Секейра Суперлигадаги илк ғалабасидан кейин нима деди?
Суперлиганинг 5-турида “Сурхон”га қарши ўйинда қўлга киритилган ғалабадан кейин “Локомотив” бош мураббийи Микаэль Секерей ўз фикрларини билдирди.
- Биринчи бўлимда ўйин зўр бўлди. Бўлим давомида футболчилар ўз вазифаларини яхши бажаришди. Дастлабки таймда икки ёки учта гол уришимиз ҳам мумкин эди.
Ушбу мавсумда ҳали ғалабага эришмаганимиз учун футболчилар иккинчи бўлимда бироз асабийлашишни бошлади. Ўз навбатида, “Сурхон” жамоасида ҳам яхши вазиятлар бўлганини айтиб ўтиш керак.
Футболчиларимни табриклайман. Бугун “Локомотив”га келганимга уч ой бўлди. Илк кунданоқ, футболчилар жуда қаттиқ тер тўкишганди ва уларнинг меваси бугун кўрина бошлади.
“Сурхон” футболчилари ва мураббийларига ҳам раҳмат айтаман. Рақибда ҳам яхши имкониятлар юзага келди. Бу биз учун дарс бўлди ва буни кўриб чиқамиз.
Шунингдек, “Сурхон” мухлисларига ҳам раҳмат айтаман. Улар ҳақиқий футбол муҳитини яратиб беришди. Барчага омад тилайман. Биз эса навбатдаги муҳим ўйинга тайёргарликни бошлаймиз.
"Локомотив" матбуот хизмати.
Фикрлар