Сервер Жепаров: "Бабаян билан муносабатларимиз МТЖдаги ўрнимга таъсир қилган"
"Дангал" лойиҳасида меҳмон бўлган Сервер Жепаров фаолиятига оид барча ҳақиқатларни ошкор қилди. Ҳозирда Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида бош мураббий сифатида фаолият олиб бораётган қаҳрамонмиз мухлисларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берди. Интервьюни томоша қилмаган мухлисларга эса Sports.uz унинг ёзма версиясини тақдим этади. Суҳбат деярли 45 дақиқа давом этгани боис, интервьюни 2 қисмга бўлиб эътиборингизга ҳавола этамиз.
8-рақам ва сальто
Мен гимнастика билан шуғулланишни бошлаган пайтимдаёқ, сальтони амалга оширардим. Дадам гимнастика бўйича спорт устаси бўлган. У мени 5 ёшимдаёқ гимнастика тўгарагига олиб борди. Машғулот ўтайдиган жойимиз уйимга жуда яқин эди. У ерда гимнастика ва футбол майдони ёнма-ён жойлашган. Ўша ерда сальто қилишни ўргандим. 4 йил шуғуллангач, 9 ёшимда футболга бўлган қизиқиш устун келди. Мен доим тўпни яхши кўрганман. Футбол билан биргаликда мусиқа мактабида ҳам таҳсил олишни бошладим. Онам фортепианода куй чалишимни жуда истар эди. Ўша пайт футбол, гимнастика ва мусиқадан бирини танлашимга тўғри келди. Дадам бирданига 2 та спорт билан шуғулланиш жисмонан мураккаб эканлиги боис, улардан бирини танлашим кераклигини айтди. Мен футболни танладим.
Ёшлигимда 7, 10 ва бошқа рақамларда тўп сурганман, лекин ҳеч қачон 8-рақамда ҳаракат қилмаганман. 8-рақам футбол билан профессионал шуғулланишни бошлаганимда, яъни "Пахтакор"га ўтганимдан сўнг меникига айланди. Фақат 8-рақам бўш эди. Айнан шу рақам ортидан омад ҳам келди, асосий таркибда майдонга тушишни бошладим. Шу тариқа, бутун умр бу рақам меникига айланди. Уни омад келтиргани учун яхши кўраман.
Сардорлик боғичига оид вазият
Агар ёдингизда бўлса, сардорлик боғичини топширган пайтимда Бабаян Самвел Вячеславович жамоа бошқарувини қўлга олган эди. Ўйлашимча, ўртамиздаги муносабатлар таъсир кўрсатган. У "Пахтакор"дан "Бунёдкор"га ўтганимга алоқадор шахслардан бири. Бу шунчаки, менинг тахминим. Шундан сўнг, Бабаян бош мураббий бўлгач, сардор алмашди. Нима учун бундай қилинганини Самвел Вячеславовичдан сўраш лозим. Ҳа, ранжидим. Бу ҳар қандай вазиятда хафа қилади, аммо доимо терма жамоани биринчи ўринга қўйдим. Шу боис, майдонда ким сардор эканлиги, боғич кимда эканлиги муҳим эмас. Асосийси, инсон қалбан сардор бўлиши керак. Жамоа унинг ортидан эргашиши керак. У ўз етакчилигини майдонда кўрсатиши шарт. Сардорлик боғичи ўнг ёки чап қўлида эканлигини муҳим эмас. Мен ҳар қандай вазиятда мамлакатимизга, терма жамоага наф келтиришни истадим. Айнан шуни муҳимроқ деб ҳисобладим. Ўзимни жамоавий ўйинчи деб ўйлаганим учун, бу мен учун муҳим эмас.
ЖЧ саралашларидаги омадсизликлар
Футболда омад, руҳий тайёргарлик сингари факторлар мавжуд. Ўйлашимча, ўша пайтда бўйимиздан баланд сакрай олмадик. Биз барчасини 0 дан бошлаганимиз учун эплай олмадик. Агар Корея ёки Япония сингари система бўлганидами?! Клоппнинг Германия жаҳон чемпионлигини қўлга киритганда берган интервюси ёдингиздами? У "биз бу жаҳон чемпионлиги учун 10 йил ишладик", - деб айтди. 10 йил улар бунинг учун тайёрланишган. Улар болалар футболини ҳам қамраб олган ҳолда, меҳнат қилишган. Агар биз чемпионликни қўлга киритганимизда, бу фантастика сингари қабул қилинган бўлар эди.
