Шоҳжаҳон Эргашев: Менинг заиф томонларим йўқ!

 

Ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси, нокаутчи Шоҳжаҳон Эргашев 11 ноябрь куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги Nassau Coliseum спорт мажмуасида ўзининш навбатдаги жангини ўтказади.

Профессионал рингда 10 та жангнинг барчасида нокаут билан ғалаба қозонган Шоҳжаҳон Эргашев америкалик журналистларни ўзига жалб қилишда давом эмтоқда.  Бир неча кун аввал ўзбекистонлик боксчининг Boxing Talk нашрига интервью эълон қилинганди. Бу сафар The Ring нашри мухбири ҳамюртимиз билан суҳбат уюштирди.

Дастлаб, The Ring мухбири Шоҳжаҳоннинг боксга кириб келиш тарихи ҳақида сўради.

“Бокс билан 10 ёшимдан шуғулланишни бошладим. Профессионал рингга чиққунга қадар 250 та жанг ўтказиб, қарийб барчасини нокаут билан ютганман. Ўзбекистон бокс термаси сафида 6 йил давомида жанглар қилдим”.

Мухбир нима учун Шоҳжаҳон айнан боксни танлаганини ва оиласини Ўзбекистонда ташлаб, АҚШга келгани ҳақида сўради.

“Отамнинг спортга бўлган муҳаббати туфайли бокс залига бориб қолдим. Мен ўз вазн тоифамда (енгил ярим-ўрта вазн) энг яхши боксчиман. Жаҳон бокси маркази бўлмиш АҚШга эса айнан шуни исботлаш учун келганман. 11 ноябрь кунги жанг енгил ярим-ўрта вазн тоифасида янги даврни бошлаб беради”.  

Ўзбекистонлик боксчининг суҳбатдоши Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги асосий маданият фарқлари ва Америкада унга нима ёққани ҳақида сўради.

“Бу ерда машғулотлар ўтказиш менга ёқяпти. Мураббийлар шунчаки ажойиб. Детройт шаҳридаги Knork Gym залидаги спарринг рақиблар зўр ва муҳит бу ерда ўзгача. Умуман олганда АҚШ менга ёқди”.

Шоҳжаҳон Эргашев Ўзбекистондаги мураббий ҳамда АҚШда унга ёрдам бераётган мутахассислар ҳақида сўзлаб берди.

“Ўзбекистонда мураббийим Рустам Мажидов, бу ерда эса Жаван “Sugar” Хилл ва Рик Филлипс. Улар менга кўплаб янги нарсаларни ўргатишмоқда. Менинг промоутерим Дмитрий – Salita Promotions команияси вакили ва у ўз ишини ажойиб тарзда уддаламоқда. У барча ваъдалари устидан чиқди, АҚШга таклиф қилиб, фаолиятимда юксалиш бўлиши учун кўмак бермоқда. Мен энг кучлилар ва жаҳон чемпионлари билан жанг қилишни истайман”.

The Ring мухбири Шоҳжаҳоннинг кучли ва заиф томонлари ҳақида сўради.

Менинг кучли томоним – панчерлигим. Мен кўп машғулотлар ўтказиб, ғалаба қозониш учун барча зарур нарсаларни амалга ошираман. Менинг заиф томонларим йўқ!”.