Шомуродов билан бирга зўр тўпурар ўйнайди!

“Специя” А Сериянинг навбатдаги турига жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Лигурияликлар 21-турдан кейин йигирматадан кам очкога эга бўлган тўрт жамоадан бири ҳисобланади.

Элдор Шомуродов бориб қўшилган жамоа вакилларига хотиржамлик бегона. “Специя” қуйи лигага тушиб кетадиган учта ўрин чегарасида жойлашган. 18-қаторда турган “Верона” билан орадаги фарқ атиги тўрт очкони ташкил қилмоқда.

gettyimages-1246814220-1024x1024

Ҳозиргача рақиблар дарвозасини 17 маротаба ишғол қилган “Специя” лигада энг кам гол урган учта жамоадан бири бўлиб турибди.

Лука Готти ва унинг шогирдлари олдидаги ягона вазифа – юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолишдан иборат.

Элдор Шомуродовнинг  янги жамоадаги дебюти мағлубиятдан бошланганига гувоҳ бўлдик. Чемпионликка яқинлашиб бораётган “Наполи” таркиб жиҳатидан ўзидан анча заиф бўлган Лигурия клубини янчиб ташлади.

“Специя” айни пайтда бор эътиборини 11 февраль куни навбатдаги турда “Эмполи” майдонида бўладиган баҳсга қаратган. Бўлажак рақиб, ҳақиқий ўртамиёналардан. Улар Еврокубокларга йўлланма берадиган ўринларга даъвогарлик қилолмайди. Шунингдек, хавфли ҳудуддан етарлича узоқда.

“Специя” клуби фаолиятини ёритиб бораётган https://www.cittadellaspezia.com сайт журналисти Андреа Бонатти жамоа мухлисларига яхши янгиликни етказди.

Жамоанинг асосий тўпурари Мбали Нзола болдиридаги жароҳатдан қутилган ва бўлажак беллашувда қатнашишга тайёрланяпти.

“Эмполи” ва “Специя” тўқнашуви мухлисларга  илк бор Шомуродов ва Нзола тандемини кузатиш имкониятини беради. Лука Готти “Наполи”дан учралган мағлубиятдан кейин бўлажак беллашувга алоҳида аҳамият бермоқда.

Бу икки ҳужумчидан ташқари, дисквалификация муддати якунланган Эммануэль Гьяси олдида ҳам ҳеч қандай тўсиқ қолмади. Раймондс Кроллис ва бошқа ҳужумчилар ҳам сафда. Ниҳоят, ҳужум чизиғи тўлиқ ўйинга тайёр ҳолатда, - деб ёзмоқда Андреа Бонатти.

Манбанинг таъкидлашича, Лука Готти вазиятни ижобий томонга ўзгаришида ҳужумчиларга, айниқса, Элдор Шомуродов ва Мбала Нзола тандемига жуда қаттиқ суянмоқда. Анголалик ҳужумчи жорий мавсумда А Серияда 18 та учрашувда рақиблар дарвозасини 9 маротаба ишғол қилди ва тўпурарлар баҳсида кучли тўртликда боряпти.

Шунингдек, 26 ёшли моҳир ҳужумчи Италия кубогида ҳам икки маротаба майдонга тушиб, ўз ҳисобига бир жуфт гол ва ассист ёздириб қўйган.

nzola

Элдор Шомуродовга мотивация керак эмас. Легионеримиз Италия чемпионатидаги дебют мавсумида “Женоа” сафида тўпурарлик қобилиятини намойиш қилган. “Рома”да ўйин амалиётисиз қолиб кетган ҳужумчимиз, уни кузатиб бораётган Жозе Моуриньо ва бошқаларга нималарга қодир эканини яна бир бор исботлаб қўйиши талаб этилади.

Демак, 11 февраль куни “Эмполи” ва “Специя” учрашувида Элдор Шомуродов ва Мбала Нзола ўйинини кузатишимиз мумкин. Беллашув Тошкент вақти билан 19:00 да бошланади.

Шомуродов буни ҳазил, деб ўйлади!

Агент: Шомуродовга Италия, Испания, Германия ва Англиядан таклифлар бор, лекин...

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!