Ўзбекистон чемпионатининг савияси ҳақида
Қаранг, агар ривожланиш ҳақида гап кетса, бизда ўсиш доим бўлган, аммо у стабил бўлмаган. Агар сиз мени карьерамга қарасангиз, "Пахтакор"да ўйнаган чоғларим "Нефтчи" ва "Насаф" асосий рақибларимиз эди. "Бунёдкор"да тўп сурган пайтим "Бунёдкор" "Пахтакор"дан бошқа кучли рақибимизни кўрсата олмайман. Фақат иккита жамоа. Агар ривожланиш ҳақида гапирсак, "Бунёдкор" ва "Пахтакор" сингари клубларнинг сони йилдан-йилга ортиб бориши керак. Кучли чемпионат бўлса, қизиқиш ҳам ортади. Корея чемпионатида барча жамоа кучли. Унда тизим йўлга қўйилган. Ҳар бир учрашувга алоҳида тайёргарлик кўриш шарт. Турнир жадвалида сўнгги поғонада бораётган рақибга қарши ўйнайсиз, аммо уларда барча нарса бор. Машғулот ўтказиш тизими, тиббиёт, витаминизация ва барча нарса бизники билан бир ҳил. Яхши савиядаги хорижлик мутахассис ва легионерлар. Шу боис, биз ҳар ўйинда қийинчиликка учраганмиз. Ўйин олдидан ғалаба қозонишимизни айтиш мушкул эди. 100, ҳатто 120 фоиз тайёргарлик кўришга мажбур бўлар эдик. Саудия Арабистонига келадиган бўлсак, ички биринчилик бироз кучсизроқ. Тўғри, жуда яхши даражадаги 7 жамоа бор, қолгани ўртача. Шунчаки ўтиб кетадиган ўйинлар бўлган. Эронда 5 та кучли жамоа бор, аммо қолгани анча кучсизроқ. Агар бизнинг чемпионатимизда ҳар йили янги кучли жамоа ва барқарорлик бўлса, ички чемпионат ўсади. Ҳозирча, 2-3 йил прогресс ва ортидан келадиган регресс келмоқда
Тизим, тизим, тизим
Агар жаҳон чемпионатига чиқиш борасидаги тарихга назар ташласак, Мираброр Усмоновни эътироф этиш лозим. Унинг муваффақиятли бошқаруви остида 8 йил давомида катта ҳажмдаги иш олиб борилди. Икки маротаба мундиалга йўл олишимиз мумкин эди. Гуруҳ босқичидан тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритишимиз мумкин эди. Менинг терма жамоамдаги карьерамдан олиб қарасак, бунақаси ҳеч қачон бўлмаган. Биз доимо гуруҳда 3-ўрин билан кейинги босқичга ўтганмиз, баъзида умуман ҳал қилувчи босқичда, квартетда қолиб кетганмиз. Мен нима учун буни айтяпман? Доимо тизим асосида катта ҳажмдаги иш олиб бориш керак. Бунинг ичига болалар футболидаги таълим, академиялар 10 балли системада 10 баллга лойиқ ишлаши лозим. Тизим бўлиши шарт. У футболни кўтаришга максимум ҳаракат қилди. Тўғри, қаердадир нимадир етмай қолди. Айтганимдек, немислар 10 йил ҳаракат қилишди. Демак, қаердадир хато кетган. Анализ қилиш ва кучсиз томонларимиз устида ишлаб уни асосий қуролимизга айлантиришимиз шарт. Имконият ҳақида гап кетар экан, Жанубий Корея билан ўйинни ёдга оламиз. Бир-у ноль ютганимизда ҳам мақсадимизга етган бўлар эдик. Бунга қадар Кореяга қандай учиб борганмиз, қандай тайёргарлик кўрганмиз? Қаердадир хатога йўл қўйгандирмиз. Балки майдондан ташқарида ниманидир ўтказиб юборгандирмиз?! Ўша учрашувдан сўнг футболни йиғиштириб ташлаш ҳақида ўйлаб қолдим. Бу менинг орзум эди. Шунча йил мундиалда тўп суриш учун меҳнат қилдим, натижаларга эришдим. Жаҳон чемпионатида байроғимизни баланд кўтариб "Ўзбекистонданман", - деб фахрланишни истаганман.
МТЖнинг руҳий ҳолати
Шахсий фикрим, ўйинга тайёргарлик масаласида муаммо бор. Психологик ҳолат устида болалик пайтиданоқ футболчилар билан ишлаш керак. Ёш бола, футболчи, мураббий ўйиндан олдин нимани ҳис этишини билиб, унга қарши курашиш керак. Буни барчасини ўрганиш ва уни футболимизга сингдириш керак. Тайёргарлик ҳақида гап кетар экан, мен хорижда ўйнаганман. Ўзимга ишончим баланд. Жанубий Кореяда ҳал қилувчи ўйинларда жуда кўп бор майдонга тушганман. Бунақанги муҳим баҳслар фаолиятимда 10 та бўлган. Маҳаллий чемпионатда тўп сурадиган футболчилар эса, бундай босимни атиги 2 бор ҳис қилишган. У ҳам кубок финалида ёки чемпионлик учун кураш бўлса, содир бўлиши мумкин.
Фикрлар