Шомуродов энди “Барселона” тўпурари билан рақобатлашишига тўғри келади!
Жозе Моуриньо “Рома”ни супержамоалар қаторига қўшиш бўйича олдига қўйилган вазифани уддалаш учун қатор янги ўйинчиларни олишни режалаштирмоқда. Клуб раҳбарияти ҳам ўз мақсади йўлида португалиялик мутахассис танлаган ўйинчиларни олиб беришда давом этади.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Жозе Моуриньо “Барселона”даги ўзгаришлардан унумли фойдаланиб қолмоқчи. Каталония жамоасини қабул қилиб олган Хави Эрнандес аввалги мураббий Рональд Куман олиб келган нидерландиялик ўйинчиларнинг кетишини истаяпти. Хусусан, “Лион”дан олиб келинган Мемфис Депай ҳам “Барселона”да тўпурарлик маҳоратини намойиш қилаётганига қарамай, Каталониядан кетадиган бўлди. Ўйинчининг ўзи ҳам Кумандан кейин бу жамоада узоқ муддат қололмаслигини тушуниб турганини маълум қилди.
Хуллас, “Барселона” январда Депайни сотиб юбормоқчи. Аслида унинг шартномаси 2023 йилнинг ёзигача тузилган. “Рома” устози клуб хўжайинларидан 27 ёшли ҳужумчининг трансферини талаб қилмоқда. Римликлар Депай учун каталонияликларга 40 миллион евро тўлашга тайёр.
Депай “Манчестер Юнайтед”да ўйнаган пайтда унга айнан Жозе Моуриньо устозлик қилган. Бу омил ҳам Мемфиснинг танловига таъсир ўтказади ва Римга келишга кўндиришда кучли восита ҳисобланади.
Жорий мавсумда Ла Лигада 14 та учрашувда рақиблар дарвозасига саккизта тўр киритган Депай “Барса” тўпурарига айланди. Агар у “Рома”га келадиган бўлса, Рим клубидаги легионеримиз Элдор Шомуродовнинг асосий таркибга кириши янада қийинлашади. Чунки, Жозе Моуриньо ҳужум чизиғида асосан Тэмми Абрахам ва Стефан Эл-Шааравига ишонч билдирмоқда. Португалиялик мутахассис куни кеча “Торино”га қарши баҳсда Элдорни умуман майдонга туширмагани ҳам шундан далолат беради.
Табиийки, “Рома” Мемфис Депай учун ҳам 40 миллион евро харажат қиладиган бўлса, нидерландиялик ҳужумчига ҳам бошланғич таркибдан жой кафолатланади.
Пеллегрини тиббий кўрикдан ўтди, натижа яхши эмас
“Рома” сардори Лоренцо Пеллегрини “Торино”га қарши ўтказилган учрашувда жароҳат олган эди. Беллашувдан кейин тиббиёт ходимлари футболчини чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказди.
Манбаларнинг хабар беришича, римликларнинг универсал ўйинчиси ўнг оёқ сон қисмидан жиддий шикастланган. Унинг бир неча ҳафтага сафдан чиққани аниқ. Ҳозирча, мутахассислар Пеллегринининг даволаниш муддати ва қачон майдонга қайтишини ҳисоблаб чиқишга ҳаракат қилмоқда.
Бундан олдин Лоренцо Пеллегрини чап тиззасидаги оғриқлардан шикоят қилиб, бир неча кун даволанишга мажбур бўлганди.
“Рома” етакчиси жорий мавсумда барча турнирларда 18 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 8 марта ишғол қилди ва жамоадошларига учта голли пас оширди.
Моуриньо нишонидаги футболчига Англия клуби эътибор қаратди
Жозе Моуриньо “Рома”га олинадиган футболчилар рўйхатига “Рейнжерс” футболчиси Янис Хаджини ҳам киритган эди.
Todofichajes.сom сайтининг хабар беришича, бу футболчи Римга кетиб қолмасидан уни “Астон Вилла”га янги тайинланган Стивен Жеррард Англияга олиб ўтмоқчи. 21 ёшли футболчи учун курашда виллаликларнинг имконияти юқори ҳисобланади. Чунки Жеррард “Астон Вилла”дан олдин “Рейнжерс”ни муваффақиятли бошқарган ва Хаджи унинг қўл остида ўйнаган.
Шотландия клуби руминиялик плеймейкер учун 20 миллион евро миқдорида бадал пули талаб қиляпти.
“Рома”га бақувват ҳимоячи керак
Моуриньонинг режасидан ҳимоя чизиғини кучайтирадиган футболчи харид қилиш масаласи ҳам ўрин олган.
Римлик скаутлар Нидерландия чемпионатида “Фейеноорд” шарафини ҳимоя қилаётган Маркос Сенесининг ўйинларини кузатиб бормоқда. 24 ёшли аргентиналик ҳимоячи жисмонан бақувватлиги билан Моуриньо эътиборини тортди.
Маркосга анчадан бери “Интер”, “Милан” ва “Наполи” каби гранд клублар ҳам қизиқиш билдириб келмоқда.
“Фейеноорд” марказий ҳимоячи билан 2023 йилнинг ёзигача давом этадиган шартномага эга. Бироқ, улар яхши таклиф бўлса, Маркосни қўйиб юборишга қарши эмас.
Фикрлар