, деган гаплар юрибди. Шахсан сиз чемпионатда жамоалар кўпайтирилиши тарафдоримисиз ёки...
- Менинг бу масаладаги фикрим ўзгармаган. Бизда катта мамлакат бор. Шу сабабдан ҳам футбол элитасида шунга мос равишда кўпроқ клублар ўйнаши керак. Инфратузилма ҳам шунга жавоб беради. Чемпионатда 16 клубнинг иштирок этиши давлатимиз учун мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки бундай футбол мухлислар учун катта ажиотажга айланади. Ўзингиз қаранг, “Динамо” билан “Нефтчи” элитага қайтди. “Андижон” учун бу аламли якунга айлангани ачинарли. Андижон - футбол шаҳри. Бекобод ҳам инфратизулмасини аъло даражада қилиб олган. “Турон” ҳам хусусий клуб бўлса-да, ўзидан яхши таассурот қолдира олди, аммо дебют мавсуми муваффақиятли чиқмади. Юқоридаги фикримни такрорлашимга тўғри келади: давлат томонидан ҳавола қилинган инфратузилма бизга чемпионатни бемалол 16 иштирокчи жамоа билан ўтказиш имкониятини бера олади. Боз устига бизда доим ёш иқтидор эгалари кўплаб етишиб чиққан. Улар ўсмирлар ва ёшлар учун мўлжалланган турнирлардаги иштироки орқали юқори лигада бемалол ўзларини кўрсатиш имкониятига эга бўлмоқликлари даркор. Менинг кенгайтирилиши мумкин бўлган чемпионат борасидаги фикрим равшан: иштирокчилар сонини ошириш айни муддао бўлади. Муҳими, раҳбарият буни қўллаб-қувватлайди. Шундай экан, Суперлига баҳсларини 16 та жамоа иштирокида ўтказиш учун фурсат етиб келди.
- Бу йил чемпионат савияси кўтарилганми ёки бунинг аксими? Кўпчилик “Пахтакор”нинг барвақт чемпион бўлгани чемпионатдаги интригани йўқолгани ҳақида гапиришмоқда...
- Агар ўзим ишлаётган клуб мисолида бу борада фикр билдирадиган бўлсам, башарти ишга чемпионат бошидан киришган тақдиримда “Навбаҳор”нинг мусобақа жадвалидаги ҳозирги мавқеи бошқачароқ бўлиши мумкин эди. Ҳеч бўлмаганда, клуб медаллардан бирига даъвогарлик қиларди. Тўғри, “Пахтакор” биринчи давранинг ўзидаёқ яқин таъқибчиларидан анча ўзиб кетганди. Аммо биринчилик шуни кўрсатдики, бизда чемпион йўлига тўсиқ бўла оладиган жамоалар бор. Менимча, кейинги мавсум ниҳоясига етаётган ушбу чемпионатга нисбатан бошқача руҳда ўтади. Нега деганда, биринчилик охиридаги курашлар “Пахтакор”га бемалол рақобат ҳосил қила олиши мумкин бўлган клублар борлигини кўрсатиб берди. Бу гапим билан ниҳоясига етиб қолган жорий мавсум у қадар қизиқарли ўтмади, демоқчи эмасман. Ўзингиз кўриб турганингиздек, чемпионат охирига келиб интрига авжига чиқди. Мусобақа жадвалининг юқори қисмида ОЧЛ йўлланмаларидан бири учун кураш кечаётган бўлса, қуйи қисмида эса кучлилар сафида қолиш учун кураш кечди. Менимча, мавсум яхши руҳда ўтди. Чемпионатнинг қайсидир босқичида “Пахтакор” илгарилаб кетган бўлиши мумкин, лекин кейинги мавсумларда шундай ҳолат такрорланади, деб ўйламайман.
- Келаси йили “Навбаҳор” қандай кўринишда бўлади? Билишимча, сиз ҳозирданоқ режалар тузиб қўйгансиз...
- Шу кунларда вилоят ҳокими Шавкат Шакиржанович Абдураззоқов билан учрашаман. Вилоят раҳбарининг ўзи ҳам “Навбаҳор”нинг худди энг яхши даврларидаги каби юқори мақсадлар сари курашишини истаётганини маълум қилди. Шунинг учун ҳам келгуси йил биз ва элитага қайтаётган клублар билан ҳаммалари чемпионатда яхшироқ натижага эришиш истагида эканлигини намоён қилишади. “Навбаҳор” – бу бренд. Шунинг учун ҳам ишқибозлар унинг олдинги мавқеига қайтишини сабрсизлик билан кутишяпти. Совринларни қўлга киритиш, ОЧЛга йўл олиш ва рақибларда ҳадик уйғотиш фурсати етди, чамамда...Ҳоким билан учрашувдан сўнг “Навбаҳор”нинг келгуси йил учун мақсадлари белгилаб олинади.
Фикрлар