Шерзод Ҳусанов Сауль Альвареснинг мажбурий даъвогарига қарши рингга кўтарилади. Рақиб рейтинг етакчиси

Профессионал боксда бир муддат фаолият олиб бориб, катта танаффусдан сўнг яна рингга қайтган Шерзод Ҳусанов (22-2-1, 10KO) ўзининг навбатдаги жангини Британияда жиддий рақибга қарши ўтказади. 10 июль куни "Queensberry" промоутерлик компанияси томонидан Лондонда профессионал бокс оқшоми ташкил этилади. Шу куни Ҳусанов WBO International камари ҳосиби британиялик Зак Паркерга қарши рингга кўтарилади.

Паркер шу вақтга қадар 20 та жанг ўтказган ва ҳали бирон марта мағлубиятга учрамаган. Жангларидан 14 тасини муддатидан олдин якунига етказган. У ҳозирда WBO рейтингида биринчи ўринни эгаллаб, мазкур йўналишда Сауль Альваресга тегишли бўлган жаҳон чемпионлик камарига мажбурий даъвогар ҳисобланган. Шунингдек, Паркер IBF рейтингида 13, WBC рейтингида 14-поғонани банд этган.

41 ёшли Шерзод Ҳусанов ўз вақтида ҳаваскор бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг етакчи боксчиларидан бўлган. У жаҳон чемпионатларида кумуш ва бронза медалга эга чиққан, бу натижасини қитъа чемпионатида ҳам такрорлай олган. Осиё ўйинлари совриндори, Олимпия ўйинлари иштирокчиси бўлган.

2007 йилдан профессионал боксга ўтган фарғоналик чарм қўлқоп устаси узоқ йиллар давомида мағлубиятсиз сериясини давом эттириб келди. Шерзод 2014 йилгача 18 та ғалаба ва битта дуранг билан бокс тушишни тўхтатди. Орадан уч йил ўтиб, яна қўлқопни қўлга олиб, кетма-кет учта жангда зафар қучди.

Ҳусанов фаолияти давомида россиялик Кирил Самодуров, Максим Чемезов, Тимур Нергадзе, Александр Валиахметов ва эстониялик Павел Семёнов каби мағлубиятга учрамаган боксчиларни биринчи бўлиб енга олган.

2018 йили боксчимизнинг мағлубиятсиз серияси тугади. Польшада мезбонларнинг енгилмас боксчиси Дамиан Жонакка қарши ўтказилган учрашув Шерзод Ҳусановга қимматга тушди. Ҳакамлар тенг курашлар остида ўтган беллашувда очколар ҳисобидаги ғалабани мезбон боксчига бериб юборди. Жонак фаолиятидаги 41-муваффақиятини тантана қилган бўлса, Шерзод биринчи бор рингни боши эгик олда тарк этди. Шундан сўнг, икки йил дам олган ўзбек боксчиси яна рингга қайтди. Роберт Пажечевски билан бўлган жангда Шерзод Ҳусанов иккинчи раундда битта супер зарба билан рақибини рингга қулатди.

8 апрель куни Чеченистоннинг Грозний шаҳрида мезбонлар вакили Асламбек Идиговга (20-0-0, 7 КО) қарши рингга чиқди ва очколар ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